Дарҳақиқат, амалга оширилган ўзгаришлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, апелляция инстанциясида ишларни кўриб чиқилиши биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хатоларни ўз вақтида тузатиш, суд фаолиятида сансалорликка йўл қўймасликнинг муҳим кафолатига айланди.

Апелляция тартибида иш кўришнинг асосий мазмуни биринчи инстанция судининг қарорларини қонунда белгиланган асос ва муддатларга мувофиқ, ваколатли органлар томонидан апелляция тартибида қайта кўрилишида намоён бўлади.

Апелляция институтининг аҳамияти шундаки, бунда биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган суд қарорларини қайта текшириш имконияти яратилади. Бу босқич орқали суд қарорларининг қонуний, асосли ва адолатли эканлиги текширилади. Бу эса биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорлари ва ажримларини апелляция инстанцияси судида қайта кўришда тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати бўлиб, биринчи инстанция судларининг хатолари ва қонун бузилишларини тезкорлик билан бартараф этишга имкон беради.

Ишларни апелляция тартибида кўрувчи суднинг ваколатлари чегарасини аниқлаш эҳтиёжи судьяларнинг мустақиллиги ва биринчи инстанция суди томонидан одил судловни амалга ошириш жараёнида қонунга бўйсуниш ҳамда биринчи инстанция томонидан йўл қўйилган хатони тўғрилаш имконияти борлиги билан изоҳланади. Апелляция инстанцияси суди қонунда белгиланган ваколатлар доирасида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорларини шикоят (протест) бўйича қайта кўриб чиқиш  янги босқич ҳисобланади. Ушбу қоидага асосан, апелляция инстанцияси суди агар биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, ажримини қонуний, асосли, адолатли деб топган такдирда, уни ўзгаришсиз қолдиришга, берилган шикоят ёки келтирилган протестни қаноатлантирмасликка ҳақли.

Юқори турувчи суд учун ҳал қилув қарорининг қонунийлигини текширишда «чеклов» вазифасини ўтамаслиги лозим. Апелляция инстанцияси суднинг иш бўйича далилларни баҳолаш ва бошқа масалаларни ҳал қилишга доир ҳуқуқларнинг чегараси билан белгиланади. Ушбу ҳуқуқлар етарли даражада кенг бўлиши керак. Бунда суд томонидан йўл қўйилган ҳар қандай хатоликни тузатиш юқори турувчи суд ваколатини чегаралаш билан бир қаторда, биринчи инстанция судларининг тегишли масалаларни ҳал қилишда мустақиллигига путур етказмаслиги лозим.

Биринчи инстанция судининг чиқарилган ҳал қилув қарорлари устидан апелляция судига берилган шикоят(протест)лар ишда иштирок этувчи шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига қанчалик салбий таъсир кўрсатилишини олдини олиш мақсадида берилаётганлигини судьялар таҳлил қилиб бериши лозим.

Мадомики, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 276-моддаси биринчи ва иккинчи қисмиларга кўра, суд ишни апелляция инстанциясида кўриш чоғида биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг қонунийлигини ва асослилигини текширади. Суд янги далилларни текшириши ва янги фактларни аниқлаши мумкин. Апелляция инстанциясининг суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ҳажмда текшириши шартлиги белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, қонунчилигимизда апелляция институтини жорий этилиши тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг  ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш усулларининг  такомиллашишига олиб келди.

Биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори, ажрими устидан фақат апелляция шикоятини(протестни) бериш мумкинлиги процессуал қонунчилигимизнинг ўзига хос хусусиятларга эга эканлигидан ва бу борадаги қонун нормалари такомиллашув жараёнида эканлигидан далолат беради.

Беҳзод Махмудов,

Гулистон туманлараро  иқтисодий суди раиси.