Сўнгги вақтларда гиёҳвандлик воситалари савдогарларининг жирканч қилмишлари фош бўлаётгани ҳақидаги хабарларга гувоҳ бўлаяпмиз. Лекин, негадир заҳри қотилни даромад манбааига айлантираётганлар учраб турибди. Бу каби жиноятга жазо муқарралигини билиб турса-да, жуда кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини вилоятга олиб киришга уринган жиноий гуруҳ аъзолари  ҳуқуқ- тартибот органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинди. Шу ўринда савол туғилади. Юзлаб инсонларнинг ҳаётини барбод қилувчи заҳри қотил савдогарларига миллий қонунчиликка асосан қандай жазо тайинланди?

Тўққиз нафар шахс олдиндан ўзаро тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб 2022 йил 6 август кунидан 7 август кунига ўтар кечаси Қўқон шаҳрида яшовчи нотаниш аёлдан тахминан 20 гр. “гашиш” гиёҳвандлик моддасини 2.600.000 сўмга сотиб олишади. Шундан сўнг  такси буюртма қилиб,  “Нексия 2” русумли автомашинада Сирдарё туманига келишади ва  сотиб олган кўп миқдордаги “гашиш” гиёҳвандлик моддасини электрон тарози орқали қисмларга ажратиб сотишга тайёрлашади. Ушбу “гашиш” гиёҳвандлик моддаси учун олдиндан буюртма берган Сирдарё туманида яшовчи шахсга 9.84 гр “гашиш” гиёҳвандлик моддасини 3.000.000 сўмга сотиб, қолган 1.09 гр миқдордаги “гашиш” гиёҳвандлик моддасини шерикарига тегишли бўлган “Нексия 2” русумли  автомашинанинг орқа йўловчи ўнг томонидаги эшикнинг чўнтагида сотиш мақсадида олиб юришган вақтда ҳуқуқ — тартибот органлари томонидан ўтказилган  тезкор тадбир давомида ушланади. Яъни,  кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситасини сотиш жиноятини ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказа олишмайди.

Судда аниқланишича, бу шериклар Қўқон-Сирдарё йўлида 0.5 литр ҳажмдаги елим идишда ушбу гиёҳвандлик моддасининг бир қисмини истеъмол учун тайёрлаб, истеъмол қилишга ҳам улугуришган.

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман судининг навбатдаги суд мажлисида кўриб чиқилган бу ишда мавжуд далиллар, гувоҳларнинг кўрсатувлари ва  содир этган жиноятининг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, содир этган жиноятлари ўта оғир жиноятлар туркумига кириши, гиёҳвандлик воситасининг тури ва миқдори, содир этилган жиноятларида иштирокчилик роли,  муқаддам судланиб, судланганлик холатини тугамасдан қасддан янги жиноят содир этганлиги инобатга  олиниб, тўққиз нафар оғуфурушга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан уч йилдан ўн тўрт йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш ва озодликни чеклаш билан боғлиқ бўлган  жазолар  тайинланди.

Энг ачинарлиси, тўққиз нафар йигитнинг ҳаммаси тоғни урса талқон қиладиган ёшда бўлиб, икки нафари муқаддам судланган бўлишига қарамай тўғри хулоса чиқармаганлардан бўлиб чиқди. Панжара ортида ўтадиган эндиги  ҳаёти эса оилаларида вояга етаётган фарзандларининг дийдоридан бенасиб ҳолда ўтиши аниқ.

Одилжон Маннатов,

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман судининг раиси