Гулистон шаҳридаги Болалар шаҳарчаси тарбияланувчиси Зуҳра Хўжақулова спортнинг армрестлинг тури бўйича ёшлар ўртасида жахоннинг эксчемпиони унвонини қўлга киритди.
Зуҳра Хўжақулова 2002 йил 13 июлда Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида таваллуд топган. Тақдир тақозоси билан 2016 йилнинг апрель ойидан буён у Гулистон шаҳридаги Болалар шаҳарчасида тарбияланмоқда.
Жорий йилнинг октябрь ойида Туркиянинг Анталия шаҳрида ёшлар ўртасида ўтказилган спортнинг армрестлинг тури бўйича 40-жаҳон чемпионатида 65 килограмм вазн тоифасида фахрли 2-ўринни эгаллаб, жаҳоннинг эксчемпиони унвонини қўлга киритди ва кумуш медал билан тақдирланди.
Мактаб остонасига қадам қўйган илк йилларидан спортга қизиққан Зуҳра Болалар шаҳарчасида фаолият юритаётган бир қатор спорт тўгаракларида шуғулланаётган тенгқурларини машқларини кузатди. Армрестлинг тўгараги аъзолари машғулотини бир четда кузатиб турган бир пайтида, Зуҳрани шу тўгарак раҳбари, олий тоифали мураббий Дилором Раҳимова: “Кел, сен ҳам кучингни бир синаб кўр!” дея махсус машқ столига чорлади.
– Зуҳра армрестлингга иқтидори борлигини, илк бор уни машқ столига таклиф қилганимдаёқ исботлаганди, – дейди унинг мураббийи Дилором Раҳимова. – Ёдимда, ўшанда 2016 йилнинг сентябрь ойи эди. Шундан буён у мураббийлигимда спортнинг армрестлинг тури билан мунтазам шуғулланиб келади. У ҳар икки қўлида ҳам бирдек яхши беллаша олади. Бу эса армрестлингда спортчини жуда муҳим жиҳати ҳисобланади.
Зуҳра жуда интилувчан, ўз устида ишлашдан чарчамайдиган, машғулот ва беллашувларга чанқоқ спортчи. Буларнинг барчаси спортчи учун жуда муҳим жиҳатлардир.
Зуҳра Хўжақулова ўтган 2 йилдан зиёдроқ вақт мобайнида 3 карра вилоят чемпиони, Ўзбекитстон кубоги сохиби, икки бор мамлакат чемпионати, бир бор Осиё кубоги совриндори бўлди.
У биринчи бор иштирок этган расмий мусобақа, Гулистон шаҳрида 2017 йилнинг январь ойида “Ватан ҳимоячилари куни”га бағишлаб ёшлар ўртасида ўтган вилоят чемпионати беллашуви эди. Ўшанда Зуҳра ўнг ва чап қўлида ҳам барча рақибаларидан устун келиб 1-ўринни эгаллаганди.
– Бугун мамлакатимизда биз ёшларга, айниқса спортчи ёшларга Президентимиз жуда катта эътибор билан қараб, алоҳида ғамхўрлик кўрсатаяптилар, – дейди Зуҳра Хўжақулова. –. Биз ҳам бунга жавобан, жаҳон спорт ареналарида ғолибона иштирок этиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоғимиз лозим.
Анталия жуда гўзал шаҳар экан. У ерда бизни жуда яхши кутиб олишди. Бошқа давлатлардан мусобақага борган тенгқурларимиз, менинг назаримда, бизга катта ҳурмат ва ҳавас билан қарашганини ҳис қилдим. Ўшанда, Ўзбекистонда туғилганимдан, ўзбек қизи эканимдан чин дилдан фахирландим.
– Зуҳрага Анталиядаги жаҳон чемпионатида озроқ тажриба етишмади, – дейди унинг мураббийи Дилором Раҳимова. – У ҳали ёш. Ўз устида ишлашдан толмаса, шу каби нуфузли мусобақаларда мунтазам иштирок этиб борса, келажакда Ўзбекистонимиз байроғини қитъа, жаҳон спорт ареналарида баланд ҳилпиратишига ва унинг ғалабаси шарафига давлатимиз мадҳияси қайта-қайта янграшига ишончим комил.
Зуҳранинг Анталиядаги Жаҳон чемпионатидан қайтишини Болалар шаҳарчаси аҳил жамоаси зўр тантана билан кутиб олишди. Унинг Туркиядаги зафарли юриши шарафига байрам дастурхони ташкил этилиб, Болалар шаҳарчаси оркестри ҳамда бадиий ҳаваскорлик болалар ансамбли концерт дастури намойиш этди.
Зуҳра куни кеча Зулфия Давлат мукофоти учун ўтказилган танловнинг вилоят босқичида иштирок этди.
Жалол Ражаб.
Comments are closed