Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш ва демократлаштириш борасида ривожланган давлатларда жорий этилган механизмлар амалиётга татбиқ этилди. Бунга мисол сифатида судларнинг мустақил ҳокимият тармоғи сифатида эътироф этилганлигини, ихтисослаштирилганлигини, дастлабки тергов ва қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораларининг муддатлари қисқартирилганлигини, ярашув тартибида иш юритиш ва апелляция инстанцияларининг жорий этилганлигини, қамоққа олиш эҳтиёт чораси, амнистия актларини қўллаш ваколатининг судларга ўтказилганлигини, ўлим ва мол-мулкни мусодара қилиш жазоларининг бекор қилинганлигини ва бошқа либераллашувни кўзловчи тадбирларни кўплаб келтириш мумкин.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрда қабул қилинган «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони жиноят-ҳуқуқий соҳани либераллаштириш ва қонунийликни таъминлаш борасидаги ислоҳотлар жараёнида мутлақо янги даврни бошлаб берди.

Ушбу Фармоннинг эътиборга сазовор жиҳати шундаки, бугунги кунда муқобил жазоларнинг самарадорлигини ошириш ҳукуматимизнинг диққат-марказида турибди. Бизнингча, янги муқобил жазоларни иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар учун жавобгарлик белгиланган нормаларга пенализация қилиш бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этади. Чунки, уларни пенализация қилиш қуйидагилар билан белгиланади:

биринчидан, муқобил жазоларнинг кенг қўлланилиши жиноят ҳуқуқида инсон ҳуқуқларини таъминловчи асосий мезон бўлиб хизмат қилади;

иккинчидан, муқобил жазолар, моҳият эътибори билан, жиноят қонунини либераллаштиришнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади;

учинчидан, муқобил жазоларни қўллаш шахсни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш имконини беради;

тўртинчидан, муқобил жазоларни қўллаш давлат учун ҳам маъқулдир (иқтисодий маънода — бюджет маблағларини тежаш, ижтимоий маънода — озодликдан маҳрум этиш муассасаларидаги шарт-шароитнинг маҳкумга салбий таъсирини олдини олиш ва б.қ.)

ва ниҳоят бешинчидан, миллий қонунчилигимизда муқобил жазоларнинг кенг жорий этилиши халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоида ва тамойилларига мос бўлиб, ўз навбатида, миллий сиёсатнинг халқаро-ҳуқуқий сиёсат билан ўзаро ҳамоҳанглигини таъминлашга хизмат қилади.

Маълумки, мажбурий жамоат ишлари — бу маҳкумнинг асосий иш ва ўқиш вақтидан бўш бўлган вақтда бепул жамоат ишларининг бажарилишига жалб этилишида ифодаланадиган жазо тури ҳисобланади. Жамоат ишлари суд томонидан 16 ёшдан ошган шахсларга жиноят учун жазо тури сифатида қамоқ қўлланилиши мумкин бўлган ҳолда, башарти ҳукм қилинган шахс мазкур муқобил жазони ўташга ва белгиланган барча талабларни бажаришга розилик билдирган, маҳкумнинг шахси мазкур жазога мувофиқ эканлигига суднинг ишончи комил бўлсагина тайинланади.

Айтиш мумкинки, мажбурий жамоат ишлари тариқасидаги жазо турини жиноят қонунига, яъни Ўзбекистон Республикаси ЖК умумий қисмининг тааллуқли моддасига «мажбурий жамоат ишлари» жазосини киритилиши мақсадга мувофиқ бўлди. Бу ўз навбатида, судда озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турларини қўллаш имкониятини янада кенгайтиради.

Ушбу жазо турининг тарихига назар соладиган бўлсак, суднинг ҳукми билан айбли деб топилган шахсни жамоат ишларига жалб этиш илк бор 1975 йилда Англия ва Уэльсда қамоқ жазосига муқобил сифатида жорий этилган. Унинг мақсади жиноятчиликнинг олдини олиш ва айбдорнинг қайта ижтимоийлашувига жазолаш (мажбурий бепул меҳнат) ва даромадсиз ташкилотлар, уюшмалар, черковлар учун ҳар хил турдаги ижтимоий фойдали фаолиятни бажариш орқали кўмаклашишга жалб этиш орқали маҳкумни ахлоқан тузатишдан иборатдир.

МДҲ давлатларидан Арманистон (ЖК 54-модда), Беларус Республикаси (ЖК 49-модда), Грузия (ЖК 44-модда), Латвия (ЖК 40-модда), Литва (ЖК 46-модда), Молдова (ЖК 67-модда), Озарбайжон (ЖК 47-модда), Россия Федерацияси (ЖК 49-модда), Украина (ЖК 56-модда), Қирғизистон (ЖК 43-модда) ва Қозоғистон (ЖК 42-модда) давлатларининг жиноят қонунларида ҳам мазкур жазо тури назарда тутилган бўлиб, улар турлича номланади. Мисол учун, Арманистон, Беларус Республикаси, Озарбайжон, Украина, Қирғизистон, Қозоғистонда жамоат ишлари деб, Грузияда ижтимоий фойдали меҳнат, Молдовада жамият фойдасига ҳақ тўланмайдиган меҳнат, Латвия, Россия Федерацияси, Тожикистонда мажбурий меҳнат ҳамда Литвада оммавий ишлар деб аталади.

Гарчи мазкур давлатлар жиноят қонунчилигида ушбу жазо турли хил ном билан ифода этилган бўлса-да, улар мазмунан бир хил жазо тури ҳисобланади ва фақатгина бир-биридан жазо муддати, тайинлашнинг айрим шартлари билан фарқланади.

Айрим Европа давлатларида, хусусан, Буюк Британияда жамоат ишларининг маҳкум йил мобайнида ишлаб бериши лозим бўлган соатларининг умумий миқдори 40-240 соат атрофида бўлади (вояга етмаганлар учун соатлар миқдори 120 соатдан ошмаслиги керак). Мажбурий жамоат ишлари айбдорнинг бўш вақтида, одатда, кечқурун ва дам олиш кунларида ва назорат қилувчи органлар кузатуви остида бажарилади. Жазога тортилган шахслар турли ижтимоий топшириқларни бажарадилар: боғлар, кўчалар ва хиёбонларни тозалаш, безаш ва тартибга солиш, кўчатлар экиш, деворларни оқлаш, бўяш ва таъмирлаш, жамоат биноларини безаш, қариялар ва беморларга ёрдам кўрсатиш, маҳаллий жамоаларнинг ижтимоий дастурларини амалга оширишда иштирок этиш ва ҳоказо.

Швецияда 1993 йил 1 январдан муқобил жазонинг мазкур тури жорий этилган бўлиб, у пробациянинг махсус шакли ҳисобланади. Бу санкция қўлланилган айбдор шахс жамият фойдасига 40 соатдан 200 соатгача бепул ишлаб бериши шарт (кечки пайт, дам олиш кунлари). Мазкур санкция асосан 18 ёшдан 24 ёшгача бўлган шахсларга нисбатан қўлланилади.

Португалияда жамоат ишлари қамоқ жазосига муқобил санкция сифатида суд томонидан қасддан содир этилмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятлар учун қўлланилади. Мажбурий ишларнинг соатлари миқдори 180 соатга етиши мумкин. Маҳкум доимий иш жойига эга бўлса, у 8 соатлик иш кунига қўшимча тарзда ҳар куни 2 соат мажбурий ва текинга ишлаб бериши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, муқобил жазоларнинг самарадорлигини оширишда мажбурий жамоат ишлари жазосининг қонунчиликка жорий этилиши, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, кўплаб ижобий жиҳатлари билан ўзини оқлаб келмоқда. Қолаверса, жиноят қонунчилигимизни яна бир инсонпарварлик нормаси билан тўлдирилишига хизмат қилади.

 

Равшан Норбоев,

 Сирдарё вилоят прокуратураси

бўлим бошлиғи