Баъзан кап-катта кишиларнинг йиллаб йиғиб, бола-чақасининг томоғидан қийиб, сотиб олган мулкига бўлган муносабатини кўриб, “суф” дегинг келади. Баъзан эса , маст ҳолатда бўлган киши  бошқарувига транспорт воситасини бериб қўйганларга қараб ажабланасан. Нима бўлганда ҳам, шу машина йиллаб тўкилган пешона тери эвазига келган-ку?

Камига бирор бир инсон ҳаётига зомин бўлса-чи маст бошқарувчи? “Кейинги пушаймон-ўзингга душман” эмасми?

Мирзаободлик С.Айдаров ҳам маст ҳолатида транспорт бошқаришни яхши кўрадиганлардан чиқиб қолди. Қаҳрамонимиз Сайхунобод туман маъмурий судининг 11.02.2016 йилдаги қарори билан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлсада, жорий йилнинг 2 март куни тахминан соат 22:00 ларда ўз бошқарувидаги Д.Жураевга тегишли бўлган “Матиз” русумли, 01М902NA давлат рақам белгили автомашинасида амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 12-бандини бузиб, Сайхунобод туман ҳудудида спиртли ичимлик ичган ҳолда бошқариб, кетаётган вақтида Сайхунобод ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан аниқланиб ушланган.

Турган гапки, текширувлардан ўтган ҳайдовчининг  мастлик ҳолатида эканлиги  ҳақида баённома тузилган.

Суриштирув органи томонидан С.Айдаровнинг юқоридаги ҳаракатларига Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 131-моддаси 2-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, .Мирзаобод туман маъмурий судида кўриб чиқилди. Суднинг 2020 йил 22 апрелдаги қарори билан ушбу фуқаро Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 131-моддасин 2-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилиб,15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

 

 Ботир Сорабеков,

Мирзаобод туман маъмурий судининг раиси