Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма мажлисида Юртбошимиз ўз маърузаларида энг муҳим устувор йўналишлар тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтдилар. Айниқса, депутатларнинг маънавий қиёфаси билим ва салоҳияти умуман, замон талаби асосидаги профессионаллик даражасини ошириб боришнинг зарурати ҳақида алоҳида таъкидлагандилар. Чунки, бугун жаҳон харитасида ўз ўрнига эга бўлган мустақил юртимизнинг демократик ривожланиш сари қўяётган ҳар бир қадами  халқаро ҳамжамият  назари остида турибди.

Шу боисдан ҳам, гуллаб-яшнаётган давлатимиз парламентида фаолият кўрсатаётган депутатлар билими ва салоҳияти шу даврга мос бўлиши, хорижий ҳуқуқий амалиёт билан ҳар томонлама чуқур таҳлили қилиш асосида уларни муҳокама этиш лаёқатига эга бўлиши, қонунларнинг боқийлигини таъминлай оладиган, эркин фикрга эга, фуқаролар учун намуна бўладиган, етти ўлчаб бир кесадиган шахс бўлиши керак  ва  Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловларда юқоридаги хислатларни ўзларида мужассам этган номзодлар сайландилар.

Юртбошимизнинг таъкидлашича, демократик давлатларнинг қонун ижодкорлиги тажрибасини ўрганишга, шунингдек, тайёрланаётган қонун лойиҳаларини ривожланган хорижий мамлакатларда қабул килинган шундай қонунлар лойиҳалари билан қиёсий таҳлил қилишга бағишланган  турли конференция, веб-семинарлар, давра суҳбатларини ўтказиш муайян қонун лойиҳасининг, умуман, қонунчилигимизни бойитиш учун янги материалга эга бўлиш имконини беради. Айнан шу сабабдан бундай тадбирлар биз учун қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришда самарали восита бўлиши даркор.

Зеро,   парламентимизда ва маҳаллий вакиллик органларида фракциялар ёки айрим депутатлар ўртасида доимо фикрлар қарама-қаршилиги, мунозаралар бўлиши керак, айнан шу ерда сиёсий партияларнинг дастурий мақсадлари, манфаатлари ифода этилиб, депутатлар ўз фикрларини илгари сурадиган кучли баҳс ва рақобат бўлиши муҳим аҳамиятга эга.

Айнан, баҳс-мунозаралар, ғоя ва дастурлар, муқобил қонун лойиҳалари ўртасидаги рақобат энг муҳим, принципиал ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муаммолар бўйича ҳақиқий профессионал асосда амалга оширилиши  депутатларнинг назарий қарашларини бойитади, кенгайтиради ва лойиҳаларни етилтиради.

Юртбошимиз, шунингдек, ўз маърузаларида қонунлар лойиҳалари, айниқса, аҳолининг ҳаётий муҳим манфаатларини  кўзда тутилган, ижтимоий ҳуқуқларига бевосита дахлдор бўлган қонунчилик муҳокамасига  нафақат сиёсий фракциялар ҳамда депутатлар фаол  иштирок этишлари, балки кенг жамоатчиликни, фуқаролик институтлари вакилларини ҳам жалб этиш зарурлигига алоҳида эътибор берганлари ҳам бежиз эмас.

Чунки  бу аҳолининг парламент фаолиятидан бохабарлигини оширади, шунинг баробарида фаол қисмининг қонунчилик муҳокамасида  иштирокини таъминлайди.

 

Дилфуза Ўролова,

ЎР Олий Мажлис Қонунчилик палатаси      депутати