Мустақилликнинг илк йиллариданоқ хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат ва жамият ишлари бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш миллий ривожланиш стратегиясининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Айниқса, кейинги уч йил мобайнида Ўзбекистон аёллари ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, ҳозирги пайтга келиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида банд хотин-қизлар улуши 48 фоизга етди. Ижро ҳокимияти органлари тизимида ишлаётган аёллар сафи ҳам сезиларли равишда кенгайиб бораяпти.

Янги сайланган сенатор сифатида Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида иштирок этиб, Президентимизнинг маърузасини қувонч билан тингладим. Шавкат Миромонович Сенат давлат идораларининг жамиятда хотин-қизлар ролини ошириш борасидаги фаолияти устидан назоратни кучайтириши лозимлигини таъкидладилар.

-“Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш” давлат дастури доирасида қатор чора-тадбирлар белгиланган. Барча даражадаги раҳбарларга аёллар, айниқса, ёш қизларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни замонавий касб-ҳунарларга ўргатишни асосий вазифа сифатида белгиланди.

Ана шу вазифалар ижросини ташкил этиш ва назорат қилишда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси муайян иш олиб бормоқда. Келгусида ҳам мазкур қўмита гендер тенгликни таъминлаш, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигига кўмаклашишга оид вазифалар ижросини мунтазам ўрганиб бориши зарур. Бунинг натижаси бўйича масъул идоралар раҳбарларининг ҳисоботини эшитиб, уларнинг фаолият самарадорлигини оширишга кўмаклашиш лозим, — деди давлатимиз раҳбари ўз сўзида.

Шу билан бирга ижро органида, вазирлик ва идораларда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларга масъул лавозимларни ишониб топшириш бўйича кўп иш қилиш кераклиги таъкидланди. Хотин-қизлардан ҳоким вазифасига тайинлаш масаласи илгари сурилди. Бу биз, аёллар учун жуда катта ишонч.

Қувонарлиси, давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишларида аёллар ҳаётий муаммоларни бошқалардан кўра чуқурроқ билиши, фидойилиги, кучли масъулият туйғуси, меҳнатсеварлиги билан барчага ўрнак бўлилиши тўғрисида таъкидлайдилар.

Мана бугун Президентимизнинг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномасини ҳам фахр билан тингладим. Давлатимиз раҳбари бу гал ҳам хотин-қизлар масалаларига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Бу йил 5,5 минг нафар хотин-қизларга тадбиркорликни бошлаб олишлари учун 100 млрд сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилади, — деди юртбошимиз. Бунинг учун банкларга бюджетдан ресурс ажратилади.

Шу ўринда Сирдарё вилоятида ҳам тадбиркор ва ишбилармон аёллар сафи йил сайин кенгайиб бораётганлигини таъкидлаш лозим. 2019 йилда ўрта ва кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик соҳасида банд бўлган аёллар сони қарийб 6 минг нафарни ташкил этди. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ҳисобидан 355 нафар хотин-қизларга 8,5 млрд сўм, тижорат банклари филиаллари орқали «Ҳар бир оила тадбиркор»дастури доирасида 2142 нафар хотин-қизларга 82,5 млрд сўм кредит маблағи ажратилган. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Президентимиз илгари сурган 5 та муҳим ташаббус доирасида хотин-қизларни қайта касбга тайёрлаш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш жадал давом этмоқда.

Бу каби қўллаб-қувватлашлар хотин-қизларимизни тобора тадбиркорлик ва ишбилармонлик соҳасига жалб этмоқда, уларнинг сафи бу йил янада кўпайиши шубҳасиз.

Шу билан бирга Мурожаатномада Президентимиз 2020 йилда республика бўйича 1576 нафар кам таъминланган оилалар хотин-қизларига арзон уй-жойлар қуриб берилиши, ушбу уй-жойларнинг бошланғич бадали бюджетдан тўлаб берилиши ҳақида айтганларида қувончдан кўзларимга ёш келди.

Бу Президентимиз таъбири билан айтганда, яна неча-неча опа-сингилларимиз Ватан ичра ўзларининг мўъжаз ватанларига эга бўлишидан далолатдир. Албатта, оддий оила вакили сифатида бунинг юртдошларимиз учун нечоғли муҳим эканини юрак-юрагимдан ҳис қилдим. Чунки биз опа-сингилларимизнинг турмуш шароитини ўрганиш бўйича уйма-уй юрганимизда уй-жой бўйича мавжуд муаммоларни ўрганганмиз. Шу кунгача уларга ёрдам бериб келганмиз. Аммо, бу йил уларга бюджет томонидан ажратилаётган маблағ янада кўпроқни ташкил этади, бу янада кўпроқ оилалар ўз уйларига эга бўлади деганидир. Амалий иш эса халқ билан давлат ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланишига, давлатга бўлган ишончининг юксалишига олиб келади.

Хотин-қизларни эъзозловчи шундай давлат раҳбаримиз бор экан, имконият ва шароитлар яратиб берилаётган экан, биз, азиз опа-сингилларимиз билан албатта ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиб, камбағаллик ботқоғидан чиқиб олишимиз, фарзандларимиз келажаги учун доимий ҳаракатда бўлмоғимиз лозим. Зеро, фарзандларимиз ҳам биздан ўрнак олсинлар, аввало оила ва юрти фаровонлиги учун курашсинлар.

Дилфуза Ўролова,

Сирдарё вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси