Глобал хавф-хатарлар ҳақида сўз борганида динлараро, миллатлараро низолар ва тўқнашувларни, ноқонуний қурол-яроғ ва наркотик савдоси, одам савдоси каби таҳдидларни тилга олмаслик мумкин эмас.

Айниқса, одам савдоси жаҳон миқёсидаги энг оғриқли муаммолардан бирига айланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. 

Чунки қулликнинг замонавий кўриниши кейинги йилларда тобора авж олмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили 2 миллион 800 минг киши мазкур жиноятнинг қурбонига айланмоқда, 600 мингдан 800 минггача аёл ва болалар алдов йўллари билан чет элларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.

Халқаро экспертларнинг маълумотларига қараганда, бу жиноят туфайли дунё бўйича 7 миллиард АҚШ доллари миқдорида пул ноқонуний айланади.

Одам савдоси даромад келтириш бўйича наркобизнес ва қурол-яроғ савдосидан кейин учинчи ўринни эгаллаши ҳам бу турдаги жиноятчиликнинг қай даражада чуқур илдиз отганлигидан далолатдир.

Мамлакатимизда 2008 йил 17 апрелда қабул қилинган  “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг мақсади одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонун 4-боб, 17-моддадан иборат. Одам савдоси билан шуғулланувчи шахс — мустақил равишда ёки бир гуруҳ шахслар таркибида одам савдоси билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатни содир этувчи жисмоний ёки юридик шахс, шунингдек,  ўз ҳаракатлари билан одам савдосига кўмаклашадиган, гарчи ўз мансаб ваколатларига кўра тўсқинлик қилиши ва қарши курашиши шарт бўлса ҳам одам савдосига тўсқинлик қилмайдиган ёки қарши курашмайдиган мансабдор шахс.

Мазкур Қонуннинг 5-моддасида Одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Одам савдосига қарши курашиш фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга ошириши мумкин.

Шунингдек, мазкур Қонуннинг ижросини таъминлаш бўйича мамлакатимиз биринчи Президентининг 2008 йил 8 июлда “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Ушбу Қонун ва қарорни қабул қилишдан мақсад одам савдосига қарши курашишга боғлиқ масалаларни тезкор ҳал этиш, шу билан бирга, давлат органларининг бу борадаги ваколатларини кафолатлашдан иборат бўлиб, уларда одам савдосига қарши курашиш бўйича давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, ушбу мақсадда Республика идоралараро комиссиясини ташкил этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш мисол тариқасида (тиббий, психологик, ижтимоий, юридик ва бошқа) ҳамда ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалар белгиланган.

Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси томонидан ҳар йили йиғилиш қарори билан “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш борасида йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, ижроси таъминланиб келинмоқда.

Хусусан, телевидениеда 4 маротаба, радиода 7 маротаба, веб-сайт ҳамда телеграмм каналларда 28 маротаба, босма оммавий ахборот воситалари орқали 5 маротаба чиқишлар қилинди. Жойларда 193 та учрашув ҳамда давра суҳбатлари ташкил этилиб, 2800 та буклетлар тарқатилди.

Сирдарё вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсида вилоятдаги барча маҳалла раисларига “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Ўтказилаётган тарғибот тадбирлари самараси ўлароқ мазкур жиноятдан жабр чеккан кўплаб юртдошларимизнинг ҳуқуқлари тикланмоқда.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда ҳуқуқшунос мутахассислар олдига ўзига хос амалий ва назарий вазифаларни қўяди.

Шундай экан, бунда қонунлар мазмун-моҳиятини, уларнинг олий қадрият ҳисобланган инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига хизмат қилишга қаратилганлигини халқимизга етказиш биз ҳуқуқшуносларнинг устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолмоғи даркор.

 

 Санжар Мирзабаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро

Суди судининг судьяси

 

Азизжон Мавлонов,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи