“ФАРЗАНДИМГА КИТОБ СОВҒА ҚИЛАМАН”, “БИР ФАРЗАНДГА УЧ КИТОБ” АКЦИЯСИ ДОИРАСИДА ЎТКАЗИЛДИ.

Президентимиз Ш.М.Мирзиёев  жорий йилнинг феврал ойида Сирдарё вилоятига қилган ташрифи чоғида белгилаб берилган 5 та устувор йўналишлардан бири – китобхонлик, айниқса, ёшларни китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини янада оширишга алоҳида эътибор қаратган эди. Ҳукуматимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларни оғишмай амалга ошираётган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сайхунобод туман кенгаши ташаббуси билан “Фарзандимга китоб совға қиламан”, “Бир фарзандимга уч китоб” акцияси доирасида “Китоблар сайли” ташкил этилди.

Мазкур тадбир O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоятии Кенгаши, “Сирдарё ҳақиқати” газетаси таҳририяти, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, туман ҳокимлиги ҳамда бир қатор вилоят, туман ташкилотлари, муассасалари иштирокида ўтказилди.

“Фарзандимга китоб совға қиламан”, “Бир фарзандга уч китоб” акцияси доирасида ўтказилган “Китоблар сайли” да ижодкорлар, меҳнат фахрийлари,  мактаблар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, уларнинг ота-оналарининг иштироки таъминланди.

Сайхунобод тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг спорт залида ўтказилган тадбирда мингга яқин китоб ихлосмандлари қатнашди. “Китоблар сайли”ни очган туман ҳокими Ботир Мирзақулов сўзни  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси, Эл-юрт ҳурмати ордени соҳибаси Ҳаётхон Ортиқбоевага берди. Шоира ўз ижод намуналаридан иштирокчиларни баҳраманд этди.

Сайлга ташриф буюрганлар учун арзон нархларда китоблар савдоси йўлга қўйилди. Шунингдек, O`zLiDeP туман Кенгаши томонидан ўтказилган кўрик-танлов натижаларига кўра бир қатор номинациялар бўйича ғолибларни тақдирлаш баробарида, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга китоблар, эсдалик совғалари топширилди.

– Тадбир доирасида биз маҳаллалар кесимида “Кимнинг уйида 500 та китоб бор?” танловини ўтказган эдик. Жараёнда 3000 тагача китоби бор оилалар борлиги аниқланди, – дейди O`zLiDeP Сайхунобод туман Кенгаши аппарат раҳбари Абдужаббор Эрназаров. – Ана шулардан бири,                          3-умумтаълим мактаби директори, уйида 3000 та китоб фондига эга Назира Ғаниевага партиянинг “Ташаккурнома”си топширилди.

Шунингдек, уй кутубхонасини очган Зиёда Очилова, ўз хонадонларида 2  мингтадан китоб фондига эга Насиба Арипова, Муҳаббат Бозорбоеваларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари тақдим этилди.

Аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб қилган, кўп йиллар халқ таълими тизимида самарали фаолият олиб борган, “Халқ таълими аълочиси” Ботир Жавлонов, Мунира Усмонова, Лиля Абдуллаева, Қундузой Юсупалиева, Озода Наврўзоваларга китоблар совға қилинди. Китоб сайлида эллик нафардан зиёд китобхонларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалар ва китоблар берилди.

– Китоб сайли туманда ҳақиқий байрамга айланди, – деди O`zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Ҳусан Жабборов. – Сайл иштирокчиларининг аксарияти фарзандлари, неваралари ва яқинлари учун китоблар харид қилишди. Бу каби тадбирларни вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказиш белгиланди.

Тадбир сўнгида туман маданият бўлими томонидан ташкил этилган концерт дастури ҳам барчага манзур бўлди. Сайл иштирокчиларга аъло кайфият ва хушнудлик бахш  этди.

 

 

 

Дилором ЭСОНОВА,

                                                        журналист