Сайхунобод туманида касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, хонадон соҳибларига тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилиб, тадбиркорликни йўлга қўйиш, янги иссиқхоналар барпо этиш, қуёнчилик фермалари ташкил этишга катта эътибор берилмокда. Буларнинг самарасида қишлоқларда аҳоли бандлиги таъминланиб, уларнинг турмуши янада обод бўлиб бораётир.

Чунончи, жорий йилнинг ўтган беш ойи ичида Гулистон маҳалла фуқаролар йиғинида 50 та оилага ўз тадбиркорликларини йўлга қўйишлари учун тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилди. Маҳаллада яшовчи ёш тадбиркор Фарида Номозбоева ўтган йили тумандаги Гулистон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг тикувчилик йўналиши бўйича тамомлаган эди. «Асакабанк»нинг вилоят филиали тикув машинкалари сотиб олиш ва тикувчилик цехини йўлга қўйиши учун унга 15 миллион сўм имтиёзли кредит берди. Натижада ёш тадбиркор 4 та тикув машинкаси сотиб олиб, маҳалланинг марказий кўчасида алоҳида тикувчилик цехини ишга туширди. Айни вақтда цехда тўрт нафар ёш қиз самарали меҳнат қилаяпти. Улар тиккан кўрпа жилдлари, пардалар, келинлар учун уст-у бошлар, болалар ҳамда катталар кийим-кечаклари барчага манзур бўлаётир.

— Устозим Нодира Абдушукуровадан тикувчилик сирларини қунт билан ўргангандим, — дейди ёш тикувчи Фарида Номозбоева. — Бугун ўзим уч нафар ёш қизни ёнимга олиб, уларга устозлиқ қиляпман. Биз тиккан кийим-кечаклар, кўрпа жилдлари, пардалар ва айниқса, миллий услубдаги келин либослари қишлокдошларимга маъқул келгани, улар мушкулини енгиллаштираётганимдан мамнунман. Яна бир қувонарли жиҳати, цехимиз қошида ўқув маркази очиб, ўндан зиёд қизга тикувчилик сирларини ўргатяпман. Уларнинг кўпчилиги коллежни бу йил тамомлаётган ёшлардир.

 

Лола ХИДИРОВА