Оилада фарзанд туғилди. Эр-хотиннинг бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббатининг меваси бўлмиш бу гўдак оилага бир олам қувонч ва шодлик олиб келди. Чунки оиланинг узулмас риштасини, авлоднинг давомчиси бола эканлиги барчага маълум.

Гўдак дунёга келиши билан давлатнинг ҳақиқий фуқароси ҳисобланади. Шу сабабли, уни фуқаролик рўйхатига қўшиб унинг туғилишини қайд эттириш ҳар бир ота-онанинг бурчидир.

«Бола туғилган заҳоти рўйхатга олинади ва туғилган дақиқасидан бошлаб исм билан аталиш ва фуқароликка эга бўлиш, шунингдек, иложи борича, ўз ота-онасини билиш ва уларнинг ғамхўрликларидан баҳраманд бўлиш ҳуқуқларини олишга ҳақли ҳисобланади.

«Бола ҳуқуқлари тўғрисида» Конвенциянинг  7-моддаси. 1989 йил, 10 ноябрь.

Ота-она ва болаларнинг бир-бирига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятлари боланинг насл ва насабига қараб белгиланади.

Ота-она ва болалар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларнинг келиб чиқишига асос бўлиб боланинг отадан пайдо бўлганлиги ва онадан туғилганлик юридик факти қонун билан белгиланган тартибда бўлиши лозим.

Оила кодексининг 60-моддасига биноан, боланинг шу онадан туғилганлиги (оналик) фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан, бола тиббий муассасанинг ҳужжатларига асосан агар, бола тиббий муассасада туғилмаган бўлса, у ҳолда бошқа далилларга асосан белгиланади.

Бола билан унинг онаси ўртасидаги ҳуқуқий муносабат, унинг қонуний никоҳда бўлган ёки бўлмаганлигидан қатъий назар, туғилиш фактига асосланади.

Аммо боланинг дунёга келишида унинг отаси кимлигини белгилаш эҳтимолига асосланади. Яъни: бунда агар бола қайд этилган никоҳда туғилган бўлса, онаси билан никоҳда бўлган шахс унинг отаси деган эҳтимолга асосланади. Бу шахснинг оталиги эҳтимолликка асосланиб, ушбу фактни исботлаш шарт эмас.

ФҲДЁ органи томонидан берилган боланинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома унда кўрсатилган ота-онадан боланинг пайдо бўлганлигини исботловчи ҳужжат ҳисобланади.

Туғилганлик ҳақидаги ариза бола туғилган кундан бошлаб бир ой ичида берилиши зарур.

Агар никоҳ тугагандан кейин уч юз кун ичида бола туғилса ва бу даврда аёл янги никоҳга кирган бўлса, бола янги никоҳда туғилган ҳисобланади. Бундай ҳолларда собиқ эр ёки унинг ота-онаси боланинг насл-насаби хусусида низолашиш ҳуқуқига эга.

Ҳаётингизда янги оила аъзоси пайдо бўлганлиги билан табриклаймиз! Бу кичик, беозор бола узоқ йиллар давомида ҳаётингиз мазмунига айланиб бахт ва қувонч келтирсин.

«Оила, — дейди мамлакатимиз раҳбари И.А.Каримов, ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга, келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишга бевосита таъсир кўрсатадиган таъсир ўчоғи»- шу фикрнинг ўзиёқ оилани эъзозлаш, унинг қадр-қимматини юксакга кўтариш бизнинг онгимизга мустаҳкам  бўлганлигининг далилидир.

 

Лола Муратова,

Боёвут туман ФҲДЁ бўлими мудираси.