У пайтларда туман хотин-қизлар қўмитасини бошқарардим, бир куни олдимга туман қишлоқларининг биридан бир ўқитувчи аёл келди, шунчалик ҳорғин, шунчали маъюс эдики, дарҳол миямга “оиласида бир гап бўлган” деган фикр келди. Уни ичкарига таклиф қилиб, котибамга чой дамлашини айтдим ва эшикни ичкаридан ёпиб қўйдим.

Ўтиришга таклиф қилдим. У нимадан бошлашини билмас, ичида недир исён қилаётгани кўзларидан кўриниб турар эди. Ахийри, бўлмади, йиғлаб юборди ва гапира кетди. Айтишича, турмуш ўртоғи ҳам ўқитувчи, бир-бирини севиб турмуш қуришган. Фарзандлари ҳам бор. Яқинда оғзига стоматит (пилла) чиқиб, ҳеч тузалмапти. Дўхтирга борса дастлаб дори-дармон ёзиб беришипти, бир-икки ҳафта ўтса ҳамки тузалмагач, таҳлил учун ОИТС марказига қон топширишини сўрашипти.

–Хаёлимга келмаган фожиа юз берди, қон таҳлилимда ушбу машъум касалликка чалинганимни аниқлашди, ўша кундан буён дунё қоронғу, боламга қарасам, шу бегуноҳ гўдакни ҳам сут орқали зарарлаганим, ўз келажагимни ўз қўлим билан йўқ қилганим учун ўлимга рози бўламан, -дейди кўзларидан дув-дув ёш тўкаётган аёл. Суҳбат асносида унинг бундан 3 ой илгари тишини даволатгани боргани, дўхтирларнинг тахминича айнан ўшанда юқтиргани эҳтимоли катта эканини билиб олдим. Аёл бечора эрига қандай айтишни билмайди, дўхтирлар уни ҳам чақириб, таҳлилга қон олишларини, ётиғи билан тушунтиришларини айтамиз, деса, юраги безиллаб, “озроқ кутиб туринглар” дея ёлборар экан. У билан узоқ суҳбатдан сўнг, турмуш ўртоғига ётиғи билан тушунтиришини, керак бўлса, ўша пайтда унинг ёнида туришим мумкинлигини айтдим. Бир пиёла совиб қолган чойни ичиб, сал ўзини босиб олган аёл кўнди.

Ўша пайтда оддий тиббий техник анжомларини стерилизация қилмаган қайси бир масъулиятсиз шифокорни деб бир оила барбод бўлганини ўйлаб жуда эзилиб юрганман.

Яқинда Одам иммунитети танқислиги  вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш ва шифохона ички инфекцияларини профилактика қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республика Президентининг қарори қабул қилингани юртимизда 1998 йилдан буён ОИВ ва ОИТС касалликларига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиради.

Бу борада вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва ОИТСга қарши кураш маркази мутахассислари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳудудий бошқармаси, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги ходимлари ҳамда ОАВ ходимлари ҳамкорлигида тизимли тарғибот ишларини олиб боришни режалаштириб олдик.

ОИВ инфекцияси, сил ва безгак касалликларига қарши курашда профилактика тадбирлари, хусусан, таълим муассасалари, аҳоли яшаш масканларида олиб борилаётган маънавий-маърифий тадбирлар алоҳида аҳамият касб этади.
Албатта, юқумли касалликларнинг олдини олишда тиббий муассасаларда яратилган шароитлар, мунтазам ўтказилаётган профилактика тадбирлари муҳим омил бўлаётир, бироқ бу ишлар самараси, аввало, одамларнинг билими, онги ва дунёқараши билан боғлиқ. Аҳоли бу хасталикнинг келиб чиқиши ва ундан сақланиш борасида қанчалик кенг маълумотга эга бўлса, унинг тарқалиш хавфи шунча камаяди. Шунинг учун жойларда профилактика тадбирларини янада кучайтириш, уларнинг шакл ва услубларини такомиллаштириш, самарадорлигини ошириш зарур. Биз айниқса, оналар, хотин-қизлар ўртасида тарғиботни кучайтиришимиз зарур, чунки оиланинг ўзаги –аёл. Оила аъзоларининг саломатлиги ҳам аёлнинг нозик қўлларида. Бу борада биз қуруқ сўзлар йиғиндисидан иборат маърузаларгина эмас, балки хасталикларнинг мудҳиш оқибатлари ҳақидаги фильмларни намойиш этиш, тренинглар орқали аҳолининг ОИТС-ОИВ профилактикаси борасидаги билимларини оширишни режалаштириб олганмиз.
Азиз аёллар, қизлар, сингиллар! Оиланинг келажаги қандай бўлиши сизу бизга боғлиқ, биз оиламизни тежаб-тергаб, турмуш ўртоғимизни ўзимиздан бездирмай, болаларимизни бировларга сарғайтирмасдан чиройли рўзғор юритсак, соғлом турмуш тарзига амал қилсак ва атрофдагилардан ҳам ушбуни талаб қилсак, ҳар қандай касалликлар хонадонимизни четлаб ўтади. Аслида ҳам оила саломатлиги ва келажаги сизнинг қўлингизда. Бепарво бўлмайлик!

 

Дилфуза Уролова,

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси