Савол: васийлик ва ҳомийлик тайинлаш тартиби ҳақида маълумот берсангиз?

Жавоб: Васийлик ва ҳомийлик ота-онанинг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни таъминлаш, уларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш, шунингдек, уларнинг шахсий  ва мулкий ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоялаш мақсадида белгиланади.

Васийлик 14 ёшга бўлмаган болаларга ва суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга, ҳомийлик эса 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганларга ва суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларга нисбатан белгиланади.

Соғлиғининг ёмонлиги сабабли мустақил  равишда ўз ҳуқуқларини  амалга ошира олмайдиган ва мажбуриятларини бажара олмайдиган вояга етмаган муомалага лаёқатли шахсларга нисбатан ҳомийлик бу шахснинг илтимосига кўра белгиланади.

Васийлик ва ҳомийлик васий ёки ҳомий бўлишни ҳоҳловчи шахсларнинг аризасига биноан туман ёки шаҳар ҳокимнинг қарори билан белгиланади.

Васийлик ва ҳомийлик васий ва ҳомий  тайинланишга  муҳтож бўлган  шахс яшаётган жойда, агар шахснинг муайян яшаш жойи бўлмаса, васий ёки ҳомий яшаётган жойда белгиланади. Васийлик ва ҳомийликдаги шахсларнинг мол-мулкини бошқариш мол-мулк   жойлашган ерда белгиланади.

Васийлар ўз қарамоғидаги шахсларнинг қонуний вакиллари ҳисобланиб улар номидан ҳамда уларнинг манфаатларини кўзлаб зарур битимларни тузадилар.

ҳомийлар ўз қарамоғидаги шахсларга ўз ҳуқуқларни амалга оширишда ва мажбуриятларини бажаришда кўмаклашадилар.

Васийлар ва ҳомийлар васийлик ва хомийликдаги шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини барча муассасаларда, шу жумладан судда ҳам алоҳида ишончномасиз ҳимоя қилади.

Васий ва ҳомий ҳуқуқларининг амалга оширилиши  ҳамда мажбуриятларининг бажарилишини васийлик ва ҳомийлик органлари назорат қиладилар.

Эътибор ҲАЛИМОВА,

саволга Гулистон шаҳар ФҲДЁ бўлими инспектори жавоб берди.