Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида уларнинг сифати, тезкорлиги, шаффофлиги ва фойдаланиш имкониятини тубдан ошириш орқали «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган улуғвор ғояни сўзсиз амалга ошириш вазифаси юкланган.

Давлат хизматлари марказлари фаолиятини ташкил этиб, давлат хизматларининг ҳар бир тури бўйича «Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади» тамойилига кўра давлат хизматлари кўрсатиш механизмини шакллантириш, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасига инновацион ечимлар ва ахборот-коммуникация технологияларини жадал жорий этиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг маълумотлар базаларини идоралараро электрон ҳамкорлик ягона тизимига интеграция қилиш, бюрократия,
сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларга йўл қўймаслик ва бошқа бир қатор асосий йўналишлар белгилаб берилган эди.

Шулардан келиб чиқиб, шу пайтгача давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиб келинаётган 37 та ва 2018 йилнинг 1 апрелидан жорий этилган 13 та хизматлар бўйича ваколатли органлар ва бошқа ташкилотларнинг маълумотлар базалари идоралараро электрон ҳамкорлик ягона тизимига (my.gov.uz) интеграция қилинди.

Давлат хизматлари марказлари шу пайтгача фақат тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиб келган бўлса, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб жисмоний шахсларга ҳам давлат хизмати кўрсатилиши йўлга қўйилди.

Хусусан, коммуникация тармоқларига “тайёр ҳолда” улаш, якка тартибда уй-жой қуриш учун рухсат олиш, объект фасадини келишиш, болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш, жамғариб бориладиган пенсия тизимига ҳисобга қўйиш ва бошқа хизматлар шулар жумласидандир.

Мазкур хизматларни кўрсатилишини тартибга солувчи маъмурий регламентлар ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Соҳани ривожлантиришга доир бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди ва қабул қилиниб келинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги
ПҚ-3662-сонли «Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилиниб, унда:

— бир қатор ташкилотларда базавий ахборот тизимларини жорий этиш масалалари ва уларнинг идоралараро интеграция қилиниши паст даражада эканлиги давлат хизматларини қулай ва ўз вақтида кўрсатишга ўзининг салбий таъсирини ўтказаётганлиги;

— давлат органлари томонидан жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги маълумотлар, кўчмас мулк объектлари ва бошқа ҳужжатлар реестрлари алоҳида қоғоз кўринишида юритилиши, электрон архивларнинг мавжуд эмаслиги электрон давлат хизматларини кўрсатишда қийинчиликларга олиб келаётганлиги;

— кўпчилик давлат хизматлари марказлари ҳанузгача юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланмаганлиги идоралараро электрон ҳамкорликнинг зарур даражада йўлга қўйилмаслигига сабаб бўлаётганлиги;

— давлат хизматини кўрсатувчи ваколатли органлар ва давлат хизматлари марказлари лозим даражада замонавий компьютер техникаси ва техник воситалар билан жиҳозланмаганлиги давлат хизматларини кўрсатишнинг илғор ва инновацион методларини жорий қилишга тўсиқ бўлаётганлиги;

— давлат хизматлари марказлари зарур бино ва хоналар билан таъминламаганлиги талаб юқори бўлган кўплаб хизматларни кўрсатиш учун ташриф буюрувчиларни тўлиқ ва бир вақтда қамраб олишга имкон бермаслиги;

— рухсат бериш ва лицензиялаш жараёнларидан ўтиш ҳамон мураккаб ва ортиқча тартибга солинганлигича қолаётганлиги, давлат хизматларини олиш жараёнида ортиқча талаблар ва тўсиқларнинг мавжудлиги шаффофликнинг йўқолишига, ҳуқуқни турлича қўллаш амалиётига ва оқибатда суиистеъмолчиликлар тез-тез содир этилишига ва бошқа қоидабузарликларга олиб келмаётганлиги;

— ахборот технологияларидан фойдаланиш бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг билим даражаси ва малакаси пастлигича қолаётганлиги, уларга ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш ва олишни ўргатиш бўйича ташкиллаштирилган тизим мавжуд эмаслиги қайд этиб ўтилди.

Мазкур муаммо ва камчиликлардан келиб чиқиб қарор билан давлат органлари ва ташкилотларига тегишли зарур топшириқлар берилди.

 

О.МАВЛОНБЕРДИЕВ,

Сирдарё вилоят Давлат хизматлари агентлиги бошлиғи