Ўз ўғлини ҳеч бир яхшилик, эзгу ишларга

                                     ўргатмаган одам ўғри боқаётган бўлади.

                                                                                                           Г.Фуллер

   Ҳаётий тажрибалардан маълумки, оиладаги носоғлом муҳит, эр-хотин ўртасидаги келишмовчилик, ўзаро жанжаллар фарзандларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатади.  Бу эса вояга етмаган болалар ўртасида ҳуқуқбузарликлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Оилада ўзаро ҳурмат, аҳиллик, оила аъзоларининг  бир-бирига бўлган ҳурмат-эътибори  доимий синчков кузатувчи бўлган болаларнинг яхши тарбия топишини кафолатлайди.

Болаларга оилада ўз бурчларини бажаришлари одат тусига киргунча  чидам ва яхши муомала билан тушунтириб бориш яхши натижа беради ва бу ҳаракатлар келажакда ўз самарасини кўрсатади.

Болалар ўсиб катта бўлган сари уларнинг психологияси ва дунёқараши  ҳам ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб боради. Ҳаёт тажрибаси шуни кўрсатадики, ўсмир ёшдаги болаларни тарбиялаш катта масъулият ва ўзига хос эътиборни талаб этади. Шу ёшда фарзандлари бўлган ота-оналар болалари тарбиясига алоҳида аҳамият бермоқлари керак. Фарзандлари вақтини ким билан, қандай ўтказаётганликларини доимий назорат қилиб боришлари мақсадга мувофиқдир.

Баъзи ота-оналар фарзандларини вояга етгунга қадар ишлардан озод этиб, барча юмушларни ўзлари бажарадилар.Аммо бу ҳолат ўзлари ўйлагандек яхши натижа бермайди. Бўш вақти кўп бўлган бола ўзи учун овунчоқ излай бошлайди.  Бу эса унинг турли ёд ғояларга, ҳар хил беъмани ишларга аралашиб қолишига замин яратади.

Иш юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ вояга етмаганларга ижтимоий, ҳуқуқий  ёрдам кўрсатиш марказига борган эдим.  Бу ерда 5 нафар бола сақланаётган экан. Улар билан суҳбат асносида билдимки, бу болаларнинг оилалари намунали оилалардан эмас.  Баъзи болаларнинг ота-оналари бўла туриб, уларни қариндошларига ташлаб чет давлатга ишлашга кетишган, баъзиларининг отаси ёки онаси вафот этган ёки ажрашган бўлиб, бола иккинчи қаровчининг бепарволиги сабаб қаровсиз қолиб кетган. Бу болалар вояга етар экан, уларни олдинда қандай ҳаёт кутаётганлигини билмайсан, киши.

Шундан кўнглим таскин топадики, ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар давлат томонидан рўйҳатга олиниб, зарур чоралар кўрилади. Уларнинг ҳуқуқи қонун доирасида ҳимоя қилинади ва бола жамиятдан ажралиб қолмайди.

Баъзан бозор расталари оралаб чой сотаётган, турли чиқинди идишларни тўплаб махсус жойларда пуллаётган болаларга кўзимиз тушиб қолади. Бу болаларнинг нима сабабдан шунақа ишларни қилаётганлигини суриштириб кўрсангиз, аксари ота-оналарнинг назоратсиз қолдираётганлиги бўлса, баъзилари ота-оналари томонидан йўналтирилганлигига гувоҳ бўласиз. Бундай ҳар икки ҳолатда ҳам давлат томонидан болаларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинган ҳолда ота-оналарига жарима қўлланилади. Бу шуни кўрсатадики, ота-она фарзанди вояга етгунга қадар уни боқиб тарбиялашга мажбурдирлар.

Болаларни тарбиялашда ота-оналар ҳамиша тўғри йўл тутишга ҳаракат қилишлари зарур. Бунинг учун ота-она фарзандларига яхши хулқлари билан ўрнак бўла олишлари, фарзандлари ўзларининг айнан акслари эканликларини ҳеч қачон ёддан чиқармасликлари лозим.

 

Гавҳар  Султонова,

педагог