Яқинда O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан Гулистон тумани Енгил саноат ва сервис касб-ҳунар коллежи биносида “Хавфсиз интернет” лойиҳаси доирасида “Ёшларда интернет маданиятини шакллантириш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси, Сирдарё вилоят ва Гулистон туман Кенгаши вакиллари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Гулистон туман Кенгаши, ИИБ вакили, Маънавият ва маърифат маркази Гулистон туман бўлинмаси, Гулистон тумани Енгил саноат ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқитувчилари ва ўқувчилари, “Ёшлар қаноти” фаоллари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, ёшларнинг интернет ресурсларидан фойдаланиш ҳолатини таҳлил қилиш, уларда ахборот олиш ва узатиш маданиятини шакллантириш, ёш авлоднинг руҳий саломатлиги ва маънавий-ахлоқий тарбиясига таъсир кўрсатадиган ахборотдан қонуний муҳофаза қилиш, хавфсиз интернет муҳитини шакллантириш ва бу бўйича шароит яратишдан иборат.

Ҳозирда Интернет аудиториясининг катта қисмини ёшлар ташкил этмоқда. Жаҳон тармоғида яратилаётган имкониятларни инкор этолмаймиз, албатта. Бироқ, кучли мафкуравий таъсир кўрсатиш воситаси бўлган ушбу мўъжиза жиддий муаммоларни ҳам келтириб чиқараётгани ҳеч кимга сир эмас.

Президентимиз Мирзиёев Шавкат Миромонович таъкидлаганларидек: “…..Экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилмоқда. Бугунги дунё ёшлари – сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлоддир, чунки улар 2 миллиард кишини ташкил этмоқда. Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси «вируси» тарқалишининг олдини олишдир”.

Тадбирда сўз олган O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири С.Махмудов, коллеж директори Б.Пирназарова, “Фурқат” МФЙ раиси Ш.Битўраевлар интернет тез ва арзон ахборот  ёки маълумот олиш,  етказиш ҳамда қайта ишлашда беқиёс манба саналишини, кундан-кун сафи  кенгайиб, фойдаланувчилар сони  ортаётган маскур тизим  дунё ҳамжамиятининг ахборотга бўлган  эхтиёжини қондираётгани, кўпроқ ёшлар кирадиган сайтларини тубдан  янгилаш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.

Статистик маълумотларга кўра, Интернет тармоғида ўз жонига қасд қилишнинг осон йўлларини тарғиб қиладиган 9 мингдан зиёд сайт мавжудлиги кўпчиликни ташвишга солмоқда. Компьютер ўйинларининг деярли ярмига яқини зўравонлик ва ёвузликни тарғиб қилмоқда, 42 фоиз бола ва ўсмирлар онлайн тизими орқали тарқатиладиган порнография таъсирига бутунлай қарам бўлиб қолган. Халқаро экспертлар дунё миқёсида 38 фоиз бола миллатчилик руҳидаги веб-саҳифаларни мунтазам кузатиб боришини аниқлашган.

Йиғилишда Интернет хавфсизлигини таъминлаш юзасидан O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Мафкуравий, тарғибот-ташвиқот ишлари бўлими мудири Д.Тўрақулов, туман ИИБ инспектори Ш.Тўраевларнинг маърузалари тингланди. Шунингдек, очиқ мулоқотда катта қизиқиш билан қатнашган ёшлар муҳокама этилаётган мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдириб ўтишди.

Шунингдек, тадбирда лойиҳа доирасида вилоятимизнинг барча ҳудудларида учрашувлар ташкил этиш, мунтазам равишда ёшларда интернетдан тўғри фойдаланиш маданияти ва кўникмаларини  шакллантиришга қаратилган ахборотларни бериб бориш, ўқув-курслар ташкил этиш, шунингдек, ёшларнинг интернет манбаларидан фойдаланиш даражасини ўрганишга қаратилган сўровномалар ўтказиш борасида бир қанча чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Якунда партия “Ёшлар қаноти” томонидан тайёрланган интернетнинг салбий жиҳатлари ва оқибатлари ҳақидаги слайд-шоу намойиш этилди.

 

 

 

Ҳусан Жабборов,

O`zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

Ёшлар билан ишдаш бўлими мудири