Савол: Турмуш қурганимга беш йил бўлди. Яқинда турмуш ўртоғим билан ажримга ариза бердик. Лекин  икки нафар вояга етмаган фарзандимиз борлиги сабабли фуқаролик суди томонидан бизга муҳлат берилди. Лекин оиламизни сақлаб қолишни сира иложи йўқ. Шунда танишларим ажримга қадар турмуш ўртоғимдан алимент ундришим мумкинлигини айтиб қолди. Лекин алимент ҳақида ҳеч қандай тушунчам йўқ. Алимент қандай ундирилади? Икки нафар фарзандимга қанча миқдорда алимент пули оламан?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 96-моддасида ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбурияти белгилаб берилган. Бунга асосан вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

Шунингдек, Кодекснинг 97-моддасида болаларга таъминот беришда ота-она мажбуриятларининг тенглиги ҳам кўрсатиб ўтилган бўлиб, вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир.  Кодекснинг 98-моддага асосан  ота-онанинг вояга етмаган болаларига алимент тўлаш тартиби белгиланган. Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.

Мазкур Кодекснинг 99-моддасида эса ота-онанинг вояга етмаган болаларига тўлайдиган алимент миқдори ҳам кўрсатиб ўтилган бўлиб, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган энг кам иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаслиги керак.

 

Саволларга фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг судьяси Шаҳноза Муҳамматқулова жавоб берди.