Яқинда ишхонада ишлаб ўтирсам, телефон жиринглаб қолди. Гўшакни кўтардим:

-Алло, Зебо опамисиз? –деб сўради ҳаяжонли овоз.

-Зебо опаман, ассалому алайкум, — деганимни биламан, “ура, топдим” деган шодон товуш эшитилди гўшакдан.  — Мен сизни топдим! Сизни қанча вақт  излаганимни биласизми? 2004 йилдан буён излайман! Бу вақт ичида вилоятда фаолият юритаётган, ўша пайтда матбуотда ишлаган  барча журналистлардан суриштирдим. Аммо, ҳеч ким сизнинг қаерда эканлигингизни айтмади. Кейинчалик, 2006 йилда келганимда “опа, Тошкентга кўчиб кетди, “Ўзбекистон”каналида ишлаяпти” дейишди…Ўшанда жуда ўкиниб қайтганман уйга…

-Тўхтангчи? – дедим қизиқсиниб. – Сиз асли кимсиз? Мен сизни танийманми? Ахир мен ҳеч қаерга кўчмадим. Шу йиллар ичида фақат вилоят матбуотида ишладим-ку? Тўғри республика нашрида ишладим, аммо вилоят бўйича мухбир бўлиб. Бу вилоятда мени танимаган одам йўқ, деб юрардим. Шу жумладан, ўзим ам кўпчиликни танийман…

-Мен Сайхунободданман, Хосият Хасановаман, — деди товуш ҳаяжондан қалтираб. –Эслайсизми, “Қашқадарё” маҳалласини? Ўша ҳудудда отам раҳматлик фермер эдилар, сиз бизнинг уйимизга ҳам келгансиз. Отам раҳматликдан интервью олган эдингиз. Сўнгра мен сизга шеърларим ёзилган дафтарни бергандим. Ўқиб кўриб, мақтагансиз. Кейин креслога ўтқизиб, шеър ўқитган ва уни тасвирга олган эдиларингиз. Кейинчалик ушбу лавҳа “Сирдарё” телеканалидан узатилган, мен маҳаллада “шоира қиз” бўлиб танилиб қолган эдим. Эсингиздами?

Эсимга тушди. Эсладим. Келбатли, басавлат отаси бор эди Хосиятнинг. Ҳар йили режасини ортиғи билан уддалар эди, илгари хўжаликда бригадир бўлиб ишлагани, ишнинг кўзини билгани учун ҳудуддаги барча Темир отани қаттиқ ҳурмат қилишлигини эшитган эдим. Қизиғи Хосиятни ҳам эсладим, бир кўзига оқ тушгани учунми, қисиниб, қимтиниб ёнимга келган, чиройли, сермазмун шеърлар ўқиб берган эди.

-Хотирангиз яхши экан, ҳаммасини эсладингиз-а? – деди Хосият қувониб. –Зебо опа, ўшанда турмуш ўртоғингиз тасвирчи эди, жуда чиройли, келишган йигит эди хўжайинингиз. Яхши юрибдиларми?

Турмуш ўртоғимнинг узоқ йили қазо қилганини эшитиб, Хосиятнинг товуши ғамгин чиқади: — Вой, эсиз, жуда ёш кетибдилар-да! Болаларингиз яхшими ишқилиб?

Суҳбат асносида тағин гап ўша шеърлар ёзилган кўк дафтарга бориб тақалади.

-Зебо опа, ўша дафтаримни таҳрир учун олиб кетган эдингиз, эсингиздами? Кейин сизни топа олмадим. У пайтларда мобил телефон йўқ эди. Ҳаммадан бир-бир сўраб чиқдим, ҳеч ким қаерда яшашингизни, телефон рақамингизни айтмади. Бир мунча вақт “Сирдарё ҳақиқати” газетаси таҳририятига қатнаб юрдим. Мақолалар ёздим. Бир неча маротаба Сирдарё телевидениесига бордим. У ердагилардан суриштирдим. Аммо, сизни топа олмадим…

Қарангки, Хосият мен билган қадрдон журналистлар, газета ва телевидение муҳаррирларидан бирма-бир сўраб чиққан, аммо, ҳеч ким мени “танийман, фалон жойда ишлайди”, демаган экан. Ахир ўша йилларда телевидение бош муҳарририман деб югуриб-елиб ишлаб юрмаганмидим? Радиода таниқли инсонлар билан “Бевосита мулоқот”ни йўлга қўйиб, жонли суҳбатларни эфирга узатар эдим-ку? Айни Хосият санаган инсонлар ҳам студиямиз меҳмони бўлишган неча маротаба. Шу онда, рости, кулгим келди, бу севинчи кулгуси эмас, балки ўз устимдан бўлган изтиробли кулгу. Шунча йил шу инсонлар “Зебохон, Зебохон” дептилар-у, аммо, бир бечора учун мени танишлигини айтишга ор қилишибди. “Тўхта-чи”, — дедим ўзимга ўзим. Балки қизим туғилган йили шундай бўлгандир? Қизим саккиз ойлик туғилгани учун бир йил муддат бола парваришлаш  таътилида ўтирганман. Кўп касал бўлар, касалхонада ётар эдик. Балки шунда келгандир Хосият? Аммо, нега мени Тошкент шаҳрига кўчиб кетган, дейишган?

  • Хосият, телевидение ва радиода ишлаган кезларим жуда қаттиққўл раҳбар бўлганман, — дея тан олдим айбимни. – Балки шунинг учун, мухбир ва тасвирчилар билмаймиз, дейишгандир?
  • Йўқ, ўша пайтда олдимга чиққан инсон – бу масканнинг раҳбариман, деган эди. Кейинчалик шу инсонни кўп маротаба турли тадбирларда учратдим. “Мен шу ернинг раҳбариман, у аёл бу ердан кетган, биз билмаймиз қаерга кетганини…” деган эдилар…

Ўша пайтдаги раҳбаримизни эсладим. Мулойим сўзлаб, киши сирини оладиган инсон эди. Негадир шу раҳбар келгач, телевидениедан кетиш ҳаракатига тушиб қолганман. Дастлаб, турмуш ўртоғим ўзи жондан севган тасвирчиликдан кетди, кейинчалик, уйларни таъмирлайдиган уста бўлди. Мен ҳам атрофимда нималардир бўлаётганини сезар, бу даргоҳдан, ўзимнинг биринчи уйим бўлиб қолган даргоҳдан кетгим келар эди. Ана шу кезларда республика нашрларидан бирига мухбир бўлиб ўтиб кетдим. Гарчи у даргоҳда ҳам кўплаб қийинчиликлар бошимга ёғилса-да, ортимга бурилмай кетдим.

-Хосият, синглим, ҳаётда инсон кўп хатолар қилади, билиб-билмасдан кимгадир қаттиқ тегиб қўйиши мумкин, аммо, ҳар нарсанинг жавоби бор, — дедим мулойимлик билан. –Демак, ўша пайтда вақт-соати келмаган учрашувимизнинг…

-Тўғрику-я, аммо, ўша кўк дафтарни сақлаганмикансиз, деган ташвишдаман-да…Ахир мен шу йиллар ичида биринчи гуруҳ ногиронига айландим, кўзларим умуман кўрмай қолди. Энди ўша шеърларимни топсам, китоб қилиб чиқарсам, дейман…

Беихтиёр телевидение остонасини тарк этган куним тушди ёдимга. Кечагидек эсимда, ҳужжатларни топширар эканман, ичига тўла шеър бўлган дафтарни китоб  қутимга солиб олган эдим. Аммо…

У дафтар 2012 йилда уйим таъмирга тушганида бошқа қоғозлар билан ахлатхонага тушмадимикан? Изтиробга тушдим. Уйга бориб, қараб кўришга ваъда бердим. Аммо, ўзимга ўзим ишонмас эдим. Эвоҳ… бу қандай кўргилик? Кўзи ожиз-у қалби яшнаб турган инсонга нима дейман энди?

Кечқурун дафтарни топа олмай, виждоним қийналиб ўтирсам, Хосиятнинг рақамидан телефонимга “смс” келди.

Қуйидаги мисраларни ёзиб юборибди:

Сиз менинг бир топиб, йўқотганимсиз,

Қалбимда умидлар уйғотганимсиз,

Сиз тунни ёритган ойга ўхшайсиз,

Ғуборларни ювар сойга ўхшайсиз!

 

Сиз менинг бир топиб, йўқотганимсиз,

Сувсиз саҳроларда гул очганимсиз,

Бир гулки сўлмасин асрлар, йиллар,

Ифорин таратсин ҳар ёнга еллар,

Сиз менинг бир топиб, йўқотганимсиз…

 

Кўзимга ёш келди! Кўзи очиғу қалби сўқир қанча одамни танийман? Ёнидан йиғлаб ўтганимда, ичида қониқиш туйган қанча “яқин”имни биламан? Шунда рус ёзувчиси М.Горькийнинг ибораси билан айтганда “одамларнинг ҳақиқий университет” эканлигини тушуниб етдим. Одамийлик сабоқларидан яна бир карра дарс олдим. Шундагина шоирнинг “…менинг кимлигимни эл билса бўлди..” шеърий сатрининг мағзини чақдим. Эл таниши, тан олиши учун нималар қилиш керак, деб ўйланиб қолдим. Ахир, қўлимда қаламдан бошқа нима бор?  Элнинг орзулари-ю дардларини, муаммолари-ю муваффақиятларини қоғозга туширишдан бошқа не келади қўлимдан? Яхши сўзми? Кимга қандай сўз ёқади?…

“Тинг” этган товуш чиқариб яна  бир “смс” келди. “Йўқотиб топганим опам, борингизга шукур!”

 

 

Зебо Ҳайдарова