Ўтган йили газетамизнинг июн ойи сонида “Унут бўлган боғ” сарлавҳали мақола чоп этилган ва бунга жавобгар  шахслар номидан келган маълумотнома асосида “Дастурга киритилган” акс садоси берилган эди.  Афсуски, воқеалар биз кутгандай бўлмаганидан сўнг, мавзуга қайтишга мажбур бўлдик. Гап Сирдарё вилоятининг  Боёвут тумани марказидаги  “Ёшлар” маданият ва истироҳат боғининг қурилиш ва жиҳозлаш ишлари пайсалга солинаётганлиги ҳақида.

Мақолада тунги ёритгичлар йўқлиги, дам олувчилар учун на бир  ўриндиқ,  на аттракцион қурилма мавжуд эмаслиги баён  қилинган эди. Орадан ўтган вақт оқлаш, ранг бериш ва гул кўчатлари экиш учунгина хизмат қилган, холос. Боғнинг ягона “Чархпалак” қурилмасини ҳар гал кўрганда болалар учишни хархаша қилишда давом этмоқда. Сўнгги бор 2015 йилда “қимирлаган” чархпалакни   ишлатишга рухсатнома ҳам, техник ҳолати мазмуни акс этган маълумотнома олиш учун маблағ тўлайдиган маъмурият ҳам  йўқ.

— Тўғриси, ишчилар ишлаётганини кўриб, 1 июн -Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига байрам совғаси бўлади деб кутган эдим, — дейди А.Навоий МФЙда истиқомат қилувчи  Улуғбек Аллаёров. — Байрам куни бир — икки соат карнайлардан ашула қўйишди, холос. Кимлардир стол қўйиб савдо қилди. Бу томошага фарзандларимни олиб келганимга пушаймон бўлдим, рости. Кун исиб кетгани ва ўйингоҳлар бўшлиги, хизмат дўконлари йўқлигидан ҳамма тезда тарқаб кетди. Боғни фақатгина “қош-кўзини бўяб  қўйишган экан”.

Аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқаришида, турли маданий ва маърифий тадбирларнинг  ўтказишда маданият ва истироҳат боғларининг аҳамияти катта. Фаолият ривожланиши учун хизмат қилувчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 декабрдаги “2011-2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорини ўзига дастур билган мамлакатимизнинг кўпгина жойларида шу йиллари истироҳат боғлари янгидан барпо этилди, капитал реконструкция қилинди, таъмирланди. Бироқ, туман марказида жойлашган ягона боғ унут бўлиб қолаверди. Ўтган йили  “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан ўтказилган сўровномаларда ҳам туманнинг бир қатор маҳаллаларида истиқомат қилувчи хонадон эгалари маданият уйлари, туман кутубхоналари янгидан қурилишини, шу билан бирга туман истироҳат боғи йўқлигини, замонавий талабларга мос келувчи, “телевизорларда кўрсатадиган” қиёфадаги маданий боғ қурилишини сўрашган. Мурожаатлар бўйича  ҳокимият томонидан тузилган чора-тадбирлар дастурига биноан муаммо ечими бир йил муддат қилиб белгиланган эди. Бироқ, 3 гектарлик боғ ҳудудининг атиги кираверишдаги юз метрлик майдонига пардоз берилган, холос. Боғни кузатганимизда бемалол қозиқ қоқиб қорамол боғлаб қўйишганининг гувоҳи бўлдик. Тайинли эгаси бўлмаса, эътибор бериб ҳудудини қўриқламаса,  аҳвол шундай тусга кириши  табиийдир, эҳтимол?

Биз ободликни севадиган халқмиз. Юртимизнинг ҳамма ерида ободонлаштириш ишлари узлуксиз олиб борилаётган, замонавий боғ, фавворалар очилаётган бир пайтда туманнинг 3 гектарлик ҳудудида  сокин ҳудуд, томоша майдончаси, музқаймоқ-у ичимлик мажмуаси, оддийгина болалар ва ўсмирлар учун аттракционлар, дам олиш ва суҳбатлашиш ўриндиқлари, кичик фонтанчалар барпо этишнинг мушкуллигича қолиши бизни хайрон қолдиради. Ўтган йили дастур вазифасига киришилмаётгани ҳақида сўраганимизда “Ғалла мавсуми бошланиб қолгани”ни рўкач қилишган эди. Дарвоқе, бу  йил ҳам ғалла экканмиз-а?

 

Озода МАМАДАЛИЕВА