Вилоят “Оила” илмий амалий тадқиқот маркази раҳбари Сабоҳат опа Зунунова билан бўлган суҳбатимиз  Оиладаги зўравонлик қурбони бўлган аёллар билан гуруҳ ёки якка тартибда тренинг-психотерапия машғулотларини олиб бориш мавзусида бўлди.

  • Вилоят “Оила” илмий амалий тадқиқот марказининг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан юқоридаги мавзуда йил давомида ўтказилган 185 та тарғибот тадбирларида 8631нафар иштирокчи қамраб олинди, — дейди Сабоҳат Исломовна. – Мисол учун, Гулистон шаҳрида ўтказилган жами 27 та тадбирда 1237 нафар фуқаролар иштирок этдилар.  Шаҳар ИИБ профилактика инспекторлари ва МФЙлар фаоллари билан   ҳамкорликда оилавий турмуш доирасида хуқуқбузарлик қилган, 13 та нотинч оилалар билан  тарбиявий ишлар олиб борилди.

Гулистон шаҳридаги Дўстлик МФЙда яшовчи Ш. Х.  муқаддам бир неча маротаба судланган. Оилали,  2 нафар фарзанди бор. Аммо, на гулдек оиласи, на фарзандлар уни тўғри йўлга сола олишмаяпти. Оила нотинч оилалар рўйхатида туради. Ичкилик, фарзандларини дунёга келтирган аёлни ҳақорат  қилиш ва унга қўл кўтариш унинг учун оддий ҳолат. Ушбу фуқарога келгусида яна хуқуқбузарлик ва жиноят содир этмаслигини таъминлаш мақсадида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ёки бўлмасам, Улуғобод қўрғонида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Б. Д. мурожаат қилиб, уч ойдан буён оиласида нотинчлик экани,  турмуш ўртоғи  Б. С.   тўнғич ўғлини уйдан ҳайдаб юборгани, унинг 2 нафар фарзанди бугунги кунда бирга яшаётганлиги, энди эса  яна бир ўғли Б. Д.ни оиласи билан уйдан ҳайдаб юбораётганлигини,  ўғли  руҳий касаллар шифохонасида рўйхатда туришини айтиб,  турмуш ўртоғини муросага келтиришда амалий ёрдам сўради. Тегишли ташкилотлар билан бирга ушбу оила билан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Аксар ҳолатларда, аёлларимиз уйда зўравонлик қурбони бўлсалар-да, бу муаммони кўчага олиб чиқишдан ор қиладилар. Бу ҳолатдан хабардор қариндош-уруғлар ҳам “сув лойқаланмай тинмайди..” қабилида аралашмасликни маъқул кўришади. Кўпчилик “эру хотиннинг ўртасига эсини еган тушади” дейишади. Оқибат, фожеа юз беради. Эру хотинни муросага келтириш авваломбор, ота-оналарнинг иши, қлаверса, ўғилга тарбия бериш, “оижазага қўл кўтармоқ номарднинг иши” эканлигини англатмоқ отанинг вазифасидир. Албатта, кейинги пайтда келинларимизни “ожиза”деб аташ мушкул, баъзи аёлларимиз оиланинг нотинч оилалар сафидан жой олишларига тўғридан тўғри алоқадор. Аслида, аввал-бошдан эрнинг ҳурмати жойига қўйилса, қариндош-уруғларига “тил тегизилмаса”, халқ таъбири билан айтганда “ҳўкиз ипини узмайди”.

Олиб борган тадқиқотларимиз шуни кўрсатадики, вилоятимизнинг  Янгиер шаҳрида оиладаги зўравонлик қурбони бўлган аёллар рўйхатга олинмади.

Бу ерда  ўтказилган жами 23 та тадбирда 1164 нафар фуқаролар қамраб олинди. Хотин-қизлар, ёшлар билан тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди. Руҳшунос маслаҳати ўтказилди.

МФЙлар кесимида МФЙларда доимий равишда Оилада аёллар зўравонлик қурбонига айланмаслиги учун тарғибот тадбирлари ўтказилди.

      Ширин шаҳрида ўтказилган  “Ҳаёт гўзал, ҳаёт ширин” мавзусида “Дўстлик”, “Бунёдкор, А.Темур”, “Нуробод” МФЙларда ўтказилган давра суҳбатларида  128 нафар фуқаролар  қатнашди. Улар малакали руҳшунос маслаҳатларидан баҳраманд бўлдилар. Учрашувларда таъкидландики, ҳеч нарса Яратган ато этган олий неъмат –ҳаётдан воз кечишга асос бўла олмайди. Барча муаммонинг ечимини топса бўлади. Лекин, кшриниб турибдики, муаммо борки, боши тарбияга бориб тақалади. Буюк педагог Абдулла Авлонийнинг “тарбия биз учун ё саодат, ё ҳалокат…” деган сўзлари бугун ҳам ўтган асрдагидек долзарб.

Боёвут туманида ўтказилган жами 19 та тадбирларда оилавий турмуш доирасида ҳуқуқбузарлик содир бўлган 2 та нотинч оила рўйхатга олиниб, профилактика инспекторлари ва МФЙ фаоллари томонидан тарбиявий ишлар олиб борилди. Аёллар, айниқса, ёшлар ўртасида ўз жонига қасд, суиқасд қилиш ҳолатларини олдини олиш  мақсадида “Ҳаёт гўзал, ҳаёт ширин” мавзусида “Беруний”, “Маданият”, “Ижодкор” МФЙларида ота-оналар ва ёшларни қамраган давра суҳбатлари ўтказилди.

Ана шу ишлар жараёнида қайнона-келинларимизнинг арзимаган нарсалардан жанжал чиқариб, оилалар бузилиб кетишини кўрган кишининг жони ачишади. Қайноналаримиз келин маҳрига берилган уй-жой, мулкни “менинг меҳнатим эвазига келган, аввал, хизмат қилиб қўйсин” деган қабилда иш тутиишса, келинларимиз “мен ўғлига текканман, ота-онасига чўри бўлиш учун эмас” дея ҳақ талаб қилишади. Ўртада эр ва фарзандлар  сарсон. Мисол учун, туманнинг А.Навоий МФЙда яшовчи А. Қ. ва келини Қ. Н. уй-жойга талашиб жанжаллашиб қолишди, туман ички ишлар ходимлари томонидан ушбу хонадон рўйхатга олиниб, ҳар иккаласига ҳам  маъмурий чора кўрилди ва яраштириб қўйилди.

Ҳосилобод МФЙда яшовчи О. О. Ва  А. Н.ларнинг оиласи ва Муқумий МФЙ да яшовчи Н. Ж. ва  Н. Н. ларнинг оиласининг тинчлиги йўқолишига ичкилик сабаб. Эр йигитлар ичкилик ичиб жанжал қилган, аёллар зўравонлик қурбонига айланишган. Ушбу оилаларга ҳамкор ташкилотлар билан бордик, суҳбат ва тушунтириш ишлари олиб борганимиз натижасида эр-хотинлар яраштирилди ва оилалар назоратга олинди.

Шу ўринда қадимдан қолган, халқ орасида юрадиган бир ривоят ёдимизга тушди. Бир мўмин йигитни шайтон йўлдан урмоқчи бўлибди. Унга бир аёлни зўрлашни айтибди. Йигит рад қилибди. Бир гўдакни ўлдириш лозимлигини шивирлабди. Йигит рози бўлмабди. Унда энг осон таклиф – бир пиёла май ичгин, сенга бошқа талабим йўқ, дебди. Йигит май ичибди, мастлигида мўмин одам асло қўл урмайдиган жирканч ишларни қилган экан.

Суҳбатимиз сўнггида Сабоҳат Исломовнадан оилаларга, ёшларимизга тилаклар билдиришини сўрадик:

  • Турмуш ўртоғим, марҳум Давлатжон акангиз билан уч нафар фарзанд тарбияладик, Аллоҳга шукур, учови  ҳам бугун  оилали, бахтли, — дейди Сабоҳат Зунунова. – Қизларимга доим тайинлаганман, тайинлайман. Тақдир ато этган бахтингнинг қадрига ет, уни ҳурмат қил, яқинларига иззатда бўл, ўзинг ҳам иззат кўрасан, деб. Аввал-бошдан уларнинг тарбиясига, ҳунар ўрганишларига, уй тутишларию пазандалик сирларини ўрганишларига қаттиқ эътибор бердим. Айниқса, муомала маданияти қиз боланинг тарбиясида катта ўрин тутади. Қиз бола уйда овозини кўтариб гапирмаслиги керак, деган гапимни қулоқларига илиб олишган. Бўлмаса, учови ҳам рус синфларда таълим олишган, иккита-учта тилда гаплашишади, замонавий аёллар, аммо, оилавий муносабатларда ўзимнинг оиламнинг тутумини қилишади. Дадаси билан қирқ йил бир ёстиққа бош қўйиб, қандай осойишта,  бахтли ҳаёт кечирган бўлсак, қизларим Умида, Севара, Нигораларнинг оиласи ҳам шундай баҳамжиҳат, аҳил, кўз тегмасин. Илоҳим, юртимизда барчанинг хонадонида тинчлик ва фаровонлик бўлсин, ёшларимизга инсоф, ота-оналаримизга сабр тилайман, бир нарсани унутмайлик, болаларимизнинг бахту саодати бизнинг олтин кексалигимиздир.

 

 

Гузаля Русланова.