Никоҳ-муқаддас ришта. У орқали нафақат икки қалб, қўш вужуд боғланади, балки қон-қариндошлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр юзага келади. Шу боис ҳам халқимиз азалдан никоҳ масаласига жиддий қараган, турмуш қуриш масаласини фақатгина ёшларнинг ўзига ташлаб қўйишмаган. Эҳтимол, ота-боболаримиз, момоларимизнинг ибратли турмуши, ажралиш деган балодан йироқлиги, оиладаги руҳий мувозанат, соғлом дунёқараш, солиҳ фарзандлар анашу омилларга боғлиқдир.

Бугунги кунда оилавий можароларнинг олдини олиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, давлат ташкилотларининг бу борадаги масъуллиги оширилган. Мисол учун,  оилаларни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ва Олий суд ўртасида меморандум имзоланди. Унга кўра, республика ҳудудларида ажралиш ёқасига келиб қолган оилалар билан якка тарзда ишлаш йўлга қўйилган.

Бу борада туманимизда ҳам қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, юқорида номи зикр этилган меморандумга асосан оилавий низолар маъмурий судлар билан ҳамкорликда чуқур ўрганилиб, уларга қилаётган ишларининг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилмоқда. Бу эса албатта ўзининг ижобий самарасини бераётир. Масалан, Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан ташкил этилган маъмурий судлар фаолияти низоли оилаларни яраштириш, ажралиш ёқасига келиб қолган оилаларни сақлаб қолишда муҳим аҳамият касб этмоқдаки, буни қуйидаги мисоллар ёрдамида янада аниқроқ ҳис этамиз.

…Мирзаобод тумани М. Улуғбек МФЙ ҳудудида яшовчи С. М. ва М. Я. кўпчилик қатори бахтли оила эдилар. Афсуски,  эрининг мунтазам спиртли ичимлик истеъмол қилиши аёлнинг асабларини кемира бошлади. Шундай кунларнинг бирида С. таниши С. билан ўз уйида ароқ ичиб, турмуш ўртоғи М. билан арзимаган баҳона билан жанжал кўтаради ва аёлини турли уятли сўзлар билан ҳақарот қилиб, унинг шаъни ва қадр қимматини пастга уради. Бу ҳам етмагандек унга енгил тан жароҳати етказади. Вазият таранглашиб, иш судгача етиб келди. Туман хотин-қизлар қўмитаси ва туман маъмурий суди ушбу эр-хотинни имкон қадар бир-бирларини кечиришга, ўрталаридаги фарзандни тирик етим қилмасликка чақириб, ажралишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида жонли мисоллар билан тушунтириш бердилар. Уринишлар бесамар кетмади, эр-хотин суд залида яраштирилдилар. Бундай мисоллар талайгина.

Шунингдек, туман хотин-қизлар қўмитаси ва мазкур суд томонидан маҳаллаларда ўтказилаётган сайёр судларда, мавзуга доир давра суҳбатларида,  ўқув даргоҳларида ташкил этилаётган учрашувларида оилаларда эр-хотин вазифалари, ота-она, фарзанд, ака-ука, опа-сингил ўрнини мустаҳкамловчи, инсоний қадриятларни сақловчи, одоб-ахлоқ, меҳр-муҳаббат каби амалий манбаларга эҳтиёж ниҳоятда юқори эканлигини англаймиз. Бу борада ҳали ҳамкор ташкилотлар билан олдимизга кўйилган вазифаларни оғишмай бажаришда анчайин тер тўкишимиз лозим.

Аслида, оила қуришдан осон иш йўқ. Аммо уни асрай билаш, гард қўндирмй ҳимоя қилиш энг катта қаҳрамонликдир. Бунда эса ҳар бир давлат ташкилотининг ўз вазифаси бор. Оилалар мустаҳкамлиги-юрт келажаги тимсолидир.

Шоҳиста Джумабаева,

Мирзаобод туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.