Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё минтақасидаги Экология марказининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда “Сувчи” жамоат бирлашмаси биргаликда “Ўзбекистонда сув ва атроф-муҳит масалалари бўйича хабардорликни ошириш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида нодавлат-нотижорат ташкилотлари (ННТ), давлат ташкилотлари (ДТ), ёшлар иттифоқи (ЁИ) ва аҳоли вакиллари иштирокида тадбирлар ўтказишни бошлади. Ана шундай тадбирлардан бири Сирдарё  вилоятининг Гулистон шаҳридаги Республика “Нуроний” жамғармаси Сирдарё вилоят бўлими  биносида бўлиб ўтди.

Тренинг сифатида ташкил этилган бу тадбирда таъкидлаб ўтилган ташкилотлар вакилларидан ташқари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича вилоятда фаолият юритаётган мутасаддилар, шунингдек, «Сувчи» жамоат бирлашмаси мутахассислари иштирок этди.

Анжуманда қатнашган иштирокчиларга  сув-экология билан боғлиқ бўлган мавзуларда бир қатор презентация материаллари тақдим этилди. Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни, “Марказий Осиё ҳудудидаги трансчегаравий дарёларнинг сувларини тақсимлаш тўғрисидаги минтақавий ҳужжатлар”, “Ўзбекистон Республикасидаги сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари, дарёлар, магистрал каналлар ва коллекторларнинг, шунингдек, ичимлик ва маиший сув таъминотининг ҳамда даволаш ва маданий-соғломлаштиришда ишлатиладиган сув манбалари сувини муҳофаза қилиш зоналари ҳақида Низом” ва “Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида Низом” деб номланган  мавзуларни лойиҳа раҳбари Тоҳир Мажидов ва экология мутахассиси Алимардон Хўжақуловлар слайдлардан фойдаланган ҳолда  маърузалар ўқидилар.

Иштирокчиларга мамлакатимиз ҳудудида, иқтисодиёт соҳалари учун зарур бўлган сув миқдорининг атиги 20 % шаклланиши, етишмаган сув миқдори қўшни мамлакатлар билан тузилган ўзаро келишув ва шартномалар натижасида олиб келиниши,  Орол денгизи ҳавзасида ҳосил бўладиган сув ресурслари миқдорини аниқлаш, уларни мамлакатлар ўртасида тақсимлаш ва самарали фойдаланишни йўлга қўювчи халқаро ташкилотлар, мамлакатга ажратилган сувни иқтисодиёт соҳалари бўйича тақсимлаш тартиби, сув ҳавзалари атрофини муҳфаза қилиш учун ажратиладиган қирғоқ минтақаси, қирғоқ бўйи минтақаси ва сувни муҳофаза қилиш зоналари,  сувдан самарали фойдаланиш, сувдан фойдаланиш қоидаларни бузувчиларга нисбатан қўлланиладиган чоралар ва бошқалар тўғрисида материаллар берилди.  Шунингдек, маърузачилар сувнинг қай тарзда мамлакатимизда пайдо бўлиши, қайси трансчегаравий дарёлардан сув олишимиз  ва бу масала билан боғлиқ бўлган минтақавий ҳужжатлар борасида ҳам сўз юритишди. Ҳужжатлар ижроси билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ахборотлар, юз бераётган камчиликлар хусусида маълумотлар тақдим этишди.

Шундан сўнг лойиҳа ижрочилари ва вилоятнинг сув-экология мутахассислари мавзулар доирасида  вилоят  нодавлат-нотижорат ташкилотлари (ННТ), давлат ташкилотлари (ДТ), ёшлар иттифоқи (ЁИ) ва аҳоли вакиллари маҳалла жамғармаси вакиллари ҳамда тадбирни ёритишга келган журналистларнинг савлолларига жавоб бердилар. Бу мулоқотлар жараёнида тадбирда қатнашган ҳар бир  иштирокчи сувнинг ҳар бир томчисидан оқилона фойдаланиш, уни асраб авайлаш, атроф-муҳит муҳофазаси, қишлоқларни чиқиндилардан тозалаш бугунги кун кишиларининг олдида турган долзарб масала эканлигини янада чуқурроқ англадилар. Берилган маълумотлардан фойдаланган ҳолда ўзларининг бундан кейинги фаолиятларида бу масалаларни  аҳоли онгига янада кўпроқ сингдиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини эътироф этдилар.

-Вилоятимиз чўл ҳудудида жойлашган бўлиб, ҳар бир томчи сувнинг зарга тенглигини болалик чоғимизданоқ яхши биламиз, — дейди вилоят “Сув” хўжалигида кўп йиллар ишлаб, ҳозирда меҳнат фахрийси бўлган Абдумалик Азимов. – Бу борада сув танқислиги муаммоси ечимлари  бўйича ўз мулоҳазаларимни ёзиб, албатта “Сувчи” жамоат бирлашмасига юбораман.

Шунингдек, ўтказилган махсус сўровномада иштирокчиларнинг 80 фоизи сувнинг исроф бўлаётгани ундан рационал фойдаланилмаётганлик, дарахтзорларнинг кесиб ташланиши,  каналлар атрофида пайдо бўлаётган сизот сувли сунъий кўлларнинг атроф-муҳитга таъсири ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.

 

Зебо Ҳайдарова