Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган халқ билан мулоқот, фуқаролар томонидан кўтарилаётган, уларни қийнаётган муаммоларни имкон қадар жойида ҳал этиш борасидаги механизм – сайёр қабуларнинг ташкил этилгани кўплаб ижтимоий, иқтисодий, маиший масалаларнинг бартараф этилаётгани ҳар бир жабҳада ўзининг ижобий самараларини бераётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари А.Ўрозов, Сирдарё вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи З.Ҳайдарова Сирдарё туманида фуқаролар билан ўтказган сайёр қабули чоғида ушбу механизмнинг самарали усул экани яна бир бор ўз исботини топди.

Сирдарё тумани Халқ қабулхонасида ўтган сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида фуқаролар билан ўтган сайёр қабул чоғида мурожаатлар қисман камайганини, аммо ҳали бартараф этилиши лозим бўлган, ўз ечимини кутаётган, аҳолини қийнаётган муаммолар ҳам етарлича эканини  кўрсатди.

Сайёр қабулларда Сирдарё туманларидан  30 га яқин мурожаатлар вилоят, туман ва шаҳар идоралари, Сирдарё туман ҳокимининг мутасадди ўринбосарлари иштирокида кўриб чиқилди.

Аҳоли томонидан бўлган ариза, шикоят ва мурожаатларнинг асосий қисми табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминоти ёмонлиги, йўл қурилиши, жамоат транспорти қатнови, кредит маблағлари ажратиш, тадбиркорлик, коммунал хизмат ва бошқа шу каби масалалари қабулга келган фуқаролар томонидан рўй-рост баён этилди.

– Президентимиз ҳар бир оила имкон қадар тадбиркорлик қилсин, оила бюджетини даромадини оширисин, шароитини яхшиласин, деб халқ парвар ҳужжатлар чиқараяпти, – дейди Сирдарё тумани Алишер Навоий номли маҳалласида истиқомат қилувчи Бурхон Омонов. – Ҳовлимда иссиқхона қуриш мақсадида 3 йиллик имтиёзли 7 фоизли кредитга барча зарур ҳужжатларни тўғирлаб, микрокредит тижорат банки туман филиалига топширганимга 3 ойдан ошди. Аввал “Комиссия кўриб чиқсин”, дейишди. Кейин “Вилоятдан рухсат берса бўлди”, дейишди. Энди бўлса, республикадан ажратилган лимит тугади дейишяпти. Аммо мендан кейин ҳужжат топширганлар кредит олиб, аллақчон иссиқхоналарини ишлатиб юборишди. Имконим даражасида ҳовлимдаги иссиқхона ишини тайёрлаб қўйганман. Лекин қолганига маблағим етаяпти. Ҳеч қаерда ишламайман. Келадиган даромадим томорқадан. Агар иссиқхона қурганимда, йил ўн икки ой ҳам ишли бўлардим, ҳам оиламни боқардим.

Худди шунга ўхшаш,  қуёнчилик ташкил этиш учун кредит маблағига ҳужжат расмийлаштириб, “Халқ банки” туман бўлимидан лойиҳада кўрсатилган маблағни олаолмай юрган Сирдарё туманида яшовчи, нафақахўр Ю.Содиқовлар ҳам мурожаат қилишди.

– Электр энергияси ўчирилса уйимизда газ ёнади, чунки кўпчилик қўшниларимиз газ сўргич насос қўйиб олишган, ахир бу жиноят эмасми? – дейди Сирдарё тумани Фаравон маҳалласида истиқомат қилувчи Н.Нуралиева. – Туман газлаштириш бўлимига умуман мутахассислиги тўғри келмайдиган кишини бошлиқ қилиб қўйилгач, шу муаммо юзага келди. Отаси яшайдиган ҳовлига алоҳида “грп”и ўрнатиб газ тушириб берган. Алангани ловвуллашидан киши чўчийди. Насос ўрнатганларга, қарин-дош уруғини уйини газ билан таъминлаб, бошқаларга газ бермаётганларга, бирор чора борми, йўқми? Қани бу ерда адолат?

Худди шу муаммо Сирдарё туманидаги Ширин, Ёшлик, Орзу, Бахт шаҳарчасидаги Самарқанд ва бошқа бир қатор маҳаллалардан мурожаат қилиб келган фуқаролар томонидан ҳам кўтарилди.

– Сирдарё шаҳридаги темир йўл ва автомобил йўли устидан ўтган пиёдалар ўтиш кўприги кундан-кун нураб бораяпти. Туман, вилоят газеталари бир неча бор бонг уришига қарамай, туман ҳокимлиги ҳам, бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари ҳам бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Эртага, Худо кўрсатмасин, бирор бахтсизлик юз бергач кеч бўлмайдими? – дейди Бахт шаҳарчасида яшовчи Сагит Муллаяров..

Шунингдек, сайёр қабулга келган фуқаролар кўчалардаги электр ёритгичлар кесиб ташланаётгани, қайердадир ичимлик суви кўплигидан йўл четидаги латокларга ташлаб қўйилгани, аммо баъзи маҳаллаларда фуқаролар ичимлик сувига зор бўлиб ўтиргани, туманда уйдум-чуқури бўлмаган кўчани топиш амри-маҳоллиги, жамоат транспорти қатновига умуман эътибор қаратилмаётгани, ҳеч қандай рухсатномасиз шахсий автомобилида киракашлик қилаётган ҳайдовчилар йўл ҳақини ўзлигича белгилаб олаётгани ва йўловчиларга ўта қўпол муомалада бўлаётгани, коммунал хизмат ва бошқа шу каби муаммолар билан ҳам мурожаат қилди.

Сайёр қабуллар жараёнида аҳолини қийнаётган муаммолардан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича маҳаллий мутасаддилар олдига аниқ муддатлар қўйилиб, вазифалар белгиланди.

 

Жалол Ражаб.