Сирдарё вилоятидаги Болалар мусиқа ва санъат мактабларида Ўзбекистон Республикаси Бош Қомуси – мамлакат Конституциясининг 26 йиллигига бағишланган   байрам концертлари намойиш этилди.

Гулистон шаҳридаги 1-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби тарбияланувчилари томонидан намойиш этилган концертга ўқувчиларнинг ота-оналари, меҳнат фахрийлари, кам таъминланган ва ногиронлиги бор оилаларнинг фарзандлари таклиф этилди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб, мактабнинг рассомчилик, чеварлик, тикувчилик йўналишларида таҳсил олаётган ўқувчилар томонидан тайёрланган асарлар кўргазмасини катта қизиқиш билан томоша қилдилар.

– Вилоятимиздаги мавжуд барча 15 та Болалар мусиқа ва санъат мактабларида мамлакатимиз Конституцияси байрамига бағишлаб шу муассасада таҳсил олаётган ўқувчилар ижросида концерт дастурлари ташкил этдик, – дейди Сирдарё вилоят маданият ишлари бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Асатилло Холиқов. – Айни чоғда, ушбу мактабларимизда 3 минг 991 нафар мусиқа ва санъатга иқтидори бор болалар таҳсил олаяпти. Ҳаваскор санъаткорларга мусиқа ва санъатнинг 13 йўналиш бўйича 544 нафар педагог ходимларимиз сабоқ бермоқда.

Вилоятдаги барча болалар мусиқа ва санъат мактабларида намойиш этилган кўргазма ва концерт дастурлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Жалол Ражаб.