Сирдарё вилояти туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари қошидаги қишлоқ оилавий поликлиникалари ҳамда қишлоқ врачлик пунктлари қошида 85 та ижтимоий дорихона иш бошлади.
-“Дори-дармон” акциядорлик компанияси тармоғидаги мазкур ижтимоий дорихоналар 750 номдаги арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминланди, -дейди Сирдарё вилояти “Дори-дармон” акциядорлик жамияти ташкилий-фармацевтика бўлими бошлиғи Тоҳир Ўрозов.

Сардоба туманидаги марказий шифохонаси қошида, қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поликлиникалари биносида ҳам шундай дорихоналар ишга тушганига яқин икки ой бўляпти.

— Ҳудудимизда  дорихоналар кўп, – дейди Сардоба туманидаги Халқобод маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси Раҳима Раҳмонова. – Уларда мавжуд дорилар бирмунча қиммат. Қарорда кўрсатилганидек, ижтимоий дорихоналарнинг ишга туширилиши аҳолига катта қулайлик яратди. Дорилар арзон бўлиши айниқса, кам таъминланган аҳоли қатлами учун қўл келмоқда.
Сардоба тумани марказий шифохонаси қошидаги 37-сонли ижтимоий дорихона ҳам рецепт орқали ҳамда рецептсиз бериладиган, оғир касалликлар билан оғриган беморлар учун таркибида наркотик ва психотроп моддалар бўлган дори-дармонлар билан таъминланган.

— “Дори-дармон” акциядорлик компанияси томонидан ташкил этилган мазкур дорихонада арзон ва сифатли дори-дармон воситалари савдоси йўлга қўйилди. Фармацевтика маҳсулотларининг кўп қисми маҳаллий корхоналарда доривор гиёҳлар асосида тайёрланган.
Дорихонада амбулатор шароитда даволаниш учун имтиёзга эга бўлган беморларга рецепт асосида дори воситалари бепул берилади, — дейди 37-сонли ижтимоий дорихона фармацевти Нодира Абдусатторова.

 

 

Зебо Ҳайдарова.