Кунлар заҳрини ташлаб, кўклам иси ҳам кела бошлади. Биласизми, баҳор иси кўпроқ нимадан келади? Сумалакдан. Сумалак учун ундирилган буғдойдан…

Яқинда хизмат сафари билан Гулистон туманига йўлга чиқдик. Йўлда бир онахон қўл кўтариб, уловимизни тўхтатди.  Машинага жойлашаётиб: “Оёқ остингизга  ҳазир бўлинг-а, увол бўлади”,- дедилар. Онахон ўтириб улгурмаёқ димоғимизга кўклам ифори ўрнашди.  Мен нималигини билиш учун қарадим: бўзхалта.

— Буғдой. Сумалак учун ўстирилган, — онахон ўриндиққа ўрнашиб бўлиб  изоҳ бердилар.

— Сиз нима қилиб кўтариб юрибсиз, — дейман индамасликни эп кўрмай.

— Сумалакни ўзим пишираман-да!

Шу савол-жавобдан суҳбатимиз бошланиб кетди. Ёшлари 60 ларда бўлган бу онахоннинг исмлари Ойсара опа. Таърифлашларича, яшаётган  туманига бориб Ойсара опа кўрпабичарни сўрасак, бас, ҳамма танийди, уйларини кўрсатади. Бизни қизиқтиргани онахоннинг ҳар йили сумалак пишириши. Пиширганда ҳам кў-ўп пиширади.  Онахон тайёрлаган сумалакларни туманликлар  15 йилдан бери тотини  билади. Буғдой нав танлаб ўстиришдан пиёлаларга қайноқ сумалак сузилишигача бўлган жараёнга ўзи бош-қош бўлади.

— Шу кунгача маҳаллаларга, турли ташкилотлар жамоаларига сумалак пиширдим,- дейди онахон.

Қаҳрамонимиз суҳбатидан сумалак ҳақидаги маълумотларимиз кенгайиб боради.

-Сумалакни таомлар маликаси, деса бўлади. Чунки бошқа емаклардан фарқ қилади. Тайёрланиш талаблари ҳам ўзгача. Таом — малакли. У покизаликни,  яхши ниятни талаб қилади. Ювилмаган юз билан  унаётган буғдойга қараб бўлмайди, сумалак мазаси қочади.

Болалик чоғлар ёдга тушади. Раҳматли бувимлар ҳам “ундирилаётган буғдойга эрталаб юзингни ювмасдан қарамагин, буғдой хафа бўлади, кейин сумалак аччиқ пишади”, — дердилар. Биз буғдой турган жойдан ўтаётиб, юзимизни бекитволардик.

— Сумалак  таъмининг мазаси  атрофдаги кишилар ниятига, аҳиллигига ҳам боғлиқ, — суҳбатимиз давом этади, — шунинг учун ҳам араз-гиналарни унутинг, таомимиз асалдай тотли чиқсин,  дейман. Афсона бор: Ой билан Қуёш опа-сингил экан. Улар жанжаллашиб,  уришиб қолишибди. Ой Қуёшга ҳовучида игнани, Қуёш Ойга кулни сепиб юборган. Наврўз кунида улар ярашади. Гинани унутишади. Наврўзнинг одати, эзгулиги шунда!sumalak_08

Онахон манзилида тушиб биз билан хайрлашди. Биз эса кўкламни, Наврўзни ўйлаймиз. Юқорида сумалакка “малакли таом” дея таъриф берилди. Албатта-да, ахир таомни фаришта онахонларимиз бош бўлиб пиширишади. Наврўзимизда чиндан мўъжиза бор. Ахир баҳорни қозоносар бошлаб беради. Ўйин-кулги, куй -қўшиқлар қишнинг адоқ  бўлганини дараклайди. Кун ва тунлар тенглашиб, янги йилни бошлаб юборади. Йилни яхши ниятлар билан, тўла қозон атрофида кўпчилик бўлиб,  кутиб олишимизда катта ҳикмат бор. Етказганига шукур!

 

Озода МАМАДАЛИЕВА