Савол:    Нотариус стажировкасини ташкил этиш тартиби ҳақида маълумот берсангиз?

                                                                            О.Давронов, Гулистон шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Респуликаси Адлия вазирининг   2013 йил 14 октябрь куни “Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги буйруғига асосан  “ Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра   олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида бир йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси стажёр бўлиши мумкин.  Шунингдек, Низомга янги 11 (1) банди ҳам қўшилди. Унга кўра, стажёрликка қабул қилинадиган шахс нотариус, адвокат, терговчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими лавозимида ишлаган бўлса, унинг ушбу лавозимларда ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этмаганлигини аниқлаш мақсадида тегишли идоралардан маълумотлар олиниши белгиланди. Бундан ташқари, стажёрликка қабул қилинишда номзод билан ўтказиладиган суҳбат тартиби ҳам ўрнатилди.   Унга кўра фуқаро стажёрликка қабул қилинишидан олдин адлия бошқармасида суҳбатдан ўтади. Суҳбат адлия бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан ташкил этиладиган махсус комиссия томонидан ўтказилади. Махсус комиссия адлия бошқармасининг масъул ходимлари, шу жумладан тажрибали нотариуслар орасидан 5 кишидан иборат таркибда тузилади. Махсус комиссияга адлия бошқармаси бошлиғи раҳбарлик қилади. Суҳбатда фуқаронинг юриспруденция соҳасидаги умумий билим даражаси ҳамда унинг стажёр бўлишга лаёқати мавжудлиги аниқланади. Суҳбат натижаси бўйича хулоса тузилади ва махсус комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланади. Стажёрликка қабул қилишда фуқаронинг нотариат соҳасидаги тажрибаси устувор аҳамиятга эга бўлади. Стажировка даврида стажёр нотариал ҳаракатларнинг асосий турлари бўйича ҳар олти ой якунида реферат тайёрлайди.  

                                          Мирзоулуғбек Шукуров,

                                          Ширин ш. ДНИ нотариуси

Савол: Эр-хотин биргаликдаги никоҳи давомида орттирилган квартира хотиннинг номида бўлиб, эри рўйхатда турмаган, кейинчалик эр чет элга ишлашга кетиб қолган, шу сабабли хотин унинг розилигисиз квартирани тасарруф қилиш мумкинми?

З.  Ҳикматова,

Янгиер шаҳри.

 

Жавоб: Агар мулк эр-хотиннинг биргаликдаги никоҳи давомида орттирилган бўлса, ЎзР Оила кодексининг 23-модддасига асосан эрнинг квартирада рўйхатда турган ёки турмаганлигидан қатъий назар квартирани тасарруф қилиш учун эрнинг нотариал тасдиқланган розилиги талаб қилинади. Агар эр чет элда бўлса, эрнинг кўчмас мулкни сотишга, ҳадя қилишга оид розилиги Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихонаси ёки ўша давлатдаги нотариал идора орқали тасдиқланган бўлиши лозим.

 А. Мансуров,   

Янгиер  шаҳар 2— сон давлат нотариал идораси нотариуси  

Савол: Ёлғиз онадан туғилган боланинг туғилишини қайд этиш учун қаерга мурожаат қилиш ва қандай ҳужжатларни тақдим этиш лозим бўлади?

 

Қундузой  Ғаффорова,  Ховос тумани

 

 Жавоб: Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2013 йил 31 декабрдаги буйруғи билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқномага асосан ёлғиз онадан туғилган боланинг туғилишни қайд этиш учун ёлғиз (қонуний никоҳда бўлмаган) она томонидан ФҲДЁ органига онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва ёзма ариза тақдим этилади.

 Агар туғилган боланинг онаси вояга етмаган бўлса, туғилишни қайд этиш боланинг туғилганлиги ҳақида тиббий маълумотнома ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг аризасига асосан онанинг яшаш жойидаги ФҲДЁ органи томонидан қайд этилади. Бунда болани туққан онанинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, шунингдек яшаш ва ўқиш жойидан расми елимланган ҳолдаги маълумотномалар тақдим этилиши лозим.

                                                   Севара Абдуқодирова

                                                    Ховос тумани 2-сон  ФҲДЁ органи мудираси

Савол: Халқ депутатлари вилоят,туман, шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказишнинг асосий принциплари қандай?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонуни 1-моддасига асосан Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўп партиялилик асосида беш йил муддатга ўтказилади.

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланадилар.

Савол:  Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари қачон тузилади?

Жавоб:Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан сайловга камида саксон кун қолганида комиссиянинг раиси ва олти — ўн тўрт нафар бошқа аъзосидан иборат таркибда тузилади ҳамда ўз ваколатларини тегишли халқ депутатлари Кенгашларига сайлов юзасидан навбатдаги сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингунга қадар амалга оширади.

Савол:  Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов юзасидан сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилиш тартиби қандай?

Жавоб:Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов юзасидан сайлов кампанияси бошланганлиги депутатларнинг ваколат муддати тугашидан камида уч ой олдин Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

 

Саволларга Гулистон шаҳар ФҲДЁ органи мудираси Рухсора Ўролова жавоб берди.