Мустақил Ўзбекистон босиб ўтган 20 йилдан ортиқ ривожланиш даври, айниқса, охирги 10 йиллик жамоатчилик назоратининг асосий субъектлари, яъни, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари ривожига кенг йўл очиб бериш, оммавий ахборот воситаларини янада эркинлаштириш, фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий онгини ошириш, демократик қадриятларни халқимиз онги ва ҳаётига сингдириш даври бўлди.

Жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг жаҳон амалиётида кенг тарқалган шакллари — бу давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига оид жамоатчилик эшитувлари, жамоатчилик муҳокамалари, жамоатчилик экспертизаси, жамоатчилик таҳлили ёки мониторинги, жамоатчилик суриштируви, жамоатчилик текшируви, жамоатчилик сўрови, мурожаатлар, жамоатчилик ташаббуслари ҳисобланади. Шунингдек, яна бир кенг тарқалган кўринишларидан бири — бу давлатнинг мансабдорлар томонидан ўз лавозимини суистеъмол қилинишига қарши курашишни бевосита амалга оширувчи органлари билан жамоатчилик назорати субъектларининг ўзаро ҳамкорлиги бўлиб, мазкур амалиёт кейинги йилларда коррупциянинг олдини олишда энг самарали механизмлардан бирига айланди.

Шу боис, бугунги кунда, мансабдор шахсларнинг тўрачилиги ва коррупцияга қарши курашишининг энг самарадор воситаларидан бири — бу фаол фуқаролик позицияси ва доимий жамоатчилик назорати эканлиги кенг эътироф этилмоқда. Зеро, жамоатчилик назорати мавжудлигининг ўзиёқ мамлакатда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг юқори даражаси ва сифатидан далолат беради.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, «… кучли ва фаол фуқаролик жамияти институтлари — бу давлатнинг коррупцияга қарши курашиш сиёсатини қўллаб-қувватловчи, уни амалга оширишга кўмаклашувчи асосий куч ҳисобланади. Коррупция деб аталмиш касалликнинг  энг катта ва энг таъсирчан шифоси борки бу —  жамоатчиликнинг доимий назоратидир. Ҳали иситмаси чиқмасдан туриб, раҳбарнинг биз айтган дардга («масъулиятсизлик», расмиятчилик, бепарволик, суиистеъмолчилик») чалинганини ким биринчи бўлиб сезиши мумкин? Албатта унинг атрофида яшаётган ва меҳнат қилаётган жамоа, жамоатчилик». Чунки, давлат органлари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат қилувчи органлар ҳар доим ҳам тўрачилик, коррупция каби иллатларга барҳам бериш, яъни уларни мунтазам назорат қилиш ёки кузатиб бориш имкониятига эга бўлмайди, улар одатда олдиндан тузилган режалар ва танлов асосидаги текширувлар, шахсларнинг мурожаатлари кабилар орқали ёки ҳуқуқбузарлик аломатлари сезилгандагина хабардор бўлишади, жамоатчилик эса, айнан мансабдор шахслар билан ҳар куни, ҳар соатда тўқнаш келади.

Мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, мансабдор шахсларининг фаолияти фуқаролар олдидаги доимий масъуллик тамойили асосида ривожланмоқда. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасида «Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар», деб белгилаб қўйилган. Асосий қонунимизнинг мазкур талаблари давлат ҳокимияти органларининг фаолиятида мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширади ҳамда давлат органларининг фуқаролар олдидаги мажбуриятларни белгилаб беради.

Шу боис, давлатимиз раҳбари  «Бунги кунда фақат иқтисодиётга эмас, балки, энг аввало, республиканинг сиёсий ва халқаро нуфузига катта зарар етказаётган энг хавфли иллат — коррупциядир. У айрим ҳолларда ўта хавфли тусга кирмоқда», дея огоҳлантириб, жиноятнинг бу тури бошқарув аппаратини издан чиқарибгина қолмай, бозор асосларини ҳам барбод қилиши мумкинлигига яна бир бор алоҳида эътибор қаратганлар.

Дарҳақиқат, охирги йилларда мамлакатимизда нодавлат ва нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг, умуман фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва аҳамиятини кучайтиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Натижада, «нодавлат ва жамоат тузилмаларининг, биринчи навбатда демократик қадриятлар, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимият органлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти устидан тўрачилик ва коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаси бўлган жамоатчилик назоратини кучайтиришдаги ўрни ортиб бораётганини кўриб турибмиз».

Ўз навбатида, жамоатчилик назорати мансабдор шахсларга улар ҳар доим кенг жамоатчилик назари остида эканлигини, ўз мансаб лавозимига мос хулқ-атворга эга бўлишини лозимлигини, фақат қонун доирасида фаолият юритишини ва акс ҳолда, уларга нисбатан тегишли чора-тадбирлар қўлланилиши мумкинлигининг асосий воситаси бўлиши лозим. Зеро, мамлакатимизнинг барча соҳаларида олиб борилаётган жадаллаштириш, аҳолимизнинг қабул қилинаётган қарорлардан хабардор бўлиш ва уларнинг ижросини таъминлашга таъсир ўтказиш имконини кенгайтириш, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш — ўз олдимизга қўйган юксак мақсадларга етишиш учун ғоят муҳим аҳамият касб этади.

 

Д.Шамсиева,

Сайхунобод тумани ФҲДЁ органи мудираси.