Асосий қонунимизда халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи сифатида эътироф этилар экан, аҳоли муаммоларини тизимли ўрганиш ва ўз вақтида ҳал қилиш ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари давлат органлари билан аҳоли ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, долзарб муаммоларни аниқлаш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан мурожаатларнинг кўриб чиқилишини таъминлашда ўзига хос самарали механизмга айланди.

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилиши натижасида фуқароларнинг аксарият муаммоларини қисқа муддатларда ҳал қилиш орқали уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш амалиётини яратишга эришилди.

Бу борадаги амалга оширилган ишларни чуқур таҳлил қилиш, соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда.

Хусусан, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бевосита фуқаролар билан ишлашга ўтишини, уларнинг халққа, жумладан тадбиркорлик субъектларига яқин кўмакчи бўлишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5633-сон Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимни янада такомиллаштириш, бу борада мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этиш ишларини жадаллаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига қуйидаги қўшимча вазифалар юкланди:

секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш фаолиятини доимий равишда мувофиқлаштириб бориш;

ҳудудларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, оммавий ва сайёр қабуллар ўтказиш тизимини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

маҳаллалар ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолашда иштирок этиш;

ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва ижросини назорат қилишда иштирок этиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига кўмаклашиш билан боғлиқ ишларини мувофиқлаштириш;

давлат хизматлари кўрсатиш фаолиятини мувофиқлаштириш;

фаолият йўналишлари бўйича жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш.

Мазкур вазифаларни ижросини таъминлаш учун Фармонда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига қуйидаги қўшимча ҳуқуқлар берилиши белгиланди, унга кўра Халқ қабулхоналари:

секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, мурожаатлар билан ишлаш, ижтимоий ва бошқа объектларда аниқланган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги фаолиятини тизимли ўрганиш, кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш, шунингдек секторлар фаолиятини баҳолашда иштирок этиш;

секторлар штаби таркибига киритилган давлат органлари ҳудудий бўлинмаларининг мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун уларни лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жавобгарликка тортиш бўйича юқори турувчи давлат органларига таклифлар киритиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан фаолияти учун зарур бўлган ахборотлар ҳамда ҳужжатларни сўраш ва олиш, уларнинг мутахассисларини жалб қилиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан улар фаолияти ва кўрсатадиган хизматларига оид тартиб-қоидаларнинг аҳолига тўлиқ ва тезкор етказилишини таъминлашга қаратилган чоралар кўришкаби қўшимча ҳуқуқларга эга бўлди.

Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш борасида мазкур Фармон қабул қилинганлиги аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар янада юқори босқичга кўтарилишини таъминлайди.

 

Ф.Сидиков,

 Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Сирдарё вилоят бошқармаси
бош инспектори                                                   

         Ш.Юлдашев,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Сирдарё вилоят бошқармаси
Сардоба туман бўлими бошлиғи в.б