2018 йилнинг 25 май куни  Сирдарё вилояти касаба уюшмалари Кенгаши  фаоллар залида Вазирлар  Маҳкамаси  ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан ташкиллаштирилган “Мустаҳкам оила-жамият тараққиётининг муҳим омили” мавзусида семинар бўлиб ўтди.Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар  Маҳкамаси  ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори  Д.Г.Ташмуҳаммедова иштирок этиб, “Мустаҳкам  оила-жамият тараққиётининг муҳим омили” мавзусида маъруза қилди.У жамиятда оиланинг аҳамияти ва ўрни ҳақида, оилалар билан ишлаш, уларни ўрганиш, ёш оилаларни сақлаш, замонавий намунали оилаларни шакллантириш ва ривожлантириш ҳақида гапирар экан, шунингдек,    “Оила” марказининг функция ва вазифалари, ҳуқуқ ва жавобгарлиги, аввало ишни нимадан бошлаш кераклиги, оилалар мустаҳкамлиги, фаровонлиги учун ҳамманинг масъуллиги, ҳамкор ташкилотлар билан ишлаш, замонавий намунали оиланинг мезонлари, ҳар бир ҳудудга хос бўлган миллий қадриятларни сақлаш ва ривожлантириш, аждодлар меросини ўрганиш ва амалда қўллаш лозимлигини таъкидлади. “Соғлом оила-соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳамда “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий принципини тўғри ва кенг тарғиб қилишдек давлат сиёсатини амалга ошириш ҳар биримизнинг мақсадимиз, бурч ва вазифамиздир, деб сўзини якунлади Д.Тошмуҳаммедова. Марказ  ходими И.Ш.Каримова  ҳам сўзга чиқиб, “Оила” маркази фаолияти юзасидан    фикрларини билдирди. Ўз навбатида “Оила” маркази Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи С.Зунунова вилоятда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида гапирди. Маҳсус ўқув курсларини ташкил этиш ва ўтказиш вилоят  бўлими раҳбари  Д.Реимбаева  малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари ва уларнинг фаолияти тўғрисида тушунча берди.Шунингдек, семинарда “Оила” маркази Сирдарё вилояти туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари ҳудудларида амалга ошираётган ишлари хусусида   ҳисобот бердилар.  “Оила” маркази бўлими раҳбарлари, вилоят бошқармаси ходимлари мавзу бўйича ўз  фикрларини билдирдилар, шунингдек, ўзларини қизиқтирган саволлар билан  маърузачиларга мурожаат қилиб, тўлақонли  жавоблар олдилар.Ўқув семинари якунида тез-тез мана шунақа тадбирлар ўтказилиб турилиши  кераклиги тўғрисида таклиф ҳам киритилди.Тадбир сўнгида  ҳурматли меҳмонлар билан эсдалик учун расмга тушилди.

 

М.Ҳасанова,

“Оила” маркази Гулистон шаҳар бўлими раҳбари