Ҳар куни интернет сайтларида   такрорланмас ва ўта даҳшатли жиноятлар, қотилликлар ҳақида  “янгисидан” беришмоқда. Хабарларнинг сарлавҳасиданоқ, бутун фожиа англашилади. Сизга жиноятлар реклама қилинаётганга ўхшамаяптими?   Бу хабарларни кетма — кет жойлашдан мақсад нима экан? Очиғи, одамларни ўйлаб, уларни огоҳлантириш ёки жиноят оқибатлари, жазо муқарралигини тушунтириш мақсади кўзланганига ишонмайман. Бу йўл билан оқибатга, тарбияга чақириб бўлмайди.  Қолаверса, аксар хабарлар ҳали жиноят сабаблари ўрганилмаган ва унга берилган жазо, пушаймонлик ҳолатлари ёритилмаган бўлади. Бу худдики, кўчадан эшитадиганимиз  “миш-миш” ҳолатида ёзилади. Ака — укалар қотиллиги, тоға — жиян, ота — ўғил, энг дахшатлиси,  она — бола ўртасидаги ёвузликлар асаб толаларимизни узиш билан ҳаётдаги гўзалликларни кўришга ҳам халақит қилмоқда. Айниқса, оила жам бўлиб телевизор кўриб ўтирганда ҳам  кетма — кет  рекламаси бериладиган газеталарнинг ҳар бирида    иккитадан “оригинал” қотилликлар ёзилгани, биринчилардан бўлиб ўқишга шошилишга ундашига нима дейиш мумкин?  Аҳвол шу зайлда давом этса,  бора — бора  кўриб юрганимиз, суйган одамларимиздан ҳадикка тушамиз. Сабаби даҳшатли воқеалар оқибатсиз қариндошлар, меҳрсиз қондошлар ўртасида  содир бўлаяпти.

Ёшлигимда бунақа жиноятлар узоқ ўлкаларда, Америкакўпроқ ғарбда содир бўлади, деб ўйлардим. “Бўлибди — бўлибди” деб эшитадиганимиз қотилликларни одамларнинг ваҳимаси ва миш — миши деб ишонардим. Кейинчалик, вилоятимизда нашри оммалашган “Адолат кўзгуси” газетасида бериб бориладиган суд ишларини  ўқишни бошлаганимда даҳшатга тушгандим. Шунда ҳам тўқимадир, ўзгартирилгандир деб ўзимни овутгандим. Жиноят саҳналари бор филмларни кўришга “дийдаси” қотмасин деб рухсат бермаган катталар, бугун бу хабарларнинг маънавиятга, руҳиятга салбий таъсирини унутишди, гўё.

“Маҳалламда жиноятчиликка йўл йўқ”, “Менинг маҳалламда жиноят бўлмаслиги керак” деб ҳамма ёққа “илиб” ётибмизу, камайтира олмаяпмиз. Сабаби  жамиятимизда кўнгиллар қотиб бормоқда. “Менинг кабилар кўп-ку!”, деб ўз ҳаракатларини оқлашмоқда. “Мумкин экан-ку” деган ҳимоя тушунчасини  ОАВлар  сингдириб қўймаяптимикин?

 

Озода МАМАДАЛИЕВА