Бугунги кунда Ўзбекистонда 6500 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) жамият ҳаётининг барча жабҳаларида фаол иштирок этмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси»да фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланаётгани алоҳида қайд этилган. Нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатимизда салмоқли ишлар амалга оширилаяпти.

Ушбу ислоҳотларнинг давоми сифатида ННТ фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2013 йил 12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга биноан, 2014 йилнинг 1 январидан ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божининг миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробарига, уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимлар миқдори эса 2,5 баробарга камайтирилганлиги кўрсатилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган ННТнинг алоҳида бўлинмалари (ваколатхоналари ва филиаллари)ни, шу жумладан, юридик шахс ҳуқуқига эга бўлганларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга олиш учун ундириладиган давлат божи бекор қилинган.

Шунингдек, ногиронлар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар жамоат бирлашмалари учун давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни соддалаштирилган. Яъни янги қабул қилинган қарорга мувофиқ, ушбу ташкилотларнинг давлат рўйхатидан ўтиши учун давлат божининг миқдори 50 фоиз (энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробари) этиб белгиланди.

Бундан ташқари, адлия органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатларини ўрганиб чиқиш муддатларида ҳам енгиллик яратилди. Агар илгари амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ННТлар мурожаатлари икки ой муддат ичида кўриб чиқилган бўлса, мазкур қарор билан бир ой муддат қилиб белгиланди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, юридик шахслар олти ой мобайнида банк ҳисоб варақалари бўйича пул операцияларини ўтказиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган тақдирда уларни тугатиш учун асос бўлишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 53-моддаси қоидаси нодавлат нотижорат ташкилотларига жорий этилмаслиги қарорда ўз аксини топган.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилининг ҳаётга татбиқ қилиниши, «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси»да белгиланган мақсадли вазифаларнинг мантиқий давомидир.

 

Асқар МАНСУРОВ,

Янгиер шаҳар 2-сон ДНИ нотариуси.