Маълумки, давлатимиз раҳбари Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида вилоятда ажримлар кўрсаткичи ошиши сабабларини аниқлаш ва оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топшириғини берган эди. Натижада марказнинг етакчиси олимлари, ҳуқуқшунослар, социологлар, психолог ва бошқа соҳалар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди ва комплекс тадқиқотлар олиб борилди.

Таъкидланганидек, 2017 йил вилоятда 1095 та никоҳдан ажралиш расмий қайд этилган бўлиб, бу 2016 йилга нисбатан 21 фоизга кўп. Ушбу кўрсаткич Ўзбекистон миқёсида энг юқори ҳисобланади.

Хўш бунинг асосий сабаби нимада? Ҳақиқатан ҳам Сирдарёда ажримлар рекорд даражада кўпайдими?

Маълумки, 2018 йилнинг 1 апрелдан бошлаб фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жорий этилган хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими ажримлар билан боғлиқ муаммони бартараф этишда муҳим роль ўйнайди.

Шу билан бирга, ушбу йилда ажралишларнинг олдини олиш мақсадида Оила кодексига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, суд эр ёки хотиннинг никоҳни бекор қилиш бўйича даъво ариза билан мурожаат этганда, шунингдек, ФҲДЁ бўлимларига ўзаро ихтиёрий розилик асосида никоҳни бекор қилиш аризаси билан мурожаат этилганда суд ҳамда ФҲДЁ бўлимлари тамонларнинг яшаш жойларидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясига бу ҳақда хабар юборади. Агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссияси эр-хотинини яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун 3 кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилинади.

Авваллари ҳам томонларнинг яшаш жойидаги “яраштирув комиссиялари”нинг хулосалари олинган, аммо бу уларнинг ўзларига қолдирилгани учун бу борада ижобий ечим деярли кузатилмаган.

Мисол учун, ФҲДЁ бўлимига ўзаро ихтиёрий розилик асосида эр-хотин мурожаат этилган, уларга ўйлаб кўришлик учун 3 ойлик муҳлат берилган, улар ҳар қанақа йўллар билан “Яраштирув комиссиялари”нинг хулосаларини ёздириб олиб келишган. Ҳатто бу оила муҳокама ҳам этилмаган, яраштирув комиссиянинг аъзолари ҳам билмаган. ФҲДЁ бўлимлари бу хулосани аризага илова этиб борган.

Шу ўринда “яраштирув комиссиялари”нинг Низоми билан мана шу комиссия аъзолари ўзлари танишганми? Яраштирув комиссияларининг оилага масъулият билан ёндошуви, бундан буён  “Яраштирув комиссияси” ҳар бир хабарнома асосида берилган оилага берган хулосаси мониторинг қилиниб борилиши керак.

Жойлардаги ҳар бир маҳалла хабарнома асосида ўша оилаларни ўрганиб чиқишлари лозим. Яъни мақсад нима, бошқа давлатларга кетиш учунми, ёки аниқ сабаблари ва фактлар билан асослантирилган бўлиши лозим.

Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларининг чиқарган қарорлари ижроси бўйича — айни йилнинг қарори ижроси ва қолган суд қарорлари нечанчи йилга тааллуқлиги бўйича алоҳида таҳлил этилиб борилиши лозим, сабаби ФҲДЁ бўлими томонидан суд қарорлари ижроси бўйича далолатнома ёзувлари қайд этилса-да, умумий тартибда суд қарорлари бўйича мана шунча никоҳдан ажралганлик ҳаракати амалга оширилди, дейилади. Ваҳоланки, 1991 йилда чиқарилган суд қарори 2018 йилда ижро этилиши мумкин. Шунинг учун таҳлилий кўрсаткич бўлса, аниқ ҳолат кўринади.

Айтиш керакки, айрим оилалар никоҳларини қонуний бекор қилинса-да, аммо бир оила бўлиб яшаб келмоқда. Бундай оилалар бўйича ҳам хулоса олиниши лозим. Жуда кўп суднинг ҳал қилув қарорлари ўтган йиллар давомида чиқарилган бўлиб, ҳал қилув қарорининг ижроси таъминланмай қолган. Мана шундай қарорларнинг ижроси ўз вақтида таъминланмай қолиб, оқибатда улар ҳам  никоҳларни бекор қилиш бўйича статистик рақамларни кўпайишига ҳам сабаб бўлаяпти. Мисол учун, Гулистонлик Наби А. турмуш ўртоғи Гулмира билан суд орқали 2003 йилда ажрашиб кетишган, ҳар иккови ҳам турмуш қуришган, фарзандлари бор, аммо, иккинчи марта расмий никоҳдан ўтмаганликлари туфайли ажрим қарори ижроси таъминланмай қолган. Энди бирининг уйи бузилишга тушиб, муаммо чиққандагина бизга мурожаат қиляпти.

Шу ўринда, айрим юртдошларимиз  ҳуқуқий ҳужжатларга беэътиборлиги туфайли фарзандлари ҳам жабр чекишяпти. Гулистон шаҳрилик Лола К. Жанубий Корея фуқаросига турмушга чиққан. Аммо, ажримни расмийлаштирмаганлиги туфайли иккинчи турмушидан бўлган фарзанди биринчи оиласининг фамилиясига олинган. Энди, қизи бир ёшга тўлгач, ушбу муаммонинг ечимини излаб, бизга мурожаат қилди. Ҳолбуки, унинг биринчи турмуши бундан 3 йил олдин якун топган.

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашда албатта, улар билан мулоқот бўлиши лозим, бунинг учун “Никоҳ уйи” ва ФҲДЁ бўлимларида “Ёш оила қурувчилар” мактаблари фаолият олиб боряпти.

Никоҳ шартномасига қўшимчалар киритилиб, шакллантирилиши лозим. Фақат мулкий муносабатлар эмас, балки, оилавий ижтимоий муносабатлар ҳам киритилиши лозим. Сабаби, аксарият ҳоллардаги ажримларда учинчи шахсларнинг эр-хотин муносабатларига аралашуви ҳам сабаб бўлмоқда.

Вилоятда оилавий муносабатларни тўғри шакллантириш лозим. Хотин-қизлар, Оила маркази, Никоҳ уйи ва ФҲДЁ бўлимлари, мутахассислар, судлар, ИИБ, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари, бандликка кўмаклашиш, Ёшлар Иттифоқи, соғлиқни сақлаш, психолог-руҳшунослар ҳамма бир бўлиб, манзилли харита асосида тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришлари лозим.

Ёшларимизни “оилапарварлик” руҳида тарбиялашда, аввало “Соғлом оила”да ота-она фарзандининг тарбиясида соғлом муҳитни яратиши лозим.  Айтиш жоизки, фарзандларимиз учун боғчаларда оиланинг  муқаддаслигини билдирувчи машғулотлар ўтказилса, мактабларда эса, бошланғич синфлардан Оила қадриятлари, оила ҳуқуқи, оила психологияси ҳақида дарсликлар киритилса, шунингдек, ўрта-махсус коллежлари, олийгоҳларда оила қадриятлари ҳақида фан ўтилса, ёшларимиз никоҳдан олдин, оила ҳақида тўлиқ маълумотларга эга бўлишади ва оилага масъулият билан ёндошади.

Бир нотинч оиланинг муаммоси жуда кўп гуруҳлар томонидан ўрганилганда, бир оилага қайта-қайта кирилиши ҳам айрим ҳолларда шу оиланинг муносабатларини тузишдан кўра бузиш ҳолатларига сабаб бўлиб қолади. Ҳар бир оилага ёндошиш чуқур ўрганилган ҳолда, амалга оширилиши лозим ҳамда ишимиз самарали бўлмоғи керак.

Никоҳ уйи ва ФҲДЁ бўлимларида фаолият олиб бораётган ҳуқуқшуносларнинг оилавий ажралишларини олдини олишда, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда,  қонунларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида доимий чиқишлари ҳам ижобий натижа беради.

 

Лола Муратова,

Гулистон шаҳар “Никоҳ уйи” мудираси