Сирдарё туманидаги “Пенг-Шенг” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасига қарашли ер участкасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 27 декабр куни имзоланган “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чсора-тадбирлар тўғрисида”ги 4087-сонли қарори ижроси юзасидан семинар ташкиллаштирилди.
Кейинги йилда Ўрта Осиё минтақасида қаторасига қиш қуруқ, ёғингарчиликларсиз келган йиллар кузатилди. Айниқса, 2018-2019 йил қишида мамлакатимизнинг чўл зоналарига йиллик ёғингарчилик миқдорининг атиги 10 фоизи тушди , холос. Бу эса, қишлоқ хўжалигига мослашган ҳудудларда фермерлар ва мутасадди раҳбарлар олдига сувни тежаб-тергаб, исроф қилмасдан ишлатиш талабини қўяди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан вилоят Фермерлар Кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган семинар учун айнан тумандаги “Пенг-Шенг” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасига қарашли ер участкаси бежизга танланмади. Юқорида тилга олинган Президент қарорида ҳам ушбу корхона томонидан 200 гектардан ортиқ майдонда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга оширилганлиги ҳамда бу усул ушбу майдонларда сувни икки баробар тежаш билан бирга, ҳар гектардан 40-45 центнергача, республика бўйича ўртача ҳосилдорликдан 1,5-1,7 марта юқори кўрсаткичга эришиш имконини берганлиги алоҳида тилга олинган.
Ҳудуд фермерлари иштирок этган семинарда туман адлия бўлими бошлиғи Турғунбой Худойбердиев Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 27 декабр куни имзоланган “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чсора-тадбирлар тўғрисида”ги 40-87-сонли қарори мазмун-моҳиятини батафсил, халқчил тилда тушунтириб берди. Шу билан бирга ушбу қарор асосида фермерларга ажратилаётган имтиёзлар ва имкониятлар ҳақида маълумот берди.

— Дарҳақиқат, томчилатиб суғориш технологияси сирдарёлик фермер учун ҳар томонлама фойда келтиради. Унга мувофиқ, нафақат ҳар гектарига 8 миллион сўмлик субсидия, балки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан пахта хомашёси ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш тизимларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасидан бир гектарга 20 миллион сўмдан ошмайдиган қисмининг10 фоизли пункти миқдорида қопланиши белгилаб берилган. Шу билан биргаликда бюджет маблағларини олувчилар билан тузиладиган импорт шартномаларини экспертизадан ўтказиш ва рўйхатга олиш талаби пахта хомашёси ишлаб чиқарувчилари томонидан томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича ишлар доирасида тузиладиган импорт шартномаларига татбиқ этилмайди. Пахта хомашёсининг маҳаллий ишлаб чиқарувчилари, шунингдек, томчилатиб суғориш тизими ишлаб чиқарувчилари томонидан олиб кириладиган, томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ва хомашё 2021 йилнинг 1 январига қадар 1-иловадаги рўйхатга мувофиқ божхона божини тўлашдан озод этилади, — дейди Сирдарё туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Даврон Исоқов. –Семинардан мақсад ҳам фермерларимизга ана шу имкониятлар ва имтиёзлар ҳақида маълумотларни етказиш, уларнинг ҳуқуқий онги вап маданиятини оширишдан иборат.

— Туман адлия бўлими ходимлари Президент қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтириб беришди. Ҳақиқатан ҳам, сув –бебаҳо бойлик, унинг чек-чегараси мавжуд. Уни авайлаб ишлатиш ва томчилатиб суғориш орқали юқори ҳосил олишимиз мумкин. 2019 қишлоқ хўжалик йилида фермер хўжалиги далаларига шундай замонавий технологиялар ўрнатишни мақсад қилдик, -дейди тумандаги Малик СИУ ҳудудида жойлашган “Тинибек бобо” фермер хўжалиги раҳбари Омонгелди Тинибеков.