Бугунги кунда ахолини,айникса ёшларнинг чет тилларини ўрганишга бўлган қизиқишларини хисобга олган холда жойларда ўқув курслари ташкил этилиб,улар учун замонавий билим олиш ва истаган хориж тилларини ўрганиш имконияти яратилмоқда.

Албатта, бунда  фаолият юритиш учун махсус лицензиялаш тартиби мавжуд. Хўш,унинг ҳуқуқий асослари қандай белгиланган? Мақоламизда нодавлат таълим муассасаларининг чет тилларини ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш соҳасида фаолият кўрсатиши ҳуқуқига лицензия бўйича давлат хизматиини кўрсатишга доир айрим маълумотларни бериб ўтишни лозим топдик. Энг аввало, бу борадаги  фаолиятни лицензиялаш Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 2013 йил 14 июндаги 169-сон қарори билан тасдиқланган  низом асосида  амалга оширилишини таъкидлаб ўтмоқчимиз..

Ушбу Низомга кура дастлаб лицензия талабгори чет тилларни ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш соҳасидаги фаолияти билан бир вақтда таълим тури бўйича бошқа фаолиятни амалга оширган тақдирда бевосита Вазирлар Маҳкамасининг нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш комиссиясига лицензия бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунда нодавлат таълим муассасаларининг чет тилларни ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига намунавий, яъни оддий лицензиялар берилади.. Лицензия таълимнинг ҳар бир тури учун алоҳида берилади.Яна шуни айтиш керакки, тегишлигига кўра  лицензия       5 йил муддатга берилади, лицензиянинг муддати тугагандан кейин белгиланган тартибда узайтирилиши мумкин. :

Ушбу мақсаддаги фаоллиятни кўрсатишда Ўзбекистон Республикасининг таълим соҳасидаги қонун ҳужжатларига мажбурий риоя қилиш, таълим дастурларини чет тилларга ўқитиш бўйича давлат талабларига мувофиқ амалга ошириш; таълимнинг мажбурий равишда дунёвий характерда бўлиши, таълим жараёнида урушни, зўравонликни тарғиб қилишдан фойдаланишга,  фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинлиги камситилишига, мамлакатдаги хавфсизликка ва ижтимоий-сиёсий барқарорликка, жамиятнинг ҳуқуқий ва маънавий асосларига, фуқаролар осойишталигига, миллатлараро ва динлараро тотувликка раҳна солинишига, Ўзбекистон тўғрисида нотўғри ахборотлар тарқатилишига ҳамда унинг тарихий, маданий ва маънавий қадриятлари бузиб кўрсатилишига йўл қўймаслик лицензиянинг асосий  талаб ва шартлари сирасига киради. Бунда лицензия талабгорида лицензияланаётган фаолиятни бажариш учун мўлжалланган, унга мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ билан тегишли бўлган, белгиланган талабларга мувофиқ бинолар (хоналар)нинг мавжудлиги, чет тилини тегишли базавий маълумотга эга бўлган, малакаси таълим дастурларининг белгиланган даражасини таъминлайдиган, шунингдек, уларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан бериладиган чет тилини билиш ва эгаллаб олганлик даражаси тўғрисидаги давлат намунасидаги малака сертификати мавжуд бўлган шахслар томонидан ўқитиш, ўқув режаларига ва таълим дастурларига мувофиқ ташкил этиш, аудиторияларни, ўқув хоналарини замонавий ахборот-коммуникация асбоб-ускуналари, ўқитишнинг техник воситалари ва анжомлар билан жиҳозлаш алоҳида назарда тутилган,.

Шу ўринда  лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилиши,.  йиғим суммаси ишчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилиши, лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия талабгорининг аризаси олинган кундан бошлаб ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилиниши ҳақида ҳам айтиб ўтиш муҳимдир. Яна эслатиш жоизки,нодавлат таълим муассасаларининг фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига лицензия берганлик ва унинг амал қилиш муддатини узайтирганлик учун  энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади. Давлат божи республика бюджети даромадига ўтказилади.

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-24-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда комиссия қарорига кўра амалга оширилади.

Ҳудудий комиссиянинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, уни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. Ҳудудий комиссия қарори суд томонидан асоссиз деб эътироф этилган тақдирда ҳудудий комиссия лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.

 

                                                                                  Дониёр МАНГИТОВ,

 Оқолтин тумани давлат хизматлари маркази давлат рўйхатидан ўтказиш ва руҳсат берувчи

ҳужжатларни расмийлаштириш хизматларини кўрсатиш бўлими бошлиғи.