Боёвут тумани 1-Боёвут  ҚФЙ «Истиқлол» маҳалласида истиқомат қилувчи бир гуруҳ пенсионер  бобо ва бувилар билан суҳбатимиз “Аслзода Муродбек” фермер хўжалиги дала шийпонида бўлиб ўтди.

Нуронийларимиз фермер Вали Эшонқуловга  пахта терими олдидан “оқ фотиҳа” бериш учун келишган экан. Фермер ҳам улар учун дала бошида палов дамлаб,  чой қайнатиб,  нуронийларнинг ҳурматини жойига қўйиб, хушлаб турган  жойи экан. Давракашлик  энг сўзамол,  68 ёшли  Ойдиннисо момо Юнусовага тегди. Ойдиннисо момо ўзининг ва даврадаги дугоналари ва тенгдошлари  Сабоҳат момо,  Малоҳат момо ва Темур боболарнинг айтишича, синфида энг шўх қиз бўлган экан. Гавдали, қоши-кўзи ўтдек чақнаб турган Ойдиннисо ёшлигида кўп йигитларни оташида куйдирган, унинг қўлини ушлаш тугул,  кулиб қарашига зор бўлганлар қатор-қатор эканлар.

         Бир куни ковил териб юрсам, Иброҳим деган бир синфдошим ортимдан ҳеч қолмайди денг, — кулиб ҳикоя қилади момо. – Охири чидолмади шекилли, югуриб келиб, орқамдан қучоқлаб олди. Шундай энгашдим-да, бошимдан ошириб, ариққа отиб юбордим. Шалоплаб тушди. Кейинчалик бир умр, ҳар кўришганимизда “единг, Ойдин, бошни единг” деб кулиб юрди.

         Бу чиройли қиз бўлиб, ортидан ҳар куни бирортаси илашиб келарди уйигача, менга роса худо берарди шунда, қитмирроқ эдим, шекилли, эртаси куни кўча бўйи нечта симёғоч бўлса, шунинг барига “Ойдин+ Ғулом, Икром, Иброҳим” деб ёзиб чиқардим, — дейди кулиб Сабоҳат момо. – Ўзим лекин ўқишим яхшимаслиги туфайли синфда икки йил қолганман. Шўх ва қитмир бўлганим учунми, ўқишга бўйним ёр бермаган. Аммо, мактабни битириб, Гулистон шаҳридаги тиббиёт билим юртида таҳсил олдим ва ҳамширалик касбида буларнинг барчасининг  оиласи, бола-чақасига ўз хизматимни кўрсатдим. Саидқул отангиз билан турмуш қурдик, Аллоҳга шукур, болаларимизни уй-жой қилдик, ҳозир роҳатини кўриб ўтирибмиз. Кеча  кўчада ўтирсак, Вали ўтиб қолди, эртага пахтамни теришни бошлайман,  Саидқул ота ўтсинлар, “оқ фотиҳа берсинлар” дейди-да. И, мен-чи, — дедим. Валининг отаси Темур   билан мактабда бирга ўқиганмиз. Баҳонада уни кўриб, палов еб келамиз, дедим-да!

Сабоҳат момонинг ўсма қўйилган қошлари, дуррани ўзгача танғиб олгани, ўсмасига мос яшил рангда кўйлак кийганини, қўлларида узук, билагида кўзмунчоқларни кўриб, момонинг ҳам ёшлигида Ойдиннисо момодан қолишмаганлигини билса бўлади. Айниқса, Саидқул ота уни асраб-авайлаши шундоққина билиниб турибди-да.

         Булар-ку, бола-чақаларини жойлаб бўлишди, шу менинг икки ўғлим қолди-да уйланмаган, — деб арз қилиб қолди Ойдиннисо момо. – Ўзингиз биласиз, қизим, биз пайтимизда 50 ёшгачаям  туғаверардик, ҳозирги замонавий контрацепцияларни қаердан билибмиз. Озмас кўпмас 8 нафар ўғлим бор. Шу кунгача 6 та келин туширдим. Атрофим тўла невара. Аммо шу икки кенжатойим сал инжиқланиб, қиз танлаб куйдиришяпти-да…

         Ўғиллариям ўзига ўхшаган полвон, чиройли, танлаяпти-да, — дея кулади Сабоҳат момо. 

-Буларнинг ичида энг ёши улуғи ўзимман, — гапга қўшилади Малоҳат момо Худойқулова. – Бу йил 72 ёшга кирдим. Аммо,ҳозир ҳам баъзи ёшларга қараганда бардамман. Ҳаётим меҳнат билан ўтса-да, қоматим тик, Худога шукур, болаларимни ҳам меҳнат билан катта қилдим.  Бари уй-жой бўлди, Аллоҳ  насиб, Ойдиннинг ўғилларининг  тўйларидаям бош-қош бўламан.

-Мен ҳам буларга бегона эмасман,  ўртоғиман, — деб гапга қўшилиб қолди ўчоқ бошидан келган Темур ота. – Саидқул кампирининг ёнида гапиравермайди, аммо мен сизга айтсам, шу ўтирган қизлардан ўтган шўх-олови бўлмаган ўз пайтида. Ойдиннинг ҳаммани куйдириб-куйдириб, “ўтириб қолгани” ҳам рост.  Аммо, кейин 8 нафар ўғилни “тахлаб” ташлаганида роса ичимиз куйган…

-Биз пайтимизда ҳозирги шароитлар йўқ эди, — гапни узоқдан бошлади Саидқул ота. – Ҳозир ёшлар келинни интернетдан топиб олишяпти. Бизнинг энг интилган, энг суйган жойимиз ҳам  мактаб бўлган.

-Э, интернет зўр, —  гапни илиб кетди Темур ота. – Неваралардан “Одноклассники” га киришни ўрганиб, профиль очиб олганман. Илгари бизнинг қишлоқда руслар, украинлар, татар ва немислар яшаган. Ҳозир бутун МДҲ давлатларига тарқалиб кетган тенгдошларим, синфдошларимни битта-битта топиб, интернетда мулоқот қилиб  тураман. Ўзбекистонни, Боёвутни жуда соғиниб хат ёзишади. Мен ҳам “имкон топсангиз, келинглар, бизнинг бағримиз кенг, дастурхонимиз очиқ”,-  деб ёзаман.

Нуронийлар билан суҳбатнинг қизиб кетганидан вақт қандай  ўтганини  пайқамабмиз. Боёвут тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси Замира Исроилова келиб қолди-ю, туманнинг бошқа жойларида ҳам бўлиб, фаол аёллар билан танишишни таклиф қилди. Миллий  урф-одатимиз бўйича солинган чалпагу  дала ошини  ўзлари кексаю, кўнгиллари ёш отахон ва онахонларга қолдириб, кетар чоғи Сабоҳат момо ва Саидқул ота Йўлдошевлар хонадонига меҳмон бўлишга қаттиқ ваъдалар бериб хайрлашдик.

 

                                                                              Гузаля  Русланова.

/span/p/span