Ўзбекистонда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритади

“Нодавлат нотариал фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” Ҳукумат қарори (156-сон, 16.03.2020 й.) қабул қилинди. Қарор билан Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга кўра, хусусий нотариус фаолиятини лицензиялаш, уларни ҳисобга қўйиш ва ҳисобдан чиқариш Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, ҳудудий адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Хусусий нотариус юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритади, банкда ҳисобварақ очади, ходимлар билан меҳнат шартномаси тузади, иш фаолиятини ташкил этиш учун мутахассислар ва юридик шахслар билан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузиш ҳуқуқига эга.

Хусусий нотариус ўз фаолиятини бошлашдан олдин фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилдириши шарт.

Нотариуснинг номида “хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус” сўзлари бўлиши, тегишли туман, шаҳар кўрсатилиши лозим.

Хусусий нотариуснинг муҳри Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган ягона намунага мувофиқ тайёрланади.

Хусусий нотариус стажёр, ёрдамчи, котиб, нотариал фаолиятни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ходимларга (таржимон, курьер ва б.) эга бўлиши мумкин.

Хусусий нотариус ўзининг иш ва дам олиш вақтини мустақил белгилайди.

Нотариал ҳаракатлар “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Хусусий нотариус томонидан ундириладиган тушумлар давлат бюджетига солиқлар ва бошқа тўловлар тўлангандан сўнг нотариуснинг тасарруфига ўтади.

Хусусий нотариус 25 ёшдан кичик бўлмаслиги керак

Қарор билан Хусусий нотариал фаолиятни лицензиялаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

✅ Унга кўра, лицензия олиш учун талабгор: ⬇️
🔹 25 ёшдан кичик ва 65 ёшдан катта бўлмаслиги;
🔹 олий юридик маълумотга эга бўлиши;
🔹 юридик мутахассислик бўйича 3 йиллик стажга эга бўлиши (шу жумладан нотариал идорада камида 1 йил стажировка ўтаган бўлиши);
🔹 малака имтиҳонини топшириши шарт.

Судьялик лавозимида камида 5 йил ишлаган ёки нотариус ёрдамчиси ёхуд адлия органларининг нотариал фаолиятига раҳбарлик қилиш, ушбу фаолиятни назорат қилиш билан боғлиқ лавозимларда камида 3 йил ишлаган шахслар стажировкадан ўтмасдан имтиҳонда иштирок этишга ҳақли.

Талабгорлар лицензия олиш учун давлат хизматлари марказларига (ДХМ) ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) рўйхатдан ўтади.

ДХМларда марказ ходими томонидан, ЯИДХПда мустақил равишда сўровнома тўлдирилади. Сўровномага тегишли ҳужжатлар электрон тарзда илова қилинади.

Давлат хизматини кўрсатиш учун БҲМнинг ярим баравари (111 минг 500 сўм) миқдорида йиғим ундирилади. ЯИДХП орқали мурожаат этилганда йиғимнинг 90 фоизи (100 минг 350 сўм) ундирилади.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияси 15 иш кунигача бўлган муддатда сўровномада кўрсатилган маълумотларни ўрганиб чиқади.

Ўрганиш натижасига кўра талабгорнинг малака имтиҳонида иштирок этиш ёки иштирок этишини рад этиш тўғрисида хулоса тузилади ва тасдиқланади.

Малака имтиҳони талабгорнинг малака имтиҳонида иштирок этиши мақсадга мувофиқ деб топилган хулоса тасдиқланган кундан бошлаб 5 кундан сўнг, лекин 15 кундан кечиктирмай ўтказилади.

Олиниши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 55 фоизидан юқори балл тўплаган талабгор имтиҳонни муваффақиятли топширган ҳисобланади.

Малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгор бўйича қарордан кўчирма тегишли адлия органига лицензия расмийлаштириш учун юборилади.

✅ Талабгор томонидан лицензияни олиш учун қонунчиликда белгиланган миқдорда давлат божи тўлангандан сўнг:
👉 лицензияловчи орган QR-код қўйилган лицензияни расмийлаштиради ва ДХМга ёки талабгорга ЯИДХП орқали юборади;
👉 ДХМ лицензия келиб тушган куни уни талабгорнинг электрон манзилига юборади ёки унинг сўровига асосан лицензияни қоғоз шаклда беради.

Фаолият юритаётган давлат нотариусларига хусусий фаолият учун лицензия фақат уларнинг аризасига асосан Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, ҳудудий адлия бошқармалари томонидан тўғридан-тўғри расмийлаштириб берилади.

Хусусий нотариус Нотариал палатанинг аъзоси бўлгач нотариусмақомини олади

Қарор билан Хусусий нотариал фаолият билан шуғулланувчи нотариусларни ҳисоб рўйхатига олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга кўра, хусусий нотариус ва унинг фаолият кўрсатиш манзили ҳақидаги маълумотлар ҳақида
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ва адлия бошқармалари (адлия органи) томонидан рўйхат шакллантирилади.

Хусусий нотариус рўйхатдан ўтказиш учун адлия органига хабарнома беради. Адлия органи хабарнома келиб тушганининг эртасидан кечиктирмай уни рўйхатга олади ва бу ҳақда Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармасини хабардор қилади.

Шундай хабарнома олинган кундан эътиборан хусусий нотариус Нотариал палатанинг аъзоси бўлади ва нотариус мақомини олади.

Хусусий нотариуснинг рўйхатдан ўтганлиги ва фаолият кўрсатиш ҳудуди ҳақидаги маълумотлар Норатиатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимидаги электрон реестрга киритилади.

Электрон реестр адлия органи томонидан юритилади.