Ота-она ажрашган ёки алоҳида яшаётган тақдирда боланинг моддий таъминоти қандай амалга оширилади. Вояга етмаган болаларнинг алимент таъминоти деганда нима тушунилади? Алимент келишуви нима ва у қандай амалга оширилади? Алимент тўланмаганда қандай чоралар кўрилади? Алимент миқдори қандай аниқланади? Алимент тўламаганлик учун қандай жавобгарлик назарда тутилган?
Шу ва шу саволлар алимент ундириш масаласи билан дуч келган аксарият фуқароларда пайдо бўлиши табиий. Бироқ, малакали ҳуқуқий маслаҳат олиш имконияти ҳаммада ҳам бир хил эмас. Ҳуқуқий соҳада билим етишмаслиги ота-онанинг фарзанди ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун қуйида фуқаролар орасида тез-тез учраб турадиган ушбу саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Вояга етмаган болаларнинг алимент таъминоти деганда Оила кодексига мувофиқ ота-она вояга етмаган болаларига таъминот беришлари шарт. Вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ҳам уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир. Алимент тўлови ота-онанинг бири томонидан иккинчисига, яъни вояга етмаган бола тарбияси учун шуғулланаётган ота ёки онага берилади. ( Оила кодексининг 96-97 модддалари).
Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши учун алимент миқдорини аниқлаш шаклини ва тўлаш тартибини белгиловчи алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тасдиқланган келишувни тузишга ҳақлидир. Мазкур ўзаро келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак. (Оила кодексининг 98-моддаси). Ўзаро келишув алимент таъминоти масаласини ҳал қилишнинг нафақат энг тинч, балки, энг тежамли йўлидир. Келишувни тузиш жараёнида давлат нотариуси мазкур келишув биринчи навбатда вояга етмаган бола манфаатларини таъминлашга қаратилганлигини инобатга олиши шарт.
Ушбу ҳужжат ёзма шаклда тузилиб ота-она томонидан имзоланиб, давлат нотариуси томонидан тасдиқланиши лозим. Ўзаро келишув эр-хотин, собиқ эр-хотин ҳамда никоҳи расмийлаштирлмаган, умумий фарзандлари мавжуд шахслар ўртасида тузилиши мумкин.
Фақат туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномада ота-она сифатида кўрсатилган шахсларгина келишув томонлари бўла олишлари мумкин.
Нотариал тасдиқланган алимент келишуви бўйича давлат божи келишув суммасининг бир фоизини ташкил этади. Шу билан бирга алимент келишувини тузишда давлат нотариусининг техник хизматларига оид харажатлар ҳам ундирилади.
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув тарафларнинг ўзаро розилиги билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. (Оила кодексининг 132-моддаси)
Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, ота ёки она алимент ундириш мақсадида судга мурожаат қилиши мумкин. Оила кодексига биноан вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота ёки (она) дан суд буйруғи ёки суднинг ҳал қилув қарорига асосан алимент ундирилади (Оила кодексининг 96-моддаси).
Оила кодексига асосан алимент ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи (ёки бошқа даромадларидан бир бола учун – тўртдан бир қисми, икки бола учун – учдан бир қисми, уч бола ва ундан ортиқ бола учун – ярми миқдорида ундирилади.
Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. (Оила кодексининг 105-моддаси)
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан кам бўлмаслиги керак. (Оила кодексининг 99-моддаси).
Таъкидлаш жоизки, алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг иш ҳақи (ёки бошқа даромади доимо бир хилда бўлмай, ўзгариб турса, ёхуд даромадининг бир қисмини натура тарзида оладиган бўлса,шунингдек, даромаддан улуш тарзида алимент ундириш имконияти бўлмаса, ёки ота-она расман белгиланган иш ҳақи ёки даромадга эга бўлмаса, вояга етмаган болаларининг таъминоти учун тўланиши лозим бўлган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий сумммада белгиланиши мумкин (Оила кодексининг 102-моддаси).

Алимент ундириш масаласида агар судга мурожаат қилишга қарор қилсангиз, у ҳолда алимент ундириш тўғрисида суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза ёки даъво ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.
Саволларга “МАДАД” ННТ, Сирдарё туман ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси Ўктам ЖАББОРОВ жавоб берди.