Тинч ва фаровон юртга байрамлар ярашади. Янги йилни юқори кайфият ва катта тантана билан кутиб олган халқимиз шу кунларда яна бир айём – Ўзбекистон қуролли кучларининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунини нишонлаш тараддудида.

Ватан ҳимояси, тараққиёти борасидаги  азму  шижоат  халқимиз  қонига сингган.  Буюк аждодлар кўрсатган мислсиз қаҳрамонликлар авлодлар қалбида ҳамон яшаб келаётир.

Тинчлик энг қутлуғ неъматлардан биридир. Тинчлик қачон бўлади? Қачонки, мамлакатнинг қудратли армияси, жасур ўғлонлари бўлса. Шу маънода ҳарбийларимизни ҳар қанча эъзозласак арзийди.

Мазкур байрам муносабати билан барча ҳудудларда кўплаб маданий  — маърифий тадбирлар ташкил этилаётгани замирида ҳам шу мақсад  мужассам.

Сирдарё вилояти Ховос туманидаги  2 — умумтаълим мактабида ташкил этилган  “Мардлик ва жасорат ” дарси улардан бири бўлди.

Унда мактаб ўқувчи ва ўқитувчилари жам бўлишди.  Айниқса, учрашув  меҳмонлари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдухолиқ Абдураззоқов,  адабиётшунос олим, профессор Қозобой Йўлдошев ҳамда шоирлар Абдунаби Бойқўзи, Жаҳонгир Шарофбоевларнинг иштироки йиғилганларда ёрқин таассурот қолдирди.

Мактаб вилоятнинг энг чекка ҳудудида жойлашган.  Айни пайтда мўжаз бағрида 340 нафар ўқувчи таълим, тарбия топмоқда.  Эътиборлиси, мактаб директори Улуғбек Сариевнинг ҳарбий махсус унвони подполковник бўлиб, у  20 йил давомида ҳарбий тизим офицерлик таркибида хизматни ўтаган. Бугунги кунда кўксидаги “Жасорат” медали ва бошқа кўкрак нишонларини кўрган ўқувчи болаларда ҳарбий бўлиб,  ватан сарҳадларини қўриқлаш нияти пайдо бўлган.

Таълим даргоҳида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўқувчилар ўртасида диктант, иншо ҳамда деворий газеталар танлови ташкил этилиб, дастлаб  ташриф буюрган меҳмонларга ижодий ишлар кўргазмаси намойиш этилди. Мусиқа тўгараги аъзолари  ҳарбий ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар куйлаб, ёд айтган шеърларида юрт ўғлонларини мадҳ этишди.

—  Муқаддас нарсаларни доимо асраш керак. Ватан ҳам, унинг сарҳадлари ҳам муқаддас ва у доим асраб, қўриқланиши керак, — деди адабиётшунос олим Қ.Йўлдошев.

Учрашув жараёнида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдухолиқ Абдураззоқов мактаб ўқувчилари билан суҳбат қурар экан,  Ватанпарварлик аслида унинг бор — йўғини севиш, ўзининг меҳнати билан ватан номини танитиш эканлигига урғу берди.

— Шу боис  ҳам, кучли илм эгалланг, ҳунарни севинг. Вақтида тўғри тарбия олиб, билимли бўлиш сизнинг ватан олдидаги бурчингиз ҳисобланади- деди учрашув меҳмони.

Тадбир доирасида мактаб кутубхонасига  шеърий тўпламлар байрам совғаси сифатида  тақдим этилди.

Ҳар сатридан ватанга муҳаббат йўғрилган, ишқ, мардлик ва ёшлик ҳақидаги  шеърлар тадбир иштирокчиларида катта  таассурот қолдирди:

 

Тиргак бўлиб қўллагувчи ватан азиз.

Нурли йўлга йўллагувчи ватан азиз.

Борми ундан мўътабарроқ, эзгу, лазиз.

Шу ватаннинг хизматида дастёр бўлинг…

 

Мактаб жамоаси ижодий учрашув, байрам қутловлари учун миннатдорлик билдирди.

— Ижодкорлар билан бўлган ушбу учрашув ҳамкасбларимиз, ўқувчиларимизнинг бир умрга ёдида қоладиган бўлди,- дейди мактаб маънавий ишлар бўйича директор ўринбосари Тўрақул Мавлонов. — Вилоятимиз фахри бўлган ёзувчи, шоирлар, айниқса, адабиёт дарсликларимиз муаллифи Қозоқбой Йўлдошевнинг мактабимизга ташриф буюрганидан жуда миннатдормиз. Шундай маърифий мулоқотлар кўпайишини истаб қоламиз.

Маънавият, мардлик уйғунлашган самимий учрашув барчада илиқ таассурот уйғотди.

 

 

Озода МАМАДАЛИЕВА