Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият деб эълон қилинган.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид 70 дан ортиқ халқаро шартномаларга қўшилган, уларга риоя этилиши масалалари бўйича эса БМТнинг тегишли қўмиталарига 30 дан ортиқ миллий ҳисоботларни тақдим қилган. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича, жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, прокуратура, адлия, ички ишлар органларини ўз ичига олган миллий институтларнинг уйғун тизими фаолият кўрсатмоқда.
Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш тизимини мустаҳкамлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чоралар тизимли асосда кўрилмоқда.
Шу билан бирга, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили, аҳоли билан очиқ мулоқот натижаларини умумлаштириш қонунчиликда жиноят ишларини тергов қилиш ва кўриб чиқиш жараёнида далилларни тўплаш, мустаҳкамлаш, текшириш ва баҳолашда қонунийлик ва холисликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқларнинг мавжудлигидан далолат бермоқда.
Ушбу ҳолатлар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиб, аҳолининг асосли эътирозига, унинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва суднинг холислигига ишончи пасайишига олиб келмоқда.
Шу муносабат билан, 2017 йил 30 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан асосий мақсади суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши, жиноят-процессуал ва жиноят-ижроия қонунчилигини янада такомиллаштириш, қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принципларнинг амалий рўёбга чиқарилишини таъминлашдан иборат бўлган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон қабул қилинган эди.

Аммо, нафақат аҳоли, балки, ҳуқуқ-тартибот органларининг баъзи ходимлари ҳам ушбу ҳужжатдан бехабарлиги Каттақўрғонлик аёлнинг шарманда қилиниши воқеаси орқали билиниб қолди.

Тўғриси, Каттақўрғонлик милиция ходими томонидан таҳқирланган аёл билан xabar.uz сайти мухбирларининг мулоқотини ўқигандан кейин ҳам, ички ишлар ходимини оқлаш учун ҳеч қанақа сабаб йўқлигини, шу билан бирга, аёлнинг “булар билан душманлик қилишдан ва болаларимга зиён етишидан қўрқаман” деган сўзларини такрор-такрор ўқиб, ларзага тушдим. Демак, биз ҳаммамиз ҳурмат қиладиган, баобрў ташкилотда жойларда тасодифан кириб қолган, ёт унсурлар бор экан. Онаси, опа-синглиси, турмуш ўртоғи, қолаверса, қизи ҳам аёллигини эсдан чиқариб қўювчи, бу дунёга келишига сабабчи ҳам Аёл эканини инкор этувчи шахслар бор экан. Юқоридаги воқеага Ижтимоий тармоқ орқали Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Камоловна Норбоеванинг муносабатини биз қўллаб-қуватлаймиз.

Шу йил 2 февралдаги Фармони билан Президентимиз Республика ҳамда ҳудудлардаги хотин-қизлар қўмиталарига жуда катта имкониятлар берди. Биз ушбу Фармондан келиб чиққан ҳолда, аёлларимиз, қизларимизнинг ижтимоий-ҳуқуқий муҳофазасини яна бир карра кўздан кечириб, аниқ чора-тадбирлар белгилаб олишимиз, жойларда тегишли ННТ ва ҳуқуқшунослар билан бирга аёллар ҳуқуқий саводхонлигини оширишимиз лозим. Бу борада тадбирбозликдан воз кечиб, ҳуқуқий соҳада муаммолари мавжуд аёл-қизлар аниқлаш, рўйхатларини тузиш ва уларни қисқа бепул курсларда ўқитиб, уларга Конституцияда белгилаб берилган, қонун ва қонуности ҳужжатларида акс этган ҳуқуқ ва эркинликлари, шу билан бирга, бурч ва масъулиятлари ҳақида билим  бериш устида иш олиб боряпмиз. Менимча, худди шу ишнинг изчил олиб борилиши биз кутган самараларни беради ва юқоридаги воқеа қайтарилмайди.

Аёл – бизгнинг жамиятимизда энг аввало муқаддас она Ватан тимсоли, шу боисдан аёлга хиёнат бу Ватанга хиёнат, демакдир. Чунки, инсон дунёга келар экан, биринчи сўзи “она”, мактаб партасида биринчи ўрганган сўзи “она  Ватан”дир.

 

Дилфуза Ўролова,

 Сирдарё вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси