— Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан касаба уюшма бюджети маблағлари ҳисобидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида жами 337 дона санаторий йўлланмалари тарқатилган. Уларнинг 59,4 фоизи, ёки 200 донаси ишловчи ходимлар оила аъзоларига ажратилган, — дейди  вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси молия бўлими мудири Роила Зоирова.

Ана шундай имкониятдан фойдаланиб оила аъзоларини соғломлаштирганлар орасида Худойберди Мирзалиев ҳам бор.

— Гулистон шаҳар 11 умумтаълим мактаби хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари бўлиб  ишлайман, — дейди Х.Мирзалиев. – Ўзимиз  ёш ва соғлом бўлганимиз учун сиҳатгоҳларга ота — онамизни юборишга эҳтиёжимиз бўлади. Яхшиямки, касаба уюшмаси бизга шундай имконни бериб келмоқда. Отам Мезомқул Мирзалиев қон босим, асаб касаликлари билан оғриб келадилар. Бу йил шифокорлар билан маслаҳатлашиб Фарғона вилоятидаги Чимён санотариясига йўлланма олдим.

— “Чимён”га илк боришим,  -дейди Мезомқул Мирзалиев. — Менда даволаниш йўлланмани қўлга олганимда бошланди, очиғи. Фарзанднинг эътибор бериб, “дам олиб келинг”, деган бир оғиз гапи  кўнглимизга ширин дармон бўлар экан. Қолаверса, сиҳатгоҳ шифокорлари,  ҳамширалари ҳаммалари бир бўлиб  шифо топишимга кўмаклашишди. Ҳозир соғлиғимдан умуман шикоят қилмаяпман.  Йўлланма нархининг 45 фоизи  касаба уюшмаси аъзолик бадаллари ҳисобидан тўланиши ҳам катта енгиллик бўлди.

 

Озода МАМАДАЛИЕВА,

“Ishonch” мухбири