Яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари  бўйича вакили (омбудсман) томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори билан ҳамкорликда “Миллий первентив механизмни ташкилий-ҳуқуқий ривожлантириш: халқаро ҳужжатлар, хориж амалиёти ва Ўзбекистон тажрибасининг хусусиятлари”мавзуида ўтказилган халқаро давра суҳбатида иштирок этиб қайтдим.

Тадбирдан асосий мақсад – БМТнинг Миллий первентив мехнаизмни ривожлантиришга оид халқаро ҳужжатларининг хорижий мамлакатлар амалиётидаги ижросининг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатларини умумлаштириш ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан қийноқларга солиш ҳамда муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни назарда тутувчи миллий первентив механизм вазифасини амалга ошириш тўғрисидаги низомни кенг муҳокама этишдан иборат бўлди.

Мени ғурурлантирган нарса шу бўлдики, давра суҳбатида БМТ ва халқаро ташкилотлар экспертлари томонидан Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясининг Факультатив протоколини ратификация қилишдан аввал  миллий первентив механизмни татбиқ этиш бўйича мулоқотга киришганини,  аксар мамлакатлар бу ҳақда ҳужжатни қабул қилишганидан кейингина ўйлашларини, Ўзбекистон бу борада тўғри йўлдан кетаётганлигини эътироф этишди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини янги сифат босқичига олиб чиқиш имконини берганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Айтиш жоизки, хорижий экспертлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган, қамоққа олинган, шунингдек, маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган шахслар ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ташкилий-ҳуқуқий таъминлаш бўйича комплекс норматив ҳужжатларни  ишлаб чиқиш ва амалга оширишга замин яратган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони аҳамиятини алоҳида қайд этдилар.

Яқин вақт ичида қабул қилиши мўлжалланган миллий первентив модель асосига шунингдек, 2018 йил 12 майда Президентимиз томонидан қабул қилинган ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг давлат ҳимояси тизимини мустаҳкамлаш учун чуқур институционал аҳамиятга эга бўлган “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда шу йил 14 майда имзоланган “Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам кириб, ушбу муҳим ҳужжатлар миллий қонунчилик ва халқаро норматив ҳужжатлар уйғунлашувига, юртимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли муҳофаза этиш тизимини яратади.

Миллий первентив ҳужжатнинг халқаро экспертларни қувонтирган жиҳати шундаки, унда халқаро амалиётнинг кўплаб қоидалари ҳисобга олинган. Шу билан бирга ушбу ҳуқуқий ҳужжат юртимизда халқаро ҳуқуқ нормаларининг кучли билимдонлари бор эканлигидан даракдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш борасида илгари фақат орзу бўлган ислоҳотлар амалга оширилди, айниқса, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга, пахта якка ҳокимлигига узил-кесил чек қўйилиши, маҳаллий ОАВларда цензура таъқиқланганлиги ва ниҳоят ошкоралик ғалаба қозонганлиги, халқ билан тўғридан тўғри мулоқот ўрнатишнинг барча шаклларидан фойдаланилаётганлигини демократиянинг ҳақиқий тантанаси деса бўлади. Юқорида санаб ўтилган мавзуларда саноқсиз мисоллар келтирса бўлади, бугунги жамиятнинг фаол аъзолари улардан хабардор, албатта.

Миллий первентив механизмнинг қабул қилиниши эса Ўзбекистонни ҳуқуқий демократик давлатлар сафида яна бир поғона юқорига чиқаради. Мана икки йилдирки, халқаро майдонда юртимиз ва раҳбаримиз барчанинг синчков нигоҳи остида, жаҳон ҳамжамиятининг уларга бўлган ишонч эса тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

Мен Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари  бўйича вакили (омбудсман)нинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили сифатида ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши жойларда фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлишига ишонаман.

 

 

Камолиддин Оқбўтаев,

Мен Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари  бўйича вакили (омбудсман)нинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили