Республикамизнинг фармацевтика тармоғини ривожлантиришга йўналтирилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ушбу йўналишда хорижий ва маҳаллий инвестицияларни фаол жалб этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 майдаги ПФ-5032-сонли Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармонга кўра Сирдарё вилоятида “Сирдарё-фарм” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилган.

Вилоятда доривор ўсимликлар хомашёсини етиштиришнинг ноёб шароитларини инобатга олган ҳолда маҳаллий доривор воситалар бозорини ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори сифатли дори воситалари билан тўлдириш, янги иш ўринларини яратиш асосий мақсад сифатида ташкил этилган иқтисодий зонага 212,8 гектарга тенг ҳудуд ажратилган.

Эркин иқтисодий ҳудудда қиймати 160,9 млн. долларлик 12та лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 2018 йил давомида мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилиши ҳамда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳисобига четдан олиб келинаётган 10,5 млн. долларлик импорт маҳсулотлари қисқартирилишига эришиш кўзда тутилган.

Ташкил этилаётган эркин иқтисодий зонанинг фаолият муддати кейинчалик узайтириш имкони билан 30 йил этиб белгиланган, шунингдек, ушбу ҳудудда алоҳида солиқ, божхона ва валюта тартиблари амал қилиши қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган.

Шу жумладан, эркин иқтисодий зона иштирокчилари томонидан тегишли инвестициялар киритилганда, улар ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмалардан озод этилиши белгиланган.

Бугунги кунда, эркин иқтисодий зона ҳудудида ташкил этилган 5 та корхонага тегишли тижорат банклари томонидан 112,9 млрд. сўм ҳамда 10,3 млн. евро миқдорида кредит маблағлари ажратилган.

Сирдарё ЭИЗда ҳозирги кунга қадар “Темур мед фарм” МЧЖ ва “Река Мед фарм” қўшма корхонаси томонидан инфузион қоришмалар, “Baxtteks-farm” МЧЖ томонидан тиббиёт воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Янги ташкил этилган “PHARM PLAST HOLDING” МЧЖга 11,5 минг кв м. майдонли бўш бино-иншоотлар “нол” қийматда берилди. Ҳозирда бу корхонада бир марталик медицина идишлари тайёрланмоқда.

Булардан ташқари, ЭИЗга хорижий инвесторларни жалб этиш бўйича ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йил бошида Ҳиндистондан “Мотару” компанияси делегацияси ташриф буюриб, эркин иқтисодий    ҳудудда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш истагини билдирган.

Қолаверса, Корея Республикасининг “Далим фарматех” компанияси ҳамда “ШИНАмед” компанияси делегацияси билан ҳудудда инсулин шприц ва инсулин дори воситаларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилди. Айни кунларда эса Бангладеш давлатининг “Юнимед Юнихелс” компанияси вакиллари томонидан ҳудудда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш масаласида келишиб олинди.

Юқорида айтиб ўтилган лойиҳаларнинг тадбиқ этилиши натижасида Сирдарё вилояти иқтисодий салоҳияти янада ривожланиб, ҳудуд инфратузилмасининг янги соҳалар билан кенгайишига хизмат қилиши шубҳасиз.

 

 

Шуҳрат Йўлдошев,

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси

Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи.