Муҳтарам Президентимиз айтганларидек, юртимизнинг энг катта бойлиги бу — диёримизда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларидан иборат  халқимиз ва мустақиллигимизнинг энг катта ютуғи эса улар ўртасидаги тотувликдир.

Дарҳақиқат, бугун дунёнинг турли бурчакларида миллат ўртасида турли низолар содир бўлиб турган бир пайтда 130-дан ортиқ миллат яшаётган Ўзбекистонимиздаги миллатлараро  тотувлик билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бу юртимизда олиб борилаётган миллатлараро тотувликни, диний бағрикенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган  доно сиёсат туфайлидир.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ушбу йўналишда олиб борилаётган сиёсат, амалга оширилган ишлар  жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган.

Республикамиз сингари вилоятимиз ҳам кўп миллатлидир. Бугунги кунда Сирдарё заминида 70 дан ошиқ миллат вакиллари тотувликда, ўзаро ҳурматда ҳаёт кечиришмоқда, уларнинг тил, дин ва маданиятларига ҳурмат билан қаралади.

Вилоятимизда 5 та — рус, қозоқ, қирғиз, озарбайжон ва корейс маданият марказлари  фаолият юритаётганлиги юқоридаги сўзимизнинг яққол ифодасидир. Маданий марказлар қошида ташкил этилган бадиий жамоалар шу миллатларнинг миллий санъати, анъана ва удумларини ўзларида акс эттирган дастурларини турли байрам тадбирларида мунтазам намойиш этиб келадилар. Улардан, айниқса, қирғиз миллий маданий  маркази қошидаги «Жан-жанай», корейс миллий  маданий маркази қошидаги «Мурандон» халқ ансамбллари ва рус-славян миллий  маданий марказининг «Росток» болалар бадиий жамоасининг фаолияти таҳсинга лойиқ.

Яқинда вилоят маркази — Гулистон шаҳридаги Олим Хўжаев номли драма театри биносида «Обод турмуш шаклланишида миллий ва маънавий қадриятларнинг ўрни» мавзусида семинар бўлиб ўтди. Семинар ишини вилоят ҳокими ўринбосари Баҳром Бўронов олиб борди. Унда пойтахтдан келган бир гуруҳ меҳмонлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита вакили Дилшод Бобожонов, Республика байналминал маданият маркази раҳбари Насриддин Муҳаммадиев, Ўзбекистон республикаси «Тасвирий оина» ижодий уюшмаси раиси Исфандиёр Латипов, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси масъул ходими Муҳиба Маҳмудова, «Камолот» ЁИҲ  республика кенгаши раиси ўринбосари Сарвар Ашуровлар иштирок этдилар ва сўзга чиқдилар.

Сўзга чиққанларнинг барчаси юртимиз аҳолиси ичида мусулмонлар, православлар, католиклар, яҳудийлар, евангел-лютеранлар, корейс-протес-тантлар, арман апостол черкови аъзолари ва бошқа конфессиялар  аъзолари  бор экани, ҳамда уларнинг барчаси аҳил-иноқ яшашаётганлигини фахр билан гапирдилар. Уларнинг виждон эркинлигига доир ҳуқуқларидан фойдалнишлари учун қонун доирасида барча имкониятлар яратилган. Бугунги кунда вилоят ҳудудида 81 та диний ташкилот рўйхатга олингани, уларнинг 73 таси мусулмон масжидлари, қолган 8 таси ноисломий диний ташкилотлар эканлиги сўзга чиққанлар томонидан эътироф этилди. Юртимизда  давлат тизимининг барча  поғоналарида миллати  ва динидан қатъий назар,  билимли ва ўз билимини давлатимиз равнақи йўлида қўллаётган  инсонлар  фаолият юритаётганлиги бугунги кунда айрим давлатларда авж олаётган  айирмачилик ва миллатчилик каби иллатлар  ўзбек халқига ёт эканлигининг исботидир. Ҳар йили  бир неча бор «Ўзбекистон — умумий уйимиз» шиори остида бўлиб ўтадиган бундай тадбирлар миллатлараро тотувлигимизни янада кучайтиришга хизмат қилади.

Семинарнинг иккинчи қисми вилоятимизда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар  ансамбллари  бадиий чиқишларига бағишланди. Семинар қатнашчилари ушбу концерт дастуридан олам-олам завқ олишди.

 

Гузаля Русланова.