Фуқаролар, айниқса, ёш авлодни турли зарарли оқимлар таъсиридан асраш бўйича ўтказилаётган учрашувлар ва давра суҳбатлари, кўрилаётган чора-тадбирлар тинч-фаровон турмушимизнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 декабрдаги “Ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотларни рақобатдошлигини таъминлаш ва экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5286-сонли фармонида   Ўзбекистон Республикаси ва инсоният хавфсизлигига қарши, ҳудудий яхлитликни, давлат суверенитети ва сиёсий мустақилликни бузишга қаратилган босма нашриёт маҳсулотлари, қўлёзмалар,  расмлар, фотосуратлар, фотоплёнкалар, негативлар, кино, видео ва аудио маҳсулотлари, овоз ёзилган материаллар, шунингдек, уруш, терроризм, зўравонлик, миллий ажратиш ва диний қаршилик, ирқчилик ва унинг турларини (антисемитизм ва фашизм) тарғиб этувчи ҳамда порнографик мазмундаги материалларни олиб кириш таъқиқланиши белгилаб қўйилган.

Шундай бўлса ҳам, айрим фуқаролар томонидан билиб-билмай диний мазмундаги, беҳаёлик ва зўравонликни тарғиб этувчи материалларни республика ҳудудига олиб киришга бўлган уринишлар ҳамон учраб турибди, айниқса, мазкур қонунбузарлик ҳолатлари ёшлар ўртасида учрашиб туриши  ачинарли ҳолат, албатта.

2018 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида фуқаролар ва уларга тегишли бўлган юкларни божхона кўригидан ўтказиш натижасида 1 та ҳолатда диний мазмундаги,  12 та ҳолатда зўравонлик ва шафқатсизликни, ҳамда 64 та ҳолатда беҳаёликни тарғиб қилувчи материаллар билан боғлиқ божхона қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган, натижада 1 нафар фуқарога нисбатан жиноий ва 76 нафар фуқароларга нисбатан маъмурий ишлар  юритилиб,  суд  қарорларига асосан  жазо чоралари қўлланилган.

Барча ҳолатларда ушбу таъқиқланган материаллар фуқароларнинг шахсий қўл телефони, ноутбук ва бошқа ахборот ташувчи воситаларида сақланганлиги маълум бўлган, мазкур таъқиқланган материалларнинг мавжудлиги ҳақида божхона ходимларининг оғзаки сўровлари вақтида ва замонавий техника воситалари орқали кенг фойдаланган ҳолда аниқланмоқда.

Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг тегишли бўлим ва божхона постлари ходимлари томонидан аҳоли ўртасида божхона қонунчилиги бўйича олиб борилган кенг қамровли тарғибот ва ташвиқот ишлари, давра суҳбатлари, учрашувлари ва профилактик суҳбатлари тизимли йўлга қўйилиб, ўсиб келаётган ёш авлодни одоб ва ахлоқ даражасида тарбиялаш, уларнинг онгини ҳар хил бузғунчи ғоялар билан заҳарланишининг олдини олиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза этиш органларининг вазифалари,  балки ҳар бир фуқаронинг кунлик фаолиятидаги асосий йўналиш бўлиб қолишини ёддан чиқармаслигимиз  зарурдир.

Шундай экан, бу вазиятда ҳуқуқ-тарғибот органларининг, шу жумладан, божхона ходимларининг ҳушёрлиги ва сезгирлигига таяниш билан бир қаторда юртдошларимиздан ҳам божхона қонунчилигига  қатъий  риоя  қилишлари  талаб  қилинади.

Шуни эслатиб ўтамизки, Диний адабиётларни республикага олиб келиш, сотиш ва тарқатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида амалга оширилади.

Шу ўринда юртдошларимиздан божхона қоидабузарликлари ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари юзасидан Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг (0367) — 225-48-67 — “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

 

 

 

                Анвар Карабаев,

Сирдарё     вилояти   божхона  бошқармаси Ахборот хизмати

              раҳбари,  подполковник

              телефон рақами:  90 953-71-17,    90 352-71-17