Ойбекнинг болалик чоғларидан расм чизишга иштиёқи баланд эди. Шу қизиқишлари уни Гулистон санъат билим юртига етаклаб келди. 1991 -1995 йилларда шу билим юртида ўқиди, билим ва маҳоратини оширди. Ўқишни тугатиб, “Безакчи рассом” мутахассислигини олди.  У 1996 йилда кўзига бўёк кириб кетиб, кўзи хиралаша борди, бир неча бор даволанди ва 1997 йилда умуман кўрмай қолди. Қисқа давр ичида бир нечта ижодий расмлар чизишга улгурди. У касалликка таслим бўлмай ўз имкониятларидан келиб чиққан холда хайкалторошлик бўйича ижодини бошлади ва бир нечта асарлар яратишга мувофиқ бўлди. У бу асарларини гарчи кўзи кўрмаса-да, қалб кўзи билан санъат асарини яратди.

Ойбек Маматқулов ҳозирда 1-гуруҳ ногирони, Мирзаобод тумани Тошкент махалла фуқаролар йиғини Бахт кўчасида ота-онаси қарамоғида яшайди. Онаси Зуҳра Маматқулова ва турмуш ўртоғи Мавлудахон Ойбекнинг ҳар бир ишида ёнма-ён, ҳамда кўмакдош. Ойбекнинг икки нафар  қизи бор, катта кизи Вазира Давронова 5-мактабнинг 4-синфида ўқийди, кенжа қизи Дилнура 9-МТМда тарбияланади. Оиласи билан аҳил ва тотув яшаб, ижод қилиб келмоқда.

Кўзи очиқ бўлса-да қалби сўқир қанчадан қанча замондошларимиз бор, Ойбек эса ўзининг матонати билан, ҳаётга бўлган интилиши, одамларга бўлган меҳру муҳаббати билан ҳар қанча эътирофга лойиқ.

 

Зулфия Қорабоева,

Мирзаобод тумани Тошкент МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш ва оилада маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси