Сирдарё туманидаги “Адолат” маҳалласида 12 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган, эҳтиёжманд ва ёлғиз оналар мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрамини янги уйда қарши олишди.

Шу муносабат билан уюштирилган тантанада,  Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар барча соҳаларда ўзининг ёрқин самарасини бераётгани, мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида Сирдарё туманининг “Адолат” маҳалласида “Сайхун муҳандислик” ҳамда “Зукко Ҳамкор Ишонч” масъулияти чекланган жамиятлар қурувчилари томонидан қисқа фурсат давомида 2 та 2 қаватли уй янгидан барпо этилди. Бу уйларни қуришда вилоятда ишлаб чиқарилган замонавий экспорт ўрнини босувчи маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

– Ушбу уйлар ҳар бирининг лойиҳа қиймати 933 миллион сўмдан бўлиб, жами 12 оилага мўлжалланган, 6 та 2 ва 6 та 3 хонадан иборат, – дейди туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Худойберди Нажмуллаев. – Хонадонларнинг ҳар бири энг замонавий индувидуал иситиш тизими, табиий газ, электр энергияси, тоза ичимлик суви ва бошқа барча зарур комуникация хизмати кўрсатиш тармоқларига тўлиқ уланган.

2 хонали уйнинг умумий нархи 139 миллион, 3 хонали уйнинг умумий нархи эса 172 миллион сўм бўлиб, бошланғич 25 фоиз бадали давлат томонидан тўланди. Қолган суммага йиллик 7 % тўлов билан 20 йил муддатга Халқ банки кредити расмийлаштирилди. Яна бир эътиборли томони 5 йилгача фақат кредит фоизи тўланади, 5 йилдан кейин эса банк томонидан берилган график асосида кредит ва фоиз тўлаб борилади.

12 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган, эҳтиёжманд ва ёлғиз оналарга янги уйнинг калитлари ҳамда хонадонлар нархининг бошланғич 25 фоиз бадали тўлангани тўғрисидаги сертификатлар қўшиб топширилди.

– Бугун менинг оилам учун қўшалоқ байрам, – дейди 2-гуруҳ ногирони, ёлғиз она Венера Ананина. – Жонажон Ўзбекистонимизнинг 27 йиллик байрамига қўшиб уй тўйи ҳам қилаяпмиз. Ҳар жойда, ҳеч қандай қулайликлари бўлмаган квартираларда ижарага яшаб юрардим. Ниҳоят энди ўз уйим бор. Бу 2 хонали уйда яратилган шароитларни тасаввур ҳам қилолмаганман. Газ, электр, тоза ичимлик сув, индивидуал иситиш тизими мавжуд. Иш билан таъминландим. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик компаниясининг буюртмаларини тикаяпман. Ховос темир йўл бекатида касаначи сифатида рўйхатга олиндим. Мана шундай меҳр-мурувватли мамлакатда туғилганим учун Худога минг бора шукур қиламан. Мендек, ногирон, ёлғиз оналарни бошини силаган, ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимизга минг раҳмат.

 

Жалол Ражаб.