Инсонни азиз ва мукаррам қилган Аллоҳ аввало, Одамни яратди.Унга илмни ўргатди.Унинг жуфтини яратди, оқибатда оила вужудга келди, зурёдларини кўпайтирди.Уни оилага раҳбар ва тарбиячи қилди. Муқаддас китоб ва ҳадисларда эркак зотининг бурч ва вазифалари, масъулияти, мавқеи, оила ва жамиятдаги ўрни жуда гўзал тарзда тавсифланган.Оилада эркакнинг- отанинг  бош бўлиши улкан шараф ва ўз навбатида буюк масъулият ҳамдир.Эркак моддий-маънавий, руҳий-тарбиявий, дунёвий- ухровий жиҳатдан  ўз хотини, бола-чақасини қўллаб-қувватлаши, тўйдириб, кийдириши, уй-жой билан таъминлаши, таълим-тарбияли, ахлоқли-одобли бўлиши учун масъулдир.

Оилада ўғил фарзанд туғилганда авлодлар давомчиси, оила қўрғони, юрт таянчи, Ватан ҳимоячиси дунёга келгани васф этилган, ўғил туққан аёлнинг ҳам ҳурмати ошган.Улғайиб уйлангач, жуфти ҳалоли унга итоатда, фарзандлари ҳурматда бўлган.Ота аталмиш қўрғони бор оила ҳаётнинг  ҳар қандай синовлари олдида тўзимаган, балки тобланган.Ота бош бўлган оилада ўсган йигит ор-номусли, шерюрак, уқувли, меҳрибон, шижоатли, қиз бола эса ҳаёли, муомалали, оила, чаққон, беғубор, самимий, тўғрисўз бўлиб тарбияланган.Пайғамбаримиз (с.а.в.) саҳобаларга қараб:”Аллоҳ наздида сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли аёлига яхшиларингиздир”, деганлари ривоят қилинади.Бундан кўриниб турибдики, оиласига садоқат, фарзанд тарбиясига масъулият билан қараган ота Аллоҳнинг суйган бандаси ҳисобланар экан.

Халқимизда “қуш уясида кўрганини қилади”, “Қайтар дунё”, деган ибратли иборалар мавжуд. Тўғрисўз, имон-эътиқодли ота тарбиясида вояга етган ўғил ҳам келажакда халқпарвар, оилапарвар, илмли, ахлоқли фарзандлар отаси бўлган. Ҳадисларда келтирилишича, инсон вафот этгач, орқасида қолган  солиҳ фарзандлари учун ҳам ажрга эришар экан. Ривоят қилинишича, узоқ бир йили қиш фаслида қалин қор ёғиб, томларни курамаса бўлмайдиган даражага келиб қолибди. Ҳамма ўз уйи томини курабди. Лекин шу ҳудуддаги бир уйнинг томи куралмай қолибди. Вояга етган ўғил фарзанди  бўла туриб, том ҳеч куралмас, қор қатлами қалинлашиб кетса ҳам ҳалиги ўғил парво қилмас экан. Ҳамма ҳайрон, қўшнилардан бири  йигитни дангасаликда, яна бири эркатойликда айблабди. Орадан 5-6 кун ўтгач, қўшнилар қарашса, ҳалиги йигит чаққонлик билан томдаги қорни кураётган экан. «Нима учун вақтида шу ишни қилмадинг”,- деб сўрашибди ундан. ”Ўша кунлари отам касал бўлиб, ётиб қолган эдилар, шунинг учун қиблагоҳим ётган уй томига чиқишни беодоблик деб билдим”, — деб жавоб берибди йигит. Уни дангаса ва эркатойликда айблаганлар хижолат бўлиб қолишибди. Лекин ҳозирги кунда бундай йигитлар камайиб кетгандек. ”Нима учун?” деган савол туғилади. Назаримизда, солиҳ фарзандни тарбиялайдиган отанинг ўзи тарбияга муҳтож. Ёки 2-3 нафар фарзандни туғдирган ота уларни едириб-ичиролмай, “ризқини излаб” ҳорижга чиқиб кетган, ҳанузгача аҳвол яхшиланай демайди, ёки аксинча она хорижда, фарзандлар бувиси ёки амма -холалар қўлида, ёки қандайдир бегона энага билан, ота билганини қилиб юрибди, хуллас, фарзанд тарбияси билан шуғилланишга ҳеч кимнинг вақти йўқ.

Гулистон шаҳри маҳаллаларида, шунингдек, марказимизда  ҳар ҳафтанинг чоршанба куни “Аҳил оила куни”, деб белгиланиб, нотинч ва муаммоли оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли холатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва миллий менталитетга зид бўлган турли ёт ҳавф-ҳатарларга қарши туриш юзасидан очиқ мулоқот ташкил этиш, оилалардаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш, намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибасини оммалаштириш куни сифатида ўтказилиши анъанага айланган. Навбатдаги чоршанба кунларининг бирида марказимизга кекса онахон қизлари билан кириб келдилар. Суҳбат жараёнида қизининг уч нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги, куёви ажрашмоқчи бўлаётгани, уйдан чиқариб юбормоқчи экани, буларнинг барчасига қайнона сабаб бўлаётгани айтилди. Улар билан суҳбатлашиб олгач, куёвни чақирдик. Куёв бола онасининг тез-тез муолажа олиб туришини, хотини унинг  хизматини қилмаётгани, яхшиямки, синглиси (бир фарзанди билан турмуши бузилиб қайтиб келган) ва уйлари яқинида 2 фарзандли опаси яшашлиги, улар онасига қараётганини, бундай тили заҳар  аёл билан яшамаслигини, ярашмаслигини  айтди. Улар кўп қаватли уйнинг 1-қаватида онаси билан ёнма-ён хоналарда яшар эканлар. Маълум бўлишича, йигит уй, машина олди-соттиси билан шуғилланади, аёл уй-рўзғор учун сомса пишириб сотади, бировларга банка ёпиб беради. Эр-хотин пул топишни яхши билишади, лекин уйида ҳотиржамлик йўқ, маънавий инқироз туфайли фарзандлар азиятда. Вазиятнинг жиддийлигини тушуниб, маҳалла сектори раиси- шаҳар прокурори, Хотин-қизлар қўмитаси ходимлари, психолог-мутахассис, Яраштириш комиссияси раиси ва аъзолари, отинойи, фаоллар иштирокида ушбу оила батафсил ўрганилиб, муҳокама қилинди, эр-хотинга панд-насиҳатлар, таклиф ва тавсиялар берилиб, муросага келтирилди ва 3 ой муддатга назоратга олинди. Яна бир оилада 4 нафар вояга етмаган фарзанд бўлиб, 3 қизнинг бўйи етиб, кўзга кўриниб қолган. Ота уйдан чиқиб кетган, мана энди қайтиб кира олмаяпди, хотини тўнини тескари кийиб олган. Йигитнинг ота-онаси, қизнинг отаси вазиятни чигаллаштириб, муаммони чуқурлаштириб юборишганини англаганлари ҳам йўқ. Яна бир оилада 2 ёшга ҳам тўлмаган фарзанди билан келин уйига кира олмаяпти. Қайнона келини аразлаб кетгани учун қайтиб келишига қаршилик қилаяпти. Йигит онасининг сўзини такрорлайди. Қайнота хотинининг чизиғидан чиқмайди. Ота вафот этган, ажрашиб кетган, ҳорижга  чиқиб кетган холатлардаги вазият тушунарли, лекин оилада эркак –ота, қайноталар бўла туриб, эркакнинг ўрни бўш туришини қандай тушуниш мумкин? Муаммоларнинг боши, низоларнинг, ажрашишларнинг сабаби, тирик етимларнинг кўпайиши ва оқибатда аламзада ватанфурушларнинг келиб чиқиши мана шу иллатдан эмасми? Фарзанд тарбиясида ота ролининг беқиёслигини бетарбия, маънавий қашшоқ, оилада эркакнинг ўрни бўлмаган муҳитда ўсган  йигит  қаердан ҳам билсин? 40 ёшдан ошган, 4-5 нафар фарзанднинг отаси бўлган “оилабошиларнинг” оилавий муаммоларини ҳал қилиш учун 60-70 ёшдаги бобо-бувиларнинг идорама-идора сарсон бўлиб юрганларини кўриб, уяласан киши. Қачонки, оилада эркак маънавиятли, имон-эътиқодли, ўз мавқеига эга бўлса, хотин ҳам, фарзандлар ҳам,  тартибли-тарбияли бўлади. Шу ўринда баъзи таклифларимизни билдирмоқчимиз:

1.Мактабгача таълим, мактаб таълими, олий таълим босқичларида ўғил болалар учун махсус маънавият соатлари ўтказилса.

2.Яраштириш комиссиялари томонидан бўлғуси ёш келин-куёвларнинг оилалари бир-бирларига тенг  ёки тенг эмаслиги тўйгача аниқланиб, зарур чора-тадбирлар кўрилса.

3.Никоҳ шартномалари тузиш ҳар бир никоҳланувчи учун шарт қилиниб, оиланинг моддий-маънавий томондан таъминланиши, ҳар бир етказилган моддий-маънавий зарар учун жавобгарлик белгиланса.

4.Вояга етмаган фарзанди бор бўлган оналарнинг ҳорижга ишлаш учун чиқиб кетиши таъқиқланса.

5.Эр-хотин ҳаётига аралашиб, оилавий келишмовчиликка сабабчи бўлаётганлар жавобгарликка тортилса.

6.Никоҳланувчиларнинг  тиббий кўрикдан ҳаққоний ўтишлари таъминланса, йигит ва қизнинг холати шу кўрикнинг ўзидаёқ аниқланиб, тегишли чора-тадбирлар кўрилса(гинеколог ва урологнинг ҳаққоний  текшируви амалга оширилса).

7.Диний қўмита вакилларининг оилалар ва айниқса, эркаклар билан ишлаши самарали натижадорликни таъминлаган бўлар эди. Уларнинг маҳалла кесимида тарғибот олиб боришлари кучайтирилса.

  1. МФЙ раисларининг Яраштириш комиссиясига раислик қилиши самарали натижадорликни таъминламаяпди.Яраштириш комиссиясига раҳбарлик лавозими жорий қилинса, ”Ота-оналар университети”ни ҳам шу лавозимдаги масъул шахс бошқарса.Маош тўланадиган бўлгач, ишга масъулият билан ёндошилади ва ижобий натижаларга эришилади, албатта.

9.Иложи борича мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб жисмоний тарбия, чет тилларни ўрганиш, оилага доир   ва шунга ўхшаш машғулотларини ўғил болалар учун эркак мутахассис ўтказса.

 

М.Ҳасанова,

“Оила” маркази Гулистон шаҳар бўлими раҳбари.