Эшик очиқ бўлишига қарамай тақиллади. Даҳлизга чиқиб жавоб берсам,  “Рамазон айтиб келдик эшигингизга…”

Йилда бир бўладиган ҳолат. Соғиниб, яхшиликлар кутиб қарши олганимиз рамазон қўшиғини эшитиб, қувониб кетдим. Қўшиқларини эшитиб суюнчисини олиб чиқдим. Қарангки, Рамозон ойининг бир ҳафтаси ўтаётган бўлишига қарамай ҳар куни “рамазончилар“ келиб кетишни канда қилмайди. Кўчамиз болалари бўлмаганликлари учун уялишмаса керак. Болалар учун қизиқ-да, ўйин қиляпти, деган фикрларим ҳам ўзгариб бормоқда. Чунки олиши керак бўлган пулни ашуласига “қистириб” ўтишади. Ширинлик тутқазсам, “йўқ, керакмас, бизга пулини беринг”, деса бўладими. Ўзи айтимларини қўшиққа ҳам ўхшатиб бўлмайди. Талабалик йилларим филология фанлари номзоди, устоз Омонулла Мадаевдан рамазон қўшиқлари ҳақида маълумот тинглагандим: “Рамазон қўшиқни уйланмаган ёш йигит куйлайди. У 13- 14 ёшдаги  овоздорроқ ўспирин бўлиб якка ҳолда айтган. Ёнидаги ёш болалар нақорат қисмига жўр бўлишган. Йўлнинг ўртасига тушиб олишиб, куйлаб кетаверишган.  7- 8 ёшлардаги болакайлар қўлларида халта билан эшик ёнларига боришган. Эшитганлар топганларини, кимдир нон, биров пиёз, ёғ берган. Сўнгида йигитлар қозон осиб, тановул қилганлар. Уларнинг келишини ҳамма кутган. Рамазонда эшиги қоқилмаган хонадон лаънатланган ҳисобланган.” Домланинг маълумотларига онамдан эшитган гапларни қўшаман. Онам яшаган Ховос туманининг Қайирмаовулида худди шу қўшиқни “рамазончи чол” айтган. Айтиши ҳам бошқача, оғир ва чўзиқ оҳангда куйлаган.

Кўриниб турибдики, рамазон қўшиғи ҳақида тўғри билимга эга эмасмиз. Бунга  оддий болалар эрмаги сифатида қараймиз. Аслида бобо — бувиларимиз катта ҳурмат муносабатида бўлишган. Ҳозирда эса “рамазончиларимиз” бу қўшиқни кеч соат ўнда ҳам кўчада кулги-мазах билан куйлаб, нархлаб олишяпти. Уларнинг сафида қизалоқларимиз борлиги ҳам катта хатомиз. Биз катталар бунга бепарволик билан қарашда давом этаверсак, авлодларимизнинг  тилак қўшиғи – рамазон ҳақидаги тасаввурлари бутунлай ўзгариб кетмасмикин?

 

Озода МАМАДАЛИЕВА