Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани мактаб ўқувчилари қишки татилини мароқли ўтказишлари мақсадида туман марказида янгидан фаолиятини бошлаган “Сайхун” замонавий истироҳат боғида болажонлар учун ранг-баранг тадбирлар ташкил этилмоқда.

Ушбу кўнгил очар тадбирлар туман ҳокимлиги, халқ таълими ва маданият бўлимлари ҳамкорлигида ташкиллаштирилмоқда. Истироҳат боғи ўртасига ўрнатилган арча атрофида ҳар куни тумандаги умумтаълим мактаблари ўқучилари навбатма-навбат Қорбобо, Қорқиз ва турли халқлар эртаклари қаҳрамонлари билан биргаликда бадиий-мусиқий тадбирда бажонидил иштирок этиб, кўнгил очар атракционларда мазза қилиб ўйнаб, ҳордиқ чиқаришмоқда.

– Шодлик маҳалласидаги ушбу “Сайхун” истирохат боғи ҳамда “Сайхун Планет” савдо маркази Президентимизнинг ўтган 2018 йилнинг 13 апрелида вилоятга ташрифи чоғида билдирилган таклифига кўра барпо этилди, – дейди туман ҳокими Ботир Мирзақулов. – Давлатимиз раҳбарининг топшириқларига асосан республика “Асакабанк” ташаббускор тадбиркорларни жалб қилган ҳолда туманимиз марказида барча қулайликларга эга савдо комплекси ва истироҳат боғи барпо этиш, шу орқали аҳолининг сифатли савдо хизматларидан фойдаланиши ҳамда бўш вақтларида маданий ҳордиқ чиқаришларини ташкил этиш топшириғи берилганди.

Ана шу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида ушбу марказ “Бегзод Шер қурилиш сервис” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан барпо этилиб, ҳозирча 21 миллиард 300 миллион сўм сарф-харажат қилинди. Икки марказнинг фойдаланишга топширилиши натижасида 190 дан зиёд янги иш ўрни яратилди. Савдо марказининг иккинчи қавати ҳам фойдаланишга топширилгач, яна қўшимча иш ўринлари яратилади.

А.ҚАЮМОВ